18.6 C
Узбекистан
Вторник, 29 апреля, 2025

Матонат қиссаси ёхуд портлатилган қабртошдаги жафокаш сўзи

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,480участниковПодписаться
- Advertisement -

Нашр этилаётган материал ўзбек халқининг тарихида чуқур из қолдирган, қишлоқ хўжалиги соҳасининг йирик ташкилотчиси, тадбиркор ва жамоат арбоби бўлган Аҳмаджон Одилов хотирасига бағишланган.

Унинг туғилган кунининг 100 йиллиги муносабати билан нафақат унинг ҳаёт йўлини ёдга олиш, балки унинг мероси, адолатсизликка қарши кураши, тарихий ҳақиқат, фуқаролик жасорати ва ўз идеалларига садоқати борасида қайта мулоҳаза юритиш ҳам муҳимдир.

СИЁСИЙ ЭЪТИРОФ ВА ХОТИРА

2020 йил июнь. Бу кун оламдан ўтганига уч йил бўлган Аҳмаджон Одилов хотираси учун муҳим бурилиш кунига айланди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Наманган вилояти Поп туманига ташриф буюрди. Бу сафардан бир неча ой муқаддам Президент ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Поп агросаноат бирлашмаси раҳбари Аҳмаджон Одилов, Попнинг Пунган дашт ерларига сув чиқариб, минглаб гектар ер майдонида деҳқончик ташкил этганини ва бугунги кунда шу ерлар қаровсиз қолганини таъкидлаб, Наманган вилояти раҳбарларига даштни обод қилиш ҳақида топшириқ берганидан нафақат мен, балки вилоят аҳли ҳам хабардор эди. Ўша давр вилоят раҳбарининг  ташкилотчилик қобилиятини тан олиб айтиш мумкинки, шу қисқа вақт давомида қирқ йилдан буён сувсиз қақшаб ётган даштлик ерларга аввалда мавжуд бўлган, бироқ қаровсиз қолиб, хароб холга тушган ирригация тизимлари жонлантирилиб оби-ҳаёт келтирилди ва деҳқончилик қисқа вақтда ўз маҳсулини ҳам берди.

Президентимиз 2020 йил 26 июнь куни  Поп туманидаги давлат дастури асосида фаолият олиб бораётган “NurAN.uz” мева-сабзавотчиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятнинг Пунган даштидаги  ишларини бориб кўрди. Бу ерлар 1970–1983 йилларда Аҳмаджон Одилов томонидан ўзлаштирилган эди. Давлат раҳбари А.Одилов томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишларни эътироф этиб, ижобий баҳо берган.

Наманган вилояти меҳнат фаҳрийлари билан бевосита дала шароитида бўлган учрашувда иштирок этган,  Чуст тумани вакили Абдусаттор Ғафуров ўша воқеани  бундай хотирлайди: “Ш.М.Мирзиёев Поп туманининг даштли ерларида амалга оширилиши лозим бўлган кенг кўламли ишлар ҳақида ўзларининг тавсияларини бера туриб, ўз вақтида Аҳмаджон Одилов томонидан амалга оширилган ишларга тўхталиб, шу ерларга бундан қирқ йил муқаддам деҳқончиликни ташкил этиш мақсадида минглаб гектар янги ерлар очилиб, қувурларда ва лотокларда Сирдарё ва тоғ сойлари суви келтирилгани, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўмайгина ҳосил олингани ва уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқарилганини таъкидлаб, вилоят раҳбарларига бу ишларни жадаллаштиришни топширдилар. Аҳмаджон Одилов кўп яратувчанлик ишларни қилди, лекин СССР давлатига негадир сиғмай қолди”, деб айтдилар”.

Ғурумсаройлик шоир М.Маткаримовнинг хотирлашича, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг А.Одилов ҳақидаги, юқорида келтирилган фикрларини вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда иштирок этган, ўша кезда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Поп тумани “Нуроний” жамғармаси  жамоатчилик кенгаши раиси Дилшодахон Дадажонова (марҳума) ҳам ҳикоя қилиб «Аҳмаджон Одиловни қилган ишларини собиқ Иттифоқ даври кўтараолмади» дея баҳолаган эдилар.

Бундан аввалроқ, 2017 йил ноябрь ойида атоқли давлат ва жамоат арбоби,  Ўзбекистонга чорак аср раҳбарлик қилган Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги тадбирлари доирасида, Жиззах шаҳридаги музей очилишида иштирок этган Президент Ш.М.Мирзиёев экспозициялар билан танишаётиб, Шароф Рашидов ва Аҳмаджон Одиловнинг биргаликидаги тушган сурати олдида тўхтаб, отамиз шаънига ижобий сўзлар айтганидан ҳам хабарим бор.

           Мен билан бўлган суҳбатларнинг бирида, ғурумсаройлик меҳнат фахрийси, қадимда Ғурумсарой шифохонаси бош шифокори бўлиб ишлаган Шокиржон хожи Тоштемиров шундай деган эди: “Бизлар шу йилнинг 5 февраль куни Наманган вилояти “Нуроний” жамғармаси раҳбари И.Нажмиддинов қабулида бўлганимизда, у киши Аҳмаджон Одилов фаолиятига тўхталиб, Президент Ш.М.Мирзиёев Наманган вилоятига амалга оширган ташрифлари вақтида, Аҳмаджон Одиловнинг ўтган асрдаги бунёдкорлик ишларига  юқори баҳо берганларини айтиб ўтганди”.

          Президентимизнинг эътирофларидан келиб чиқувчи мантиқий хулоса: Наманган вилоятида ҳам Аҳмаджон Одиловнинг яратувчанлик фаолиятига, унинг тақдирига ҳеч бўлмаганда 100 йиллик юбилей арафасида баҳо бериш вақти келмадимикин…

Айни пайтда,  ўқувчилар эътиборини бундан ўттиз тўрт йил муқаддам, мустақиллигимиз ҳали қўлга киритилмаган даврга жалб қилмоқчиман. “Халқ сўзи” газетасининг 1991 йил 9 январдаги сонида Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатларининг чиқишлари баён қилинган эди. Чунончи, шунда Мандат комиссияси раиси Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари менинг диққатимни ўзига тортган эди: “Келажак бугундан бошланади. Ўтаётган ҳар бир кунимизнинг қандай бўлиши, қандай таассуротлар қолдириши бевосита қилаётган ишимизга, бу борада сарфлаётган куч-ғайратимизга боғлиқ. Шу нуқтаи  назардан қараганда эл ишига камарбаста бўлиб одамларнинг оғирини енгил қилишга эътибор кучайган айни бир пайтда халқ депутатининг ҳам жамият иқтисодий тараққиётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини ҳис этамиз. Халқ билан ҳамфикр, ҳамнафас иш юритсак, муаммоларни биргаликда ҳал этсак, оғиримиз енгил бўлади”.

