5.8 C
Узбекистан
Пятница, 15 ноября, 2024

Шавкат Мирзиёев: Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,040участниковПодписаться
- Advertisement -

Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Маросимга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳайкални очди. Давлат мадҳияси янгради. Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саркарданинг шахсияти, тарихда тутган ўрнини алоҳида эътироф этди.

– Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, шу йўлда азиз жонини қурбон қилган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жалолиддин 1198 йилда туғилган ва қисқа умри давомида тарихда унутилмас из қолдирган қаҳрамон шахсдир. У мўғуллар қўшини даҳшатидан ҳамма ўзини олиб қочган пайтда, атиги 21 ёшида қўрқмасдан майдонга чиққан. 11 йил давомида мўғул босқинчиларига қарши 300 дан ортиқ жангларда иштирок этиб, уларни титратган.

Ҳатто Чингизхондек буюк ҳукмдор ҳам унинг матонатини кўриб: “Бундай қаҳрамон фарзанди бор ота нақадар бахтлидир”, деб тан берган. Жасур шаҳзода тақдирнинг қалтис синовларини мардона енгиб ўтиб, 32 ёшда хоинлар қўлида ҳалок бўлган.

Султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки дунёдаги ўнлаб мамлакатларни ҳам босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилган. Унинг номи, ўлмас жасорати халқ орасида, турли миллат ва элатлар ўртасида афсонага айланган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу улуғ аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди.

Таваллуд саналари муносиб нишонланди.  Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. Унинг фаолиятига бағишланган илмий ва бадиий асарлар яратилди.

Жумладан, туркиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда “Мендирман, Жалолиддин!” номли кўп қисмли тарихий фильм суратга олинди. Улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилди.Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик мажмуаси шундай тарихий ишлардан биридир.

Бу ташаббусни Президентимиз 2018 йилда илгари сурган эди. Ҳайкалнинг жойи, кўриниши ва мазмуни тарихчи олимлар, санъатшунослар ва қурувчилар иштирокида чуқур муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари уни қурилиш мобайнида ҳам бир неча бор келиб кўрди.

Шу тариқа, бўйи 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Унда Жалолиддин Мангуберди тулпор жиловини маҳкам тутиб, эл-юрт ҳимоясига отланиб тургани тасвирланган. Султоннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган. Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди.

Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади. Бу ҳам буюк аждодимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс шуҳратидан далолат беради.Мажмуа ўрин олган қарийб 8 гектар майдонда, Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчаларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу майдон остидан ўтадиган автомобиль туннели барпо этилди. Ҳудудга 18 мингга яқин манзарали дарахтлар, гуллар ва буталар экилди.

Бу майдон Хоразмнинг кун сайин ўзгариб, чирой очиб бораётган қиёфасига яна бир кўрк бўлди. Хусусан, ўтган беш йилда вилоятда барча туман марказлари, 100 га яқин қишлоқ ва маҳаллалар обод қилинди. Сайёҳлар учун 80 та янги меҳмонхона қурилди.“Очиқ осмон остидаги музей” номини олган Хива шаҳрига темир йўл етиб борди ва янги вокзал ишга туширилди. 2024 йилда бу ерга “Афросиёб” тезюрар поездини олиб келиш режалаштирилган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Хива шаҳрининг 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилиниши бу саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи бўлди.

Буларни изчил давом эттирган ҳолда, маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун ҳар томонлама жозибадор “Хоразм” туристик брендини яратиш бўйича иш олиб борилмоқда. Жалолиддин Мангуберди мажмуаси тарихни ифода этиши, сўлимлиги ва қулайликлари билан туризмда ҳам алоҳида ўрин тутади. Президентимиз буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.Хусусан, шундай изланишлар туфайли Туркиянинг Силван шаҳрида улуғ аждодимизнинг қабри топилди. Давлатимиз раҳбари турк   қардошларимиз билан бирга у ерда рамзий мақбара бунёд этиш таклифини билдирди.Фидойи олим ва адибларнинг илмий-ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонлик тарихини тўлақонли ёритиб берадиган илмий энциклопедия яратиш муҳим вазифа экани қайд этилди.

– Чақмоқдек қисқа умри мобайнида ўзбек халқига хос бўлган Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятни намоён этиб яшаган Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди. Ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Маросимда хоразмлик нуроний ва зиёлилар, ҳарбий хизматчилар ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади. Миллий гвардиянинг Фахрий қоровул таркиби “Жалолиддин Мангуберди” марши садолари остида ҳайкал олдидан тантанали юриб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жалолиддин Мангуберди битиктошига гулчамбар қўйди.Маросим ватанпарварлик руҳидаги концерт дастури билан давом этди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тунги ёритилганлик даражаси, иқтисодий фаоллик ва яширин иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ҳамда Link Data компанияси мутахассислари томонидан ҳамкорликда Ўзбекистонда...

Больше похожих статей

×