4.5 C
Узбекистан
Суббота, 23 ноября, 2024

60  ЁШ – ЕТУКЛИК,  ЯНГИ  ИЖОДИЙ  ПАРВОЗЛАР  ПАЛЛАСИ

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Таниқли шоир Салим Ашур “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган пайтда олдига кирсам, иш столида янги китоб  кўзимга ташланди. Салим Ашур менга қараб: “Шоир Муҳаммад Исмоилнинг янги китоби чиқибди. Яхши ёзади”, – деди. Китобни олиб, варақлаб чиқдим. Дарҳақиқат ажойиб китоб экан…

Шоир ёзади:

Ўрик гуллаганда ёғаётир қор.

Тўрт тараф бирпасда оққа бурканди.

Эндигина кириб келганди баҳор,

Куртаклар энди юз очиб турганди.

Кечагина нурга тўлганди осмон.

Кўкламдан энтиккан эди юраклар.

Бугун қор остида қилмоқда  исён,

Қаро қишда кучга тўлган куртаклар.

О,  Ҳаёт ! Бунчалар чиройли айём,

Ё, Худо! Бунчалар тотли яшамоқ.

Айниқса, умрингга келганида шом,

Сочингга қор каби тушганида оқ.

Кексалик муз каби босар елкани.

Юракни қоплайди гоҳо қаҳратон.

Нурларга тўлдирмоқ бўлиб эртани,

Умр сўрагаймиз Оллоҳдан нолон.

Оллоҳ,  навдаларни босса ҳамки қор.

Оллоҳ,  сочларимни қилсанг  ҳам  оппоқ.

Оллоҳим, сен   иста   қайтади баҳор,

Сен иста, яшарман юз йилдан кўпроқ…

Бу сатрлар барчани ўзига жалб этади, ўйга толдиради.

Қуйидаги мисралар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди:

Тобора даврамиз бўлаётир кенг,

Энди инсоният нотиғидирман.

Чунки мен дунёда тенглар ичра тенг –

Мустақил диёрнинг шоиридирман.

Ўз вақтида Ўзбекистон Халқ шоири Халима Худойбердиева қуйидаги сатрларни ёзганлиги бежиз эмас:

“Шоир бу дунёдаги барча йўллар орасидан машаққат ва изтироб йўлини танлайди. Чунки, у ўз қалбига маҳкумдир. Унинг учун энг катта ҳақиқат ҳам илоҳ туҳфаси бўлган қалбдир.
Шоир ўз юрагини, иймон, эътиқод, энг пок туйғулар билан тўлдириб борсагина барча дунёвий ҳалокатлар устидан руҳан ғолиб чиқаверади.
Мен Муҳаммад Исмоилнинг шеърларини ўқиб, адабиётимизда бўй кўрсатаётган янги авлод нечоғли эзгу ва юксак амалларга ҳозирланаётганига ишондим. Ва ёруғ умидлар билан тўлиб тошган бу қалбни ўз қалбимнинг қавмидан эканлигини ҳис қилдим.
Мен Муҳаммаднинг шеърларида қалб бутунлигини, иймон эркинлигини, эътиқод софлигини кўрдим. Энг муҳими, бу шеърлар ўзини ҳам, бировни ҳам алдамайди.
Инсон тириклигининг маъноси ҳам, файзи ҳам кўнгил илҳомидир. Зеро, дил аралашмаган ҳар қандай иш оқибатсиз бўлади”.

Шоира, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарида Афрўз Муҳаммад Исмоил ҳақида, куни-кеча ёзганлари ҳам юқоридагиларга ҳамоҳангдир:

“Муҳаммад Исмоил ҳаммага яхшиликларни илинади. Бу йўлда у чарчамайди, ҳоримайди, зерикмайди, таъна, таъма қилмайди, худди юз ёшни қаршилаётган онаси Зулайҳобегимга ўхшаб. Баъзан Муҳаммаджоннинг бағрикенглигини кўриб, “Ха, онаси юзга кирганларнинг кўнгли шундай тоғ бўларканда?!”, – деб ўйлаб қоламан.

Унинг публицистикаси Ватан, жамият, сиёсат оламининг кўзгуси деса бўлади. У бир уйғоқ виждонли, иймонли, эътиқодли ижодкор сифатида доимо ҳушёр ва дилгир, безовта яшайди. У ҳеч нарсага бепарво эмас, ҳаётда учрайдиган иллатларга эса, куюнчак ва бемуросадир. Бир сўз билан айтганда Муҳаммад Исмоил бугунги кун адабиётида оташин қалб билан ижод қилаётган забардаст ёзувчи ҳамдир...

Шоир, ёзувчи, публицист, хушчақчақ, некбин инсон Муҳаммад Исмоилнинг 60 ёшлиги арафасида шуларни ёзар эканман, қайд этишим керакки, у  1964 йилининг 13 мартида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида туғилган. 1986 йилда ҳозирги ЎзМУ журналистика факултетида тамомлаган. Илк шеърий тўплами “Тазарру саодати” 1991 йил чоп этилган. Шундан сўнг “Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Саҳройи гуллар”, “Сиз ҳамон ўшасиз”, “Сизни севмай бўладими”, “Баҳорнинг энг сўнгги лоласи”, “Чиройлисан, тенги йўқ” , “Кўксимни куйдирган аланга”, “Осмон тўла орзулар” китоблари чоп этилган. Унинг ҳикоялар тўплами  рус тилида “Лучезарная” номи билан нашрдан чиққан. Муҳаммад Исмоил асарлари асосида “Изғиринли кунларнинг бири”, “Қисмат”, “Ой чиқмаган оқшом”, “Янги ой чиққан кеча”, “Моҳинур”, “Атиргул”, “Балоғат бекати”, “Юлдузсиз осмон” “Қалбим ардоғи” каби видеофилмлар экранлаштирилган. Элликдан ортиқ шеърлари қўшиқ бўлиб, кўпдан буён куйланиб келинмоқда. Муҳаммад Исмоил ўз вақтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиётни тарғиб қилиш бюроси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий консултанти, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари, “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси, “Ўзбекистон” телеканали бош директори ўринбосари, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ деректор ўринбосари – бош муҳаррир, “ Янги Сирдарё” газетаси Бош муҳаррири лавозимларида ишлаб келган.Ҳозирда “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири сифатида фаолият юритмоқда. Ёзувчи Эркин Усмонов адиб ҳақида “Ошуфта кўнгил” номли китоб ёзган.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Муҳаммад Исмоил бир неча халқаро ва республика мукофотлари соҳибидир.

    Таниқли ўзбек адиби Муҳаммад Исмоилни таббарук 60  ёши билан табриклар эканмиз, унга янги ижодий парвозлар, Янги Ўзбекистонни қуриш ва Учинчи Ренессанс асосларини яратишга муносиб ҳисса қўшишда улкан зафарлар тилаймиз!

Носир  Тоиров,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×