Депутат  Ш.Мирзиёевнинг ўттиз тўрт йил муқаддам айтган  бу сўзлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугунги сўзлари ва амалга ошираётган ишлари билан ҳам ўзининг узвий ҳамоҳанглигини,  боғлиқлигини ва давомийлигини яққол кўрамиз. Зотан Ш.Мирзиёевнинг сиёсий қарашлари, иқтисодиётга бўлган позициялари ўша депутатлик чоғлардаёқ шаклланган бўлиб, бугунги кунда ҳам халқ билан ҳамнафасликда иш юритилмоқда. Бу сиёсатнинг тасдиғини ҳаммамиз охирги 8 йил давомида  бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз.

Президент Ш.Мирзиёев 2016 йили Ўзбекистон раҳбарлигига қандай шиддаткорлик билан киришган бўлса, унданда кам бўлмаган шижоат билан Янги Ўзбекистонни яратилиши архитектори ва III Ренессанс ташаббускори  ҳамда ташкилотчиси  бўлиб келмоқда.

 Юртбошимизнинг ушбу таърифлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, инсонпарварлик жиҳатидан  ҳам Аҳмаджон Одиловни оқлаш учун суд органларига етарлича асос бўлади-ку, нега оқлаш масаласи шу вақтгача пайсалга солиниб келяпти, каби сўзларни кўплаб ҳамюртларимиздан эшитиб тураман.

Тарихчи олим, профессор Қаҳрамон Ражабовнинг “Ўзбекистон ХХ асрда” икки жилддан иборат мамлакатимиз учун катта аҳамият касб этувчи фундаментал китоби Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти Илмий кенгашининг 2024 йил 11 январдаги баённомасига асосан, академик, сенатор Азамат Зиё масъул  мухаррирлигида “Фан” нашриёти давлат корхонасида нашр этилди.  Шу китобда совет давлатининг “мутлақо маҳфий” хужжатларидан бири ҳақида ҳам сўз юритилади. Бу СССР Давлат хавфсизлик комитети томонидан ишлаб чиқилган 45  банддан иборат кўрсатмаларни ўз ичига олган махсус Йўриқнома бўлиб, барча иттифоқдош республикаларга ҳамда социалистик мамлакатларга жўнатилган. Ушбу  Йўриқноманинг 41-банди менинг эътиборимни тортди. Унда шундай дейилган: “Сиёсат туфайли қамалиб кетган фуқароларни оқлашдан мумкин қадар қочиш керак” (“Ўзбекистон ХХ асрда” китоби. Иккинчи жилд. 104-бет.). Мен ўйланиб қолдим: наҳотки Ўзбекистоннинг бугунги хуқуқ мутасаддилари шу Йўриқноманинг мудҳиш кўрсатмаларини истиқлолимизнинг 34-йилида ҳам қўллаётган  бўлсалар? Адолат ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам қарор топиши керак. Бу адолат излаб юрган одамнинг изтиробли кечинмалари!

Аввалам бор таҳлил қилиб кўрайлик, Аҳмаджон Одилов қандай жиноят содир этганки, уни оқланиши масаласи қўйилиши керак?!

АФСОНАВИЙ  МИФЛАР

           Собиқ шўро даврида Аҳмаджон Одилов суд ҳукмисиз етти ярим йил ҳибсда ўтирган бўлсада, у томонидан жиноят содир этилганлигини собиқ СССР Олий суди исботлай олмади. Бироқ,  ОАВ  ҳеч қандай асоссиз, А.Одиловга ўтакетган жиноятчи  тамғасини ёпиштириб бўлган эди. Одамлар оғзида жиноятлар достон қилинган, турли-туман миш-мишлар кўпайиб, афсонавий “жиноятлар” (душманларини асфальт остига бостириб юборган, йиртқич ҳайвонларга ем қилган, душманлари учун ер ости зиндони қурган ва ҳоказолар) тўқиб чиқарилаётган давр эди.

        Кўпчиликни қизиқтирган, ваҳимаю ларзага солган миш-мишлардан бири бўлган “зиндон” ҳақида бироз маълумот бермоқчиман.

 Бундай уйдирма, олди-қочди миш-мишларни тарқатишда марказнинг энг обрули газеталаридан бири “Литературная газета”си (ўша даврда 5 миллион тиражда чиққан) пешқадамликни ўз қўлига олганди. Ушбу газетанинг 1988 йил 20-январь сонида  Владимир Соколовнинг “Зона молчания”  деб аталмиш катта мақоласи чоп эти­лади. Ўша пайтдаги республика раҳбари кўрсатмаси билан, бу мақола мажбурий тарзда Ўзбекистоннинг барча газеталарида, ҳаттоки туман миқёсидаги газеталарда ҳам (Ўзбекистонда газеталар сони ўша даврда икки юздан ортиқ бўлган) ўзбек ва рус тилларида босиб чиқарилади. Ўзимизнинг газетачиларимиз мақола сарлавҳасини “Сирли салтанат” деб номлаб, янада ваҳимали тус бериб, “Совет Ўзбекистони” газетасининг 23-январь сонида чоп этадилар. Бу мақола иттифоқдош республикалар газеталарида ҳам чоп этилади. Яъни, бу ишга ҳукумат сиёсати даражасида эътибор берилади.

Шу ўринда эътиборни бир фактга қаратмоқчиман. 1985-1989 йилларда  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг саноат бўйича котиби, кейинчалик иккинчи котиби лавозимда ишлаган  Анишчев Владимир Петрович “Восточный орнамент” (Москва: “Издательство “А2-А4”. 2009 год) деган китобини чиқарган. Анишчев  Москвада КПСС Марказий Комитетида Е.К.Лигачёвдан (СССР давлатининг М.С.Горбачёвдан кейинги иккинчи нуфузли шахс) қуйидаги топшириқ олгани ҳақида  ёзади “…Лигачёв бундай таклиф киритди: Ўзбекистонни қораловчи барча материалларни ОАВ доимий тарзда бериб туриши керак. Бу иш изчиллик билан бир неча йил давомида амалга ошириб келинди. Газета ва журналлар Ўзбекистонни бадном қилувчи материалларни излаб топиш (балки ташкил қилиш деб тушиниш керакдир – А.А.) билан машғул эдилар. Ҳар қандай ижобий материалларни чоп этиш таъқиқланган эди…”. Горбачёвнинг кўрсатмасини олмай туриб, Лигачёв бундай топшириқ беришига ишониш қийин. Исбот тариқасида яна факт: “Сирли салтанат” мақоласидан икки кун ўтиб, собиқ  марказнинг “Правда” газетасида юртимизни қораловчи “Кобры на золоте” сарлавҳали мақола ҳам босилиб чиқди. Бу  Ўзбекистонни тахқирлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатар эди.

