Самарқанд археология институти ходимлари томонидан Ургут тумани, Жўрабтепа маҳалласида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид бўлган ибодатхона ўрни топилди.
— Ушбу ибодатхона тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларнинг сақланиб қолган баландлиги 3 м. Хонага 5 та эшик орқали кириш мумкин. Хона тўрида тахт-супа, унинг тўрт томонида устун ўринлари жойлашган, дея хабар бермоқда Институт Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, хона деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган бўлиб, сақланиб қолинган тасвирлар орасида юзи овалсимон, қулоқ ва қўллари эса зебу-зийнатларга бой бўлган маъбуданинг тасвири мавжуд. Унинг бошида илк ўрта асрлар Сўғд санъатида кўп учрайдиган қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклда бўлган тож тасвири акс эттирилган.
Таъкидланишича, хонада аниқланаётган деворий сурат парчалари орасида бундай тож ва персонаж тасвирларининг турли парчалари аниқланмоқда, қайсинким мазкур ибодатхонанинг деворларида юқорида қайд этилган маъбуда тасвири ягона бўлмагани, балки бундай илоҳлар тасвирлари хонанинг барча деворларида тасвирланганидан далолат беради.
Бундан ташқари, ибодахона деворларида токчалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ҳамда оёқ қисмлари топилган. Археологларнинг қайд этишича ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият юритган, аммо 712 йилда Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги арабларнинг Самарқандга қилган юришлари натижасида ёқиб юборилган бўлиши мумкин.
Ҳозирда ушбу жойда археологик қазув тадқиқотлари, деворий суратларни сақлаш, улардан нусха кўчириш ва ечиб олиш жараёнлари давом этмоқда. Келгусида ёдгорликни япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда фанлараро усулларини қўллаган ҳолда тадқиқ этиш режалаштирилган.