Беларусь пойтахтида “Соғлиққа бўлган ҳуқуқ: замонавий чақириқлар ва давлат масъулияти. МДҲ ҳудудида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба ва илғор амалиёт алмашинуви” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабаев иштирок этди.
Конференция қатнашчиларига МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко табрик йўллади.
Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон вакиллари, халқаро ташкилотлар, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси котибияти ҳамда Ҳамдўстлик Ижроия қўмитаси мутахассислари қатнашди.
МДҲда “Саломатлик йили” доирасида ташкил этилган анжуманда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибалар алмашинуви, омбудсманлар ўртасидаги ҳамкорлик ва соғлиқ ҳуқуқига оид ёшлар ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қатнашчиларнинг таъкидлашича, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ҳомийлигида ўтказилган мазкур тадбир интеграция жараёнларида инсон ҳуқуқлари масаласининг аҳамияти ортиб бораётганини намоён этди.
МДҲ Хартияси асосида ташкил этилган комиссия бугунги кунда Ҳамдўстлик давлатларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича муҳим маслаҳат платформаси ва очиқ мулоқот майдони сифатида фаолият юритмоқда.
2026 йилнинг МДҲда “Саломатлик йили” деб эълон қилиниши иштирокчи давлатларнинг тиббиёт ва ҳуқуқ соҳасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга интилаётганини кўрсатиши таъкидланди.
Шунингдек, миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларини такомиллаштириш ва тиббиёт соҳасида давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишда тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Анжуман иштирокчилари фикрича, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси омбудсманлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида самарали ҳамкорлик платформасига айланган.
Ушбу майдонда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашдан тортиб, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришгача бўлган долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда. Мутахассислар фикрича, бу каби масалаларни Ҳамдўстлик даражасида кўриб чиқиш миллий қонунчилик ва ҳуқуқий анъаналарни инобатга олган ҳолда умумий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.