Китобда Лигачёвни яна бошқа фикрлари ҳам келтирилган. У, Анишчевни Россиянинг Воронеж шаҳри партия комитетининг биринчи котиби лавозимидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига раҳбарликка тайинлаётиб, бундай йўлланма берган: “Билиб қўйгин: сени бутун бир мамлакатга раҳбарлик қилишга юборяпмиз”. Эътибор беринг: 1980 йилларда аҳолиси 800 минг атрофида бўлган шаҳар раҳбари 20 миллионлик республикани бошқаришга юбориляпти (Ш.Рашидов билан  1976 – 1983 йилларда ишлаган Греков Леонид Иванович Москва шаҳрининг иккинчи раҳбари лавозимидан Тошкентга юборилган эди). Бу далиллар советларнинг мустамлакачилик сиёсати Горбачёв раҳбарлиги даврида чўққига кўтарилганини исботи эмасми?

       Поп Агросаноат бирлашмасида яратувчанлик борасида қилинган ишларни марказий матбуотда тўққизта соҳага бўлиб, рентабелликни тўққиз қавати деб ёритилган бўлса, Соколов бу ишларни “жаҳаннамнинг тўққиз қавати” деб таърифлайди.

          Соколов “жаҳаннам”нинг яна бир қаватини кашф этади – ерости қаватини. Бунда ўйлаб топилган “зиндон” кўзда тутилган.   Аслида бу иншоот ўша пайтда урф бўлган мамлакатнинг фуқаролар мудофаасига хизмат қилиши режалаштирилган эди. Марказий ҳукумат томонидан бош лойиҳаси тасдиқланган фуқаро мудофааси объектини қуришда А.Одилов бир неча мақсадни кўзда тутган эди: давлат маблағ ажратади, аҳоли иш билан таъминланади, бу иншоот мева-сабзавот сақлашда ўзига хос совуқхона вазифасини бажаради (беш минг тонна сиғимда, КамАЗ автомашинаси бемалол ҳаракатланишига мўлжалланган), қазиб олинган соф тупроқ эса тошлоқ ерларда ҳосил етиштириш имконини яратади. Буни тадбиркорлик ва қишлоққа инвестиция жалб қилиш дейилади бугунги кунда ҳам.  Москванинг нуфузли газетаси унга Одиловнинг “зиндони” деб ном беради. Муаллиф “Сирдарё тарафга чўзилиб кетган йигирма метр чуқурликдаги котлован белкурак ва кетмонлар билан қазилган” дея жар солади. Шу каби иншоотни “белкурак ва кетмонлар” билан яратиш мумкинлигига келсак, Соколовда мантиқ нафақат оқсабгина қолмасдан, умуман қўл-оёқсизлигини шоҳиди бўламиз. Муаллифнинг руҳий жиҳатдан саломатлигига шубҳа туғилади одамда ва ёки гиёҳвандликни шира кайфияти таъсирида бўлганми, деб ҳам ўйлаб қоламан. У ўзи ўйлаб топган хақиқатдан йироқ “воқеликни” яратган эди. Гап  ХIX аср эмас, XX техника асрининг 80-йиллари хақида эди. Мақола совет кишиларининг онгида тубдан ўзгариш яратди, Аҳмаджон Одиловни шахсиятига баҳо беришда қандайдир рамзий “қизил чизиқ” бўлиб, вулқон кратеридан отилиб чиққан лава ҳароратидан ҳам юқори даражага кўтариб юборганди жамиятдаги хароратни. Энди Аҳмаджон Одилов ҳақида ижобий фикр бўлиши ҳам мумкин эмас, жамият қабул ҳам қилолмайдиган қайнаш нуқтасига  етган эди.

            Бежиз айтилмаган доно фикр бор: “Ҳақиқат ковушини кийгунча, ёлғон дунёнинг ярмини кезиб чиқади”. Соколов А.Одиловни ўзининг “хўжайинлари” истаган разил қиёфада таърифлашнинг уддасидан чиққанди. Тўқиб бичиш устаси эканлигини исботлаганди. Гўёки унинг Одиловда қасди бордек! Соколовнинг кейинги пайтлардаги, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг Германияда яшаб ёзган мақолаларида (Интернет сайтларидан жой олган) уни нафақат одиловларда, балки бутун  ўзбек халқида ўзининг ҳисоб-китоби, яъни хусумати борлиги очиқ намоён бўлади.

       Одамларимиз шу сохта ва ясама гапларга нафақат  ишонишди, балки     турли миш-мишлар қўшилиб, бу гапларга янада даҳшатлироқ тус берилди, улар сувга тош отилганда пайдо бўладиган халқачалар каби тарқалди, улар бугунги кунларгача етиб келгани ҳам ҳақиқат. Одам зоти шундай экан, ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга шу қадар кўпроқ ишонар экан. Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”да ёзганларидек “Ёлғонни ҳам сал киши ишонадиган қилиб гапириш керак, Сафарали” дейилган, замонлар ўтиб кетган экан.

                   Мени кўп ўйлантиргани ва афсуслантиргани, бу воқеаларга қирқ йил бўляпти, бироқ Одилов ҳақидаги узун қулоқ гаплар хозиргача одамлар оғзида. Мақолани ёзиш пайтида ижтимоий тармоқларда отам ҳақидаги маълумотларни талай қисми билан танишиб чиқдим. Уларни уч гуруҳга ажратдим:

Биринчиси — Одиловни кўрмаган ва билмаганлар, у ҳақида кимлардандир эшитганлар. Уларнинг баҳолари ҳам салбий, ҳам ижобий.

Иккинчиси – Одиловни яқиндан билганлар, суҳбатда бўлганлар, бирга ишлаганлар, уларнинг фарзандларию таниш-билишлари. Улар отамга узоқни кўра биладиган раҳбар, шиддаткор ташкилотчи ва тадбиркор, дангаса ва ишёқмасларни ёқтирмайдиган  каби яхши баҳо берадилар.

