Бокуда Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари бошланди
Озарбайжонда Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари бошланди. Тантанали маданий тадбирлар Озарбайжон Миллий фанлар академияси M. Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистонга оид қўлёзмаларга бағишланган ноёб кўргазма ҳамда «Ўзбекистон ва Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти» мавзусидаги давра суҳбати билан очилди.
Кўргазма ҳақида гапирганда, институт илк бор ўз коллекциясининг мутлақ дурдоналарини тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўргазмадан Ибн Синонинг 1258 йилда нусха кўчирилган ва ЮНEСКО қўлёзма мероси рўйхатига киритилган «Тиб қонунлари» асари, Алишер Навоийнинг ҳаётлигида унинг дастхати билан чоп этилган «Ғаройиб ус-сиғар» девони, XVII асрга оид «Бобурнома» ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар жой олди.
«Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида» янги китоб-альбоми тақдимотида Озарбайжон тарихи миллий музейи раҳбари академик Ноила Велихонли, Озарбайжон Миллий санъат музейи ва Миллий гилам музейи раҳбари доктор Ширин Меликова, Озарбайжон Миллий фанлар академияси M. Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти раҳбари академик Теймур Каримли ва бошқалар сўзга чиқди. Жами 20 дан ортиқ маърузалар тингланди. Тадбирда Озарбайжон ва Ўзбекистондан 4 нафар фан академиги, 20 нафардан ортиқ фан докторлари иштирок этди.
Тадбир доирасида Озарбайжон тарих ва санъат музейлари, Гилам музейи ва Озарбайжон қўлёзмалар институтига «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидаги 50 жилдли суратларга бой китоб-альбомларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Китоб-альбомларни олиш учун сертификатларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, лойиҳа таҳрир ҳайъати раиси, академик Акмал Саидов топширди. У «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида гапириб, бу йўналишда фаолият олиб бораётган озарбайжонлик олим ва тадқиқотчиларга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) номидан сертификатлар топширди.
Давра суҳбати илмий кашфиётлар ва янги лойиҳалар ҳақидаги фикр алмашувларга бой бўлди: масалан, Озарбайжон Қўлёзмалар институти Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) га атоқли форс астрономи Ал-Сўфий қўлёзмасини таржима қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, унинг факсимилеси нашр этилган. (Бутунжаҳон жамияти, 2023 йил).
– Ўзбекистон ва Озарбайжон – тили, анъана ва урф-одатлари жиҳатидан бир-бирига жуда яқин давлатлар. Бугун икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг таълим соҳасидаги ташаббуслари туфайли илмий ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб бормоқда, икки давлат ўртасида тобора кўпроқ қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бугун биз озарбайжонлик ҳамкасбларимиз ва Бутунжаҳон жамияти аъзолари билан биргаликда тақдим этаётган суратларга бой китоб-альбомда нодир нумизматик коллекциялар таркибида Бухоро амирининг совғалари – зарҳал кумушдан ясалган Қуръон ғилофи, шунингдек, зарҳал ва сир билан қопланган, нафис безатилган ва ўйиб ишланган идишлар тўплами, Бухоро амири Саид Мир Абдулаҳадхоннинг ноёб фотосурати, XIX асрнинг ажойиб сўзаналари ва бошқа осори атиқалар – ўзбек маданияти ва санъати хазиналари, жумладан, қўлёзма мероси, олимлар, шоирлар, маданият арбобларининг араб, форс ва ўзбек тилларидаги қўлёзма нусхалари ҳам бор, – дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) раиси Фирдавс Абдухолиқов.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси ҳомийси Бахтиёр Фозилов бошчилигидаги Eriell Group нефть-сервис компаниясидир.
M. Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти бош директори, академик Теймур Каримли ўзбек заминининг институтда сақланаётган ноёб қўлёзма мероси ҳақида сўз юритди: «Институтимизда буюк олим Абу Али ибн Синонинг ноёб қўлёзмалари сақланади. Бу қўлёзмаларнинг 200 га яқини ҳақидаги маълумотлар Бутунжаҳон жамиятига юборилган ва уларнинг кўпчилиги Озарбайжон тўпламларидаги ўзбек меросига оид янги жилдга киритилган».
У «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг Озарбайжон музейлари билан самарали ҳамкорлигидан ғоят мамнун эканини билдирди.
– Бундай яқин илмий, маданий ва дўстона алоқалар Ўзбекистоннинг бой маданий меросини бутун дунёга танитиш каби буюк миссияни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса жуда муҳим ва қадрли, – дейди академик Теймур Каримли.
Озарбайжон тарихи музейи бош директори, академик Ноила Велихонли ҳам шундай кенг кўламли лойиҳа амалга оширилаётгани учун Бутунжаҳон жамиятига миннатдорлик билдирди.
– Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятидан ўзбек маданий меросига оид илгари чуқур ўрганилмаган материалларнинг улкан қатламини тўплагани учун миннатдорман. Музейимиз ходимлари китоб-альбом яратиш лойиҳасида чуқур мамнуният билан иштирок этдилар ва бу бизнинг изланишларимиз ва илмий алоқаларимизнинг бошланиши, деб ўйлайман, – деди академик Ноила Велихонли.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов иштирок этди.
Маълумот учун: WOSCU мутахассислари китоб-альбом устида ишлаш жараёнида Озарбайжонга бир қатор ижодий сафарларда бўлишган. Улар Низомий Ганжавий таваллудининг 800 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда, шунингдек, Боку шаҳрида 2023 йилда туркий халқларнинг миллий мусиқа санъати мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этишди. 2022 йил декабрь ойида WOSCU делегацияси Озарбайжон Миллий фанлар академияси M. Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбайжон Миллий санъат музейи, Озарбайжон тарихи миллий музейи ва Гилам музейи раҳбарияти билан илмий ташриф ва учрашувлар ташкил қилинди.