2024-йил 17-октабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокида ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасининг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали биз қишлоқ аҳолисининг имкониятларини кенгайтириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда та’лим ва соғлиқни сақлаш каби муҳим эҳтиёжларини қондиришда катта ютуқларга эришдик. Бизнинг асосий мақсадимиз қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашдир”, — деди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии.
Жорий йилнинг 28-март куни мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини яхшилашга қаратилган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасиниамалга ошириш тўғрисида Президент қарори имзоланди.
“Ислом тараққиёт банкига Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишда стратегик ҳамкор бўлиш ишониб топширилганини юксак қадрлаймиз ва биз Ўзбекистон ҳукумати ва БМТТД билан ушбу ҳамкорликни муваффақиятли давом эттиришга умид қиламиз.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида биз Оролбўйи минтақасида маҳаллани ривожлантириш режаларини ишлаб чиқдик, энди эса қишлоқ инфратузилмасини қуришга ўтмоқдамиз. Шу натижалар билан лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлашимиз қувонарлидир”, — дейди Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Ислом тараққиёт банки минтақавий ваколатхонаси операцион гуруҳи раҳбари Вахю Вижаянто.
Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ИТБ иштирокида 2024-2028-йилларда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 туманидаги 157 та маҳаллани қамраб оладиган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичини ишга туширмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 293,5 миллион долларни ташкил этади.
Янги лойиҳа йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти тизимларини такомиллаштириш, болалар боғчалари, мактаблар ва қишлоқ поликлиникалари каби ижтимоий соҳа обектларини қуриш ва реконструксия қилишда ресурс тежамкор ва экологик тоза технологияларни қўллаш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга қаратилган.
Шунингдек, яшил ва энергия тежамкор ҳамда рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда архитекторлар, муҳандислар жамоалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг имкониятларини кенгайтириш ва салоҳиятини мустаҳкамлаш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа қурилиш ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўладиган маҳаллаларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш орқали жамоаларга ўз ривожланиш устуворликлари ва эҳтиёжларини аниқлаш имконини бериши кутилмоқда.
Очилиш тадбирида та’кидланганидек, лойиҳа инклюзив ва барқарор ўсиш орқали қишлоқлардаги қашшоқликни камайтиришга ёрдам беради.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида 622 мингдан зиёд қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг 2022-йилда бошланган ва бугунгача амал қилаётган биринчи босқичи ҳам худди шундай вазифаларни қўйган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг 20 та мақсадли туманларида 170 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ҳамда аҳолининг касбий малакасини ошириш мақсадида чекка қишлоқларда ҳам обʼектларни қуриш ва таʼмирлаш ишларини ўз ичига олган. Айни пайтда маҳаллий аҳолининг фаол иштирокида 2024-2025-йилларда қуриладиган ёки реконструксия қилинадиган 900 та кичик лойиҳа танлаб олинди.