Учинчи тоифа – Одилов билан қамоқда ўтирганлар. Улар Одиловни тўғри сўз, букилмас иродали, жисмонан бақувват, маҳбуслар ҳимоясида турган мард инсон, деб тарифлашади.

                   Одиловни қораловчилар уни билмаганлар эканлигини гувоҳи бўлдим. Улар таянган манба ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романи ва “Сирли салтанат” мақоласи. “Жимижитлик” бу бадиий асар-ку деган фикрга ҳам бормаймиз.  Бизларга одамни қоралаш бўлса дўндириб — ошириб ташлаймиз. “Сирли салтанат”га келсак, бу мақола на фақат оила давраларида ўқиб муҳокама қилинган, ҳатто мактабларда юқори синфлар у ёқда турсин, бошланғич синфларда ҳам дарслик сифатида ўрганилган. Биз нега шундаймиз, деган савол кўп мулоҳаза юритишга ундайди. Шу мавзуда бир дўстимиз билан суҳбатда “биз ўзбекларни қонимизда бор иллатмикин”, десам, у “йўқ, ҳаммамизни қонимиз қизил” деганди. Мен “қизилликка-ку қизил, қонни таркибичи, тиббий таркиби эмас, қонимизга қандайдир номаъқул генетик код – мутъелик коди  киритилмаганмикин” дегандим.

               СССР давлатининг яқин тарихидан бир ибратли мисол келтирмоқчиман. 1977 йил 8 январда Москва шаҳрида учта портлаш (метро вагонида, КГБ биноси ёнида, озиқ-овқат магазинида) содир бўлади, қурбонлар ва яраланганлар анчагина. Бу террорчиликни Арманистонда туғилганлар амалга оширишгани исботланади ва ижрочилар Затикян, Степанян ва Багдасарянлар отувга ҳукм қилинади. Бу СССР ОАВ кенг ёритилади. Энг эътиборлиси – Арманистон ОАВ ларида бу ҳақида лом-лим ҳам дейилмади. СССР КГБсининг раис ўринбосари Ф.Д.Бобковнинг хотирлашича, Арманистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари Карен Демирчян терговга тўсқинликлар кўрсатади, газеталарга арманилар учун нозик бўлган бу мавзуда материал беришни таъқиқлайди. Арманистон КГБ раиси Юзбашян ҳам тергов вақтида ўзини шу йўсин тутади. Биздачи?! …

Буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг бундан 45 йил муқаддам ёзилган сўзларини келтиришни лозим топдим:

         ОЛОМОНГА

Машраб осилганда қаёқда эдинг?

Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё

Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?

Нега томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!

1980 йил.

***

       Терговчи зоти ўзи шунақа бўладими ёки собиқ марказдан Ўзбекистонга юборилган “десантчи”- изқуварлар шундайми: уларнинг фикри-хаёллари олтину бриллиантлар қидириш билан банд бўлган. Ислом қадриятларини сариқ чақага ҳам олмайдиган, бағирлари тошдек қотган шавқатсиз терговчилар бобомиз Одилжон Фозиловга (колхоз раиси бўлган, 1937 йил қатағон қурбони) Ғурумсарой қабристонида ўрнатилган ёдгорликни портловчи моддаларни ишлатиб вайрон қиладилар. Атрофдаги қабрлар ҳам бундан талафот кўради. Портлашлар (бир марта бўлган эмас, бир неча марта такрорий портлатилган  эди) қабристонни титратганди, нафақат қабристонни, бутун қадимий Ғурумсаройни ларзага солганди. Қабр тошидаги  буюк шоиримиз Абдулла Ориповни қуйидаги сўзлари ҳам чилпарчин бўлганди:

Отажон, эл учун чекдингиз заҳмат,

Жафокаш умрингиз ўтди фироқда.

Фарзандлар қалбида тириксиз абад,

Тинч ухланг муқаддас она тупроқда.

Майдаланган қабр тошлари орасидан бир йирикроқ бўлагини қўлимга олганимда“жафокаш” сўзи бутун қолганини кўриб, бобомизнинг умри жафокашликда ўтганига Аллоҳнинг яна бир белгисидир, деб кўнглимдан ўтказгандим. Жафо чекиш давомли бўлиши кимнинг ҳам ҳаёлига келибди. Советларнинг бу нохақликларию қатағонлари ота “мерос” бўлиб, Аҳмаджон Одиловга 23 йил мудҳиш кунларни келтирилишини ким ҳам ўйлабди?

  Бобомиз қабри портлатилган даврда, Тошкентда Шароф Рашидов қабри ҳам  қазилиб, қайта бошқа қабристонга дафн этилади. Ўша пайтда юртимизда Шароф Рашидов қабрига ҳам унинг қимматбаҳо бойликлари яширинган, каби бўҳтонлардан иборат миш-мишлар тарқатилганди. Наҳотки ўзимизнинг баъзи миллатдош ўзбек биродарларимиз ҳам келгинди, елкасига погон  таққан ғайридин жаллодлар каби, ўтганларнинг руҳини безовта қилиш бизнинг исломий, инсоний ва миллий қадриятларимизга зид эканлигини тушуниб етмаган бўлсалар?  Юрт аҳли, зиёлилар ва барчамиз эътироз ҳам билдирмай барчасини мутеларча қабул қилдик. Лом-лим ҳам дея олмадик…

