Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни Туркия Республикасининг ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерликая ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 6-7 июнь кунлари Туркияга қилинган расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.