Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев интенсив саноат типидаги боғдорчиликни ривожлантириш ва ҳудудларда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 572 минг гектардан ортиқ боғ ва токзорлар мавжуд бўлиб, улар орқали қарийб 1 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Шунингдек, мазкур тармоқ юз минглаб оилалар учун даромад манбаи ҳисобланади.
Давлат раҳбари ер ва сув ресурслари чекланган шароитда соҳани ривожлантириш янги майдонларни кенгайтириш эмас, балки ҳар бир гектардан олинадиган ҳосилдорлик ва даромадни ошириш орқали таъминланиши лозимлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2030 йилга қадар Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу борада интенсив боғдорчиликни ривожлантириш муҳим омиллардан бири сифатида белгиланган.
Йиғилишда мамлакатдаги 61 минг гектар эскирган ва 18 минг гектар камҳосил боғларни янгилаш зарурлиги қайд этилди. Айрим ҳудудларда бундай майдонлардаги ҳосилдорлик жуда паст бўлиб, олинаётган даромад минимал харажатларни ҳам қопламаётгани таъкидланди.
Муваффақиятли тажриба сифатида Наманган вилоятининг Поп туманидаги 84 гектар майдонда ташкил этилган интенсив гилос боғи мисол қилиб келтирилди. Ушбу лойиҳа юқори ҳосилдорлик ва экспорт салоҳиятини намоён этган.
Соҳани ислоҳ қилиш мақсадида эски боғлар билан ишлашнинг янги тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги боғларнинг яроқлилик даражасини баҳолаш ҳамда уларни янгилаш ёки ер тоифасини ўзгартириш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади.
Шунингдек, сунъий йўлдош тасвирлари асосида боғларни мониторинг қилишнинг рақамли тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги назорат қилинади.
2026–2028 йилларда мамлакатда 168 минг гектар индустриаллашган боғ ва токзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳаларни амалга ошириш орқали тахминан 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши ва 258 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар, субсидиялар ҳамда исломий молиялаштириш механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Жумладан, банклар ҳар бир гектар янги боғ учун 120 миллион сўмгача кредит ажратиши мумкин бўлади. Қарз ўз вақтида қайтарилганда фоиз ставкасининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, Президент мева кўчатлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича нол ставка жорий этиш ҳамда сув тежовчи технологиялардан фойдаланувчи боғлар учун сув тўловларини камайтириш ҳақидаги таклифларни қўллаб-қувватлади.
Йиғилиш якунларига кўра, мутасадди идораларга самарасиз боғларни янгилашни жадаллаштириш, агрологистика ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек, ҳар бир ҳудудда экспортбоп замонавий навларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