Бундай холат одиловлар суди Москвада, Олий судда кўрила бошлангунга қадар давом этди. Суд залида иштирок этган ОАВ вакилларини чиқишларида Одиловга нисбатан ижобий томонга ўзгаришлар бўлаётганини сезиш қийин эмасди. Масалан, суд жараёнидаги вазиятни Москва газеталарининг сарлавҳаларидан ҳам билиб олса бўларди: “Дело Одилова: встать, подсудимый идёт”, “Трудное начало”, “Одилов: я строил капитализм в отдельно взятом …”. Москванинг “КоммерсантЪ” газетаси 1991 йил №16 сонидаги (15-22 ап­рель) “Одилов: Ты, судья, не прав…” (ўзбек тилида: “Судья, сен ноҳақсан…”) сарлавҳали мақоласида қуйидагиларни ёзганди: “…А.Одилов заявил, что по-русски знает лишь ругательства. Что он и доказал в ходе процесса, обозвав председателя суда дураком. Судья не вы­сказал обиды, но заметил, что дурака ему в суде сказали впервые. Обидело его другое — Одилов обращается к нему на “ты”. (ўзбекча маъноси: “Одилов рус тилида сўкишдан бошқани билмаслигини айтди ва судьяни “дурак” деб исбот ҳам қилди. Судья эса бундан ҳафа эмаслигини, лекин судда биринчи марта “дурак” дейишганини тан олди. Уни бошқа нарса ранжитганди – Одилов унга “сен”лаб гапириши эди”). Бу эса ҳали хамир учидан патир эди. Кейинги суд мажлисида Одилов суд раисини суд жараёнини олиб боришидан норозичилик билдиришига қарамай, эътиборсиз қолдиргани учун Анатолий Бризицкийни (1989-1992 йилларда СССР Олий судининг аъзоси, суд ҳайатини раиси) қўпол равишда рус тилида ҳақорат қилганди. Юқорида қайд этилган “КоммерсантЪ” газетасини кейинги №17 сонида, суд мажлисида иштирок этган жур­налист бу ҳолатни сал қолипга солиб, юмшоқроқ қилиб бундай ёзганди: “24 апреля … Одилов пос­лал председательствующего члена верховного Суда СССР по нецензурному мужскому адресу…” (таржимаси: Одилов судда раислик қилаётган СССР Олий суди аъзосини эркакларни тилга олиб бўлмайдиган аъзоси томон жўнатганди). Менимча бирорта судланувчи Олий судда ўзини бу қадар мағрур ва жасур тутмаган бўлса керак, нафақат раислик қилаётган судьяни, унинг тимсолида СССР Олий судини, қолаверса  давлатини ҳам ҳақоратлаганини кўргандим, содда қилиб айтсак “онасини Учқўрғондан кўрсатган” эди. Баъзи  Россия журналистлари Одилов советлар ҳокимияти емирилишини олдиндан англаб етиб, судда ўзини шу йўсин беписанд ва мағрур тутган дейишади. Суд бошланишидан икки ҳафта аввал, 1991 йил 17-мартда СССРни сақлаб қолиш бўйича Бутуниттифоқ референдуми ўтказилган ва совет давлати тарафдорлари 77,85 фоизни ташкил этган эди (Ўзбекистонда эса 95,4%).

        “Известия” газетасининг хуқуқий масалалар бўйича шарҳловчиси Юрий Феофанов қуйидагича ёзган эди: “Ҳозир Одиловнинг айби ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ, ҳаққимиз ҳам. Чунки ҳукм чиқарилгани йўқ. Лекин 7,5 йиллик қамоқда ўтириш, давлатнинг инсонга қарши ташланган қатағон аппаратининг  қудрати ва тамоман чегарасиз, назоратсиз тергови Аҳмаджон Одилов мисолида кучсизлигини кўрсатди. У қамоқнинг биринчи онлариданоқ қўйилган айбларни  бутунлай рад этди. Ўтган йиллар давомида бирор марта ҳам ўз муносабатини ўзгартирмади, суднинг биринчи мажлисиданоқ, айблов қарорининг   бирортасини ҳам тан олмаслигини қатъият билан баён қилди. Судда ўзини мағрур тутди. Ҳимояда турмасдан ҳужумда бўлди… ”. Бундай баҳони аслида ўзбек зиёлилари, журналистлари беришлари керак эмасмиди?…

Россия журналистларининг истиқлолимизга ўттиз йилдан ошган бўлса-да Ўзбекистонга  қилаётган хужумлари бугун ҳам давом этаётгани хақида сўз юритсак.

ҲАЛИ ҲАМ УСТУН БЎЛАЁТГАН ЯККА ТАРАФЛИ НАРРАТИВЛАР

2019 йил 23-февралда Интернетнинг Лента.ру сайтида Анна Комиссарованинг Ўзбекистонда 1984-1990 йиллардаги ҳаётга бағишланган “Пахта талвасаси” номли фақат бўҳтонлардан иборат мақоласи эълон қилинди. Унда Ўзбекистон порахўрлар мамлакати сифатида таърифланган. Шароф Рашидов ва Аҳмаджон Одилов ўтакетган порахўр, миллионлаб маблағларни ўмарган кимсалар сифатида қайд этилган.  Москванинг ТВ центр телеканали Ўзбекистон, Шароф Рашидов ва Аҳмаджон Одилов тўғрисида бўхтонлардан иборат телекўрсатувлар тайёрлашда Россия Федерациясининг қолган барча ОАВларини ортда қолдирди.

2022 йил августда ТВЦ вакиллари Ўзбекистонда “пахта иши”га доир саволларига жавоб бериш илтимоси билан менга мурожаат қилишди. Буни ТВЦда “Қадрли дўстлар” (рус тилида “Дорогие товарищи”) номли туркум кўрсатувлар ташкил қилингани ҳамда мазкур кўрсатувлар доирасида “пахта иши” ҳақида ҳаққоний ҳикоя қилмоқчи эканликлари билан изоҳлашди. Ўшанда Москвадан менга қуйидаги саволлар юборилган эди:

— Отангиз Шароф Рашидовга қандай муносабатда бўлган? Умуман, Ўзбекистонда Рашидовга қандай муносабатда бўлишган ва нима учун?

Сиз Рашидов қандай вафот этганини биласизми? У ўз жонига қасд қилган деган тахмин нима учун пайдо бўлган?

-Рашидовнинг вафотидан кейин унинг хотирасини қандай абадийлаштириш назарда тутилганди?

Рашидов ва сизнинг отангизга муносабат қачон ўзгарган? Сиз буни қандай сезгансиз? Бу кейинчалик ҳам намоён бўлганми?

— Отангизни қачон қамоққа олишган? У қанча вақт тергов қилинган ва унга қандай айблар қўйилган?

Унинг айбларининг исботлари топилганми, қандай далиллар топилган? Тергов қандай тугаган?

Терговда қўлланилган усуллар ҳақида нималарни биласиз?

Мен юқоридаги саволларга икки соат мобайнида аниқ материаллар асосида жавоб бердим. “Пахта иши”нинг пайдо бўлиши, мазкур текширувлар давомида собиқ СССР Бош прокуратурасининг терговчилари томонидан қонунлар бузилгани, йўл қўйилган хатолар, терговчилар ва журналистларнинг уйдирма бўҳтонлари асосида “коррупциялашган ўзбек халқи” тимсолини яратишда ОАВларининг ўрни ҳақида ҳикоя қилдим. Мазкур суҳбат тафсилотларини  шу ўринда тўла келтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки аввал чоп этилган китобларда баён қилинган масалаларни такрори бўлар эди.

2023 йил апрель ойининг охирларида You Tube да Москва ТВЦ телеканалининг “Пахта иши” фильмини тасодифан кўриб қолдим. Сценарий муаллифи Дмитрий Курбатов, шеф муҳаррир Андрей Гордеев, шеф продюсер Александр Чекунов, саҳналаштирувчи-оператор Артем Царёв. Маълум бўлишича, бу ТВЦ телеканали мендан интервью олган фильм экан. Очиғи, бу фильмни томоша қилиб, ўта ноқулай аҳволга тушдим. Фильм ҳақиқатга хилоф, ўтган асрнинг 80-йилларининг ҳақиқий воқеаларидан йироқ, бошдан-охиригача бир ёқлама тусга эга эди. Мазкур фильмни суратга олишда қатнашган “эксперт”лар мавзуни бутунлай билмасликлари яққол кўзга ташланарди.  Бинобарин, уларнинг деярли барчаси қаердадир, қачонлардир бўлган, кимлардандир эшитган воқеалар, москвалик терговчилар хаёлотининг самараси бўлган миш-мишлар ҳақида гапирар эдилар. Фильм Ўзбекистон ва ўзбек халқини назар писанд қилмаслик руҳи билан йўғрилган бўлиб,  унда 1940 йилларнинг геббелсона кайфиятдаги империя такаббурлиги уфурарди.

Бизнинг республикамизда ўтган асрда рўй берган воқеалар ҳақида фикр юритишдан олдин фильм муаллифлари мамлакат тарихини ўрганишлари керак эди. Юрий Андропов фильмда эътироф қилинганидек, 1983 йил 16 июнда эмас, балки Леонид Брежнев вафотидан кейин 1982 йил 12 ноябрда СССР раҳбари бўлган.

Совет Иттифоқи дунё харитасидан йўқолганига ўттиз йилдан ошди,  буюк рус шовинизми кайфиятидаги Россия зиёлиларининг айрим вакиллари бизларнинг халқларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларда “катта оға” тушунчаси йўқлигига ҳамон кўника олмаяптилар. Мустақил постсовет давлатлари билан бизларни яқинлаштирадиган муштарак жиҳатларни топиш ўрнига Россиянинг айрим ОАВ лари   “оммабоп қизғин” мавзулар ортидан қувиб, ўтган асрнинг сийқаси чиққан ва уйдирма материалларидан фойдаланган ҳолда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасига рахна солишга уринмоқдалар. 

       Менга ТВЦда Ўзбекистонда ўша пайтларда бўлган “пахта иши” билан боғлиқ воқеалар тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олмоқчи эканликлари ҳамда собиқ  СССР Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи зўравонликларидан азият чеккан инсон сифатида мурожаат қилишганини айтишганда, халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилган россияликлар холис фильм яратиш, ўша кезларда Москва юритган зиддиятли ва қатағон сиёсат масаласида қандайдир тавба-тазарру қилиш ниятида эканликларига ишонган эдим.  Афсуски, қаттиқ янглишибман! Ўтган ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳеч нарса ўзгармабди! Мутлақо! Бу гал ҳам сира тап тортмасдан ёлғон гапирдилар. Ор-номус ва қадр-қиммат нималигини билмайдиган бу кимсалар шундайлигича қолибди! Журналист этикасини  сариқ чақага ҳам олмасликларини фильм муаллифлари очиқ кўрсатган! Менинг отам – ўзбек деҳқони ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) ва  армия харбий қисмларнинг қуролли бўлинмалари жалб қилинган ҳолда қўлга олингани тўғрисида мен берган интервью контекстдан узилган ҳамда ундан Аҳмаджон Одиловни обрўсизлантириш учун ўта пасткашлик билан фойдаланилган.  

Ш.Р.РАШИДОВНИНГ  НОМИ ВА У ТЎҒРИСИДАГИ ЁЛҒОН ТУҲМАТЛАР

       Шароф Рашидовнинг “сирли вафоти” тўғрисида… Бунда ҳеч қандай жумбоқ ва сирлилик йўқ! Фитна назариялари ва конспирологик товламачиликка йўлиққан москвалик  “изқуварлар”га мазкур сатрлар орқали мурожаат қилиш учун сабаб бор, деб ўйлайман! Сизлар учун жанговар қизиққонликни жиловлаш ва рисоладагидек бошқа иш билан шуғулланиш пайти келди. Шароф Рашидов Улуғ Ватан уруши (Иккинчи Жаҳон уруши эмас, Шароф Рашидов учун бу айнан Улуғ Ватан уруши бўлган) даврида Москва остоналарида бўлган жангларда қатнашган, Волхов фронтида оғир яраланган, икки марта Қизил Юлдуз ордени билан тақдирланган. У сизлар ҳозир яшаётган ҳамда нафақат Шароф Рашидовни, балки бутун ўзбек халқини обрўсизлантирадиган, амалдаги воқеликдан йироқ бўҳтонлардан иборат фильмларни яратаётган сизнинг Москвангизни душмандан ҳимоя қилган. Шароф Рашидов 1983 йилдаги фожеали инфарктдан олдин ўтган асрнинг 70-йилларида икки марта инфарктни бошдан кечирган. У бемор одамга мутлақо тўғри келмайдиган куч-ғайратларни сарфлаб, мардона хизмат қилган. У мамлакат пахта мустақиллиги учун кураш қурбони бўлди. Лекин СССР Бош прокуратураси ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича, “ер остида илон қимирласа ҳам биладиган” терговчи Владимир Калиниченко эътироф қилганидек, “бир гуруҳ шифокорлар ҳамроҳлигида” ўзи таваллуд топган Жиззах шаҳри йўлида вафот этгани йўқ (В.Калиниченко 2022 йил 26 ноябрда, 74 ёшда вафот этди. Ундан гина қилиш ноўрин деб ўйлайман). “Пахта иши”ни текшириш айнан В.Калиниченкога топширилган эди, бинобарин Шароф Рашидов қандай вазиятда вафот этганини у билмаслиги мумкин эмасди. Собиқ терговчи В.Калиниченко Гдлян, Иванов ва бошқа кимсалар каби “машҳур” одамга айланди, ахир ҳақиқий воқеликдан йироқ уйдирмалар билан оммани лол қилиш керак-ку! У телевидение орқали қилган кўплаб чиқишларида барча воқеаларни ҳаққоний ҳикоя қилиш, фақат ҳақиқатни айтишини такрорлашни яхши кўрарди. Чамаси, у бу фильмда фақат ўзи хоҳлаган “ҳақиқат”ни ҳикоя қилган. Унинг  ҳамкасби   Дмитрий Плоткин ҳам телетомошабинлар ҳузурида тез-тез пайдо бўлишни хуш кўради. Плоткиннинг ўзи эътироф қилишича, унинг миясида икки ярим шар бор: битта ярим шар айбнома хулосалар, иккинчиси эса шеърлар ёзади. У Аҳмаджон Одиловнинг “шахсий қамоқхоналари ва милицияси” тўғрисидаги афсоналарни айнан ўша ярим шарларда тўқиса керак.  Ўзбекларни айблаш уйдирмаларида ёзувчи Сергей Кредов ҳаммани ортда қолдирди. Унинг даъво қилишича, Ўзбекистонда “сохта колхозлар тузишни яхши кўришади, колхоз бошқарув аппарати, унинг раиси бору, амалда колхоз йўқ…” Чамаси, Сергей Александрович Иванов фильмда суратга тушишдан олдин Россия ёзувчилари Ильф ва Петров яратган “Олтин бузоқча” асаридаги образлар таъсири остида бўлган. Шундай таассурот пайдо бўладики, гўё-ки бемор Кредовни Москванинг ТВЦ телеканалида Ўзбекистон ҳақида телба-тескари гапларни айтиши учун жиннихонадан даволанмасдан атайлаб чиқариб юборишган.     

Аҳмаджон Одиловнинг “шахсий қамоқхонаси, милицияси” ва бошқа “жиноятлари” тўғрисида телевизорларнинг экранларидан терговларда қатнашмаган, жиноий иш материаллари билан таниш бўлмаган шубҳали шахсларнинг ҳикоя қилишлари мени ажаблантиради. Зотан, тегишли материалларда бундай бўхтонларга ҳатто шаъма ҳам қилинмаган. Прокурор Плоткин эса Аҳмаджон Одиловга нисбатан текширувларда ҳеч қачон қатнашмаган.

Россия зиёлиларининг айрим вакиллари дунёнинг ярми Россиядан юз ўгирган, қолган ярми эса якуний қарор қабул қилиш арафасида турган, ўз тарихининг ўта оғир даврида ўзбек халқига, унинг мард ўғлонлари шаънига разилона жирканч бўхтонлар ёғдиришда давом этмоқда.

Бугунги Россиянинг Ўзбекистонга қилаётган мафкуравий хуружларига яна мисол. Москванинг 1 телеканалида (Кремлга яқин телеканал) “Антифейк” кўрсатуви бор, ҳафтани ҳар куни эфирга чиқади. 2024 йилнинг декабрь кўрсатувларидан бирида бизнинг бешинчи синф учун “Ўзбекистон тарихи” дарслигини танқид остига олишди. Дарслик рус тилида 2015 йилда биринчи марта, 2020 йилда эса такроран нашр этилган экан. Китобнинг 33- параграфи “Колониальная зависимость от России” дейилган. Унда Россиянинг Марказий  Осиё давлатларига бостриб кириши ХIХ асрдаги хужумлардан аввалроқ, Пётр I  давридаёқ режалаштирилгани, ўлкамизни табиий бойликларига эгалик қилиш ҳақидаги сўзлардан кўрсатув иштирокчиларини дарғазаб бўлгани яққол кўринганди. Бошловчи Александр Смол бўлса, кўшни мамлакатда ўн йиллар мобайнида ёшларга тарихни қандай даражада жирканч, нафратли ва қўпол равишда бузиб тарбияланаётгани ҳақида оғиз кўпиртиб гапирди. Россия ташвиқотларига назар солсак, хатто ўзимизнинг асл тарихимизни ёшларимизга тарғиб қилишга ҳам ҳақимиз йўқдек кўринади.

Россия ОАВлари ҳамон мана шундай тарғибот машинасини юритмоқда. Биз эса бугун ҳам ўша ХХ асрнинг 80 йилларидек томошабинлар каби миқ этмасдан ўтирибмиз, бундай ҳақоратларга бефарқмиз. Бефарқликни оқибати фожеага олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак, бугунги таҳликали замоннинг долзарб муаммолари огоҳликка чақиради.

МУСТАҚИЛЛИК  ҚОЗОНИЛГАНИДАН  СЎНГ

                    1991 йил президентлик сайловдан сўнг И.Каримов ва А.Одилов ўртасидаги муносабатлар маълум вақтга қадар ижобий давом этди. 1992 йилнинг январь ойида А.Одиловнинг ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳудудида нефтни қазиб чиқариш борасидаги ишларини И.Каримов қўллаб-қувватлади.  Бу ишларни ташкил этиш бўйича ҳукумат керакли техника ва жиҳозларни ажратди.  “Ўзбекнефтгазгеология” ишлаб  чиқариш бирлашмасининг бурғулаш бригадаси иш бошлайди. Республика граждан авиацияси   ташкилий ишларни йўлга қўйиш учун вертолёт ажратди. Бу ҳақида “Правда Востока” газетасининг  1992 йил 22 декабрь сонининг биринчи саҳифасида  “Ключ к большой нефти” (“Катта нефть калити”) сарлавҳали мақола чоп этилади. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича: “Катта ўзбек трактининг 47-километрида мустақил Ўзбекистон иқтисодиётини жиддий ўзгартира оладиган разведка-бурғулаш ишлари олиб борилмоқда.  Геологлар ва мутахассисларнинг  ҳисобига қараганда бу ерда катта нефт захиралари борлиги айтилади. Бу ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистоннинг “Сайхун” фирмаси (раҳбар М.Одилов), ЮСИ компанияси ва Грузиянинг  “ЛИЛИ” фирмалари ўртасида қўшма корхона тузилиши режалаштирилди. Бу режалар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан маъқулланган”.

                    1992 йилнинг бошларида бурғулаш ишларига ҳукумат томонидан эътибор катта бўлган бўлса, Намангандаги “Мингбулоқ” нефти отилиб чиққандан сўнг,  Чиноздаги ишларга эътибор сусая бошлади.  Кўп ўтмай, Чинозда бурғулаш жараёни тўхтатилди. Бунинг сабаби, биринчидан, И.Каримов “Мингбулоқ” нефтига катта эътибор бериб, Чиноздаги ишларга бефарқ қарагани бўлса, иккинчидан, А.Одилов ва Президент ўртасидаги муносабатларга  совуқчилик туша бошлаган эди. Бунда ўша даврдаги “Ўзбекнефтгаз” раҳбарининг ҳам  роли муҳим ўрин тутди. Улар бурғулаш қурилмаларини 47-километридан демонтаж қилиб, 5–10 километр узоқликдаги ҳудудга ўрнатиб, қазиш ишларини давом эттиришди (лекин Грузия ва АҚШ мутахассислари айтганидек, уларнинг бу ишлари натижа бермади).

                     Кези келганда айтиб ўтиш керак: Чиноз нефти билан шуғулланаётган хорижлик мутахассислар “Мингбулоқ”да  нефть заҳираси у қадар кўп бўлмагани ва борини ҳам нефтчилар қўлдан бой беришган, дея баҳо берганди.

1993 йилни июнь ойида, Каримов топшириғи билан Аҳмаджон Одилов, оммага хабар бермасдан, шов-шувсиз қамоққа олиниб, ўн беш йил давомида турли ўйлаб чиқилган жиноятлар унинг гарданига қўйила бошланди (5 тонна ўғит ўғирлаш, гиёҳванд моддалар сақлаш, қамоқхона маъмурияти талабларига итоат этмаслик ва ҳоказо…). 

Таъкидлаб ўтиш керакки, на собиқ СССР Прокуратураси олиб борган жиноят иши материалларида, на Ўзбекистон Олий суди ва вилоят судлари ҳукмларида одам ўлдириш, одамларни асфальт остига бостириб юбориш каби “жиноятлар” ҳақида умуман сўз юритилмаган. Одилов ишига жалб қилинган Самарқанд вилояти прокуратурасининг терговчиси Исматилла Йўлдошев Одиловнинг жиноят ишлари томлари билан мени таништирган, қотилликлар ва даҳшатли жиноий ишлар содир этганини “делоларда” ўқиганман, деб жар солиб юрган баъзи ёлғонга уста ўзбек журналистларига айтмоқчиман: марҳум Исматилла Йўлдошев хотирлаб ўтган “уч юз жилддан зиёд жиноят ишлари материаллари” билан қачон улгурди экан танишиб чиқишга?! Мен ҳам кўрганман шу “дело”ларни. Ҳар бир жилд камида тўрт-беш юз саҳифадан иборат, уларни ўқиб чиқиш учун бир йил фурсат ҳам етмайди! Буларни ёлғончи  ҳамюртимизнининг виждонига  ҳавола қиламан, агар виждони бўлса. Ҳақиқатни билишни истаса,  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 147 бетдан иборат ҳукми бор, ўқиб кўрсин, ўша “қотилликлар ва даҳшатли жиноятларни” бизларга, Аҳмаджон Одиловнинг фарзандларига кўрсатиб берсин! Ёки Аҳмаджон Одиловга қўяётган жиноятларини исботлари бўлса ҳам — биз тайёрмиз биргаликда муҳокама қилишга.

****

Мақолани “Адабиёт”  газетасининг 2024 йил 13-14 сонларида таҳририят қўйган сўзлар билан давом этмоқчиман:               

“Келгуси йилда таваллудига 100 йил тўладиган Аҳмаджон Одилов миллат тақдирида муҳим ўрин эгаллаган муқаррар ШАХС эди. Газетхонларимиз, 1991 йилда ўзбек ёзувчиларининг қурултойи атоқли ёзувчи Одил Ёқубов  раислигида Аҳмаджон Одиловни бир овоздан «Миллий Қаҳрамон» дея эълон қилганлигини яхши билишади… Бу киши ҳақида китоблар ёзилган, ҳужжатли фильмлар олинган, теле ва радиоэшитиришлар яратилган, юзлаб мақолалар чоп этилган. Зеро, Аҳмаджон Одилов шуларга муносиб, афсонавий паҳлавон деҳқон, моҳир раҳбар, уста тадбиркор эди…

1.Одилов қонунан қачон оқланади?

2.Халқ аллақачон Одиловнинг қадрини англаб етган бўлса, у киши “Миллат қаҳрамони” деб эътироф этилган бўлса,  унинг фикри инобатга олиниб, юбилейи қандай тарзда ўтказилади?

Саволлар бисёр, жавоб ҳануз номаълум”...

Қонунчиликда лотинчадан келиб чиққан, бир-бирига қарама-қарши “де — факто” ва  “де — юре” тушинчалари бор. “Де — факто”- воқеа ва ҳодисаларга амалдаги  қонунлар билан қўллаб — қувватланмаган ҳолат тушинилса, “де-юре” аксинча қонун ва қарорлар билан расмийлаштириганига айтилади.  Аҳмаджон Одилов “де — факто”оқланган, “де — юре” ҳануз жиноятчи…Бундай мантиқдан йироқ ҳолатга чек қўйиш вақти келмадимикин?!

Аввалроқ мен Ғарб мутафаккирларини бир доно сўзини келтиргандим: “Ҳақиқат ковушини кийгунча, ёлғон ярим дунёни айланиб чиқади”. Буни акси бўлган ўзбек мақолимиз бор: “Ёлғон узоққа кетса ҳам, ҳақиқат қувиб етади”. Аҳмаджон Одилов тақдирида ҳақиқат ва адолат қарор топишига аминмиз!

Аҳмаджон Одиловнинг ҳаёт тарихи — бу фақат бир инсоннинг шахсий йўли эмас, балки бутун бир даврнинг кўзгусидир. Бу — сабр-тоқат, ўз ишига садоқат, ноҳақ айбловлар ва жамоатчилик томонидан тан олиниш ҳақидаги қиссадир. Ушбу материални нашр этиш — миллий хотирани шакллантиришга, тарихий адолатни тиклашга ва халқ олдидаги хизматларни тан олишга қўшилган ҳиссадир.

Ҳақиқат фақат қалбларимизда эмас, балки Ватанимиз қонунларида ҳам ғалаба қилсин!

Анвар Аҳмаджанов,

махсус хизматлар ветерани, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Аҳмаджон Одиловнинг ўғли

(Унинг давлат мукофотларидан маҳрум қилиниши ҳақида ҳеч қандай суд қарорлари йўқ).

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Энди педагог кадрлар сиртқи таълимда ўқитилмайди

Ўзбекистонда энди педагог кадрларни тайёрлашда сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди. Бу кеча, 28 апрель куни қабул қилинган “Педагог...

Больше похожих статей

×