8.3 C
Узбекистан
Суббота, 23 ноября, 2024

Кексалар учун саёҳатнинг муҳимлиги нимада?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласидан кекса авлод вакилларидан иборат гуруҳ ҳукуматимиз томонидан «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилинган ноябрь ойида Бухоро ҳамда қўшни Тожикистоннинг қадимий шаҳри Хўжандга саёҳат қилиб қайтди. Хўш, кексаларни саёҳатга, узоқ йўлга чиқишга нима мажбур қилди? Бундан кўра оёқларини узатиб, кўк чойни ичиб, телевизор кўриш яхши эмасмиди?

Юртимизга келадиган хорижлик сайёҳларнинг аксариятини пенсия ёшидагилар ташкил этишини кўриб, биз уларга нима зарур, ўзи зўрға оёғини судраб босади-ю, шунча йўлга келибди, бунинг устига ёдгорликлар бўйлаб пиёда юради. “Булар чарчамайдими? Уйида тинчгина юрса, сарфлаган пулини еб-ичса, фарзанди набиралари тўйига сарфласа бўлмайдими?”, деган фикрларга борардик.

Эндиликда ўзимизнинг қариялар ҳам юрадиган, дунёни кўрадиган ва ўзларини дунёга кўрсатадиган бўлди. Бунга яна бир кучли туртки – давлатимиз томонидан нуронийларнинг саёҳат қилишга бўлган интилишини қўллаб-қувватланиши бўлди. Ҳукуматнинг 2020 йил 28 майдаги қарори билан мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ноябрь ойи «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилинди.

Куни кеча Боғимайдон маҳалласининг тиниб-тинчимас отахонлари Хўжандда бўлиб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Саёҳатни ташкил этишни «Shaherezada Sam Star Tour» агентлиги менежери Ғанишер Абданов ўз зиммасига олди. У агентликнинг Тожикистондаги ҳамкори “Panjakent-intour” сайёҳлик фирмаси билан биргаликда икки кунлик саёҳат дастурини ишлаб чиқди.

Замонавий қулай микроавтобусда хушмуомала ҳайдовчи Санжар Сирожев муйсафид туристларни Самарқанддан Тожикистон чегарасигача олиб борди. “Ойбек” чегара-божхона постидан ўтгач, меҳмонларни “Panjakent-intour” сайёҳлик фирмаси гид – йўл бошловчиси Ҳусейн Исматуллоев ва ҳайдовчи Хуршед Жўраев кутиб олди.

Ушбу саёҳатни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган боғимайдонлик фаол Паҳлавон Хўжаев ҳикоя қилади:

– Аввалидан айтиб қўяй, Ҳусейн ва Хуршеднинг хизматларидан минг карра розимиз, биз катта завқ-шавқ билан саёҳат қилдик. Хўжанд 2500 йилдан кўпроқ тарихи давомида жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлган экан. Биз тарих-этнография ва археология  музейларида бўлдик, шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишдик. Машҳур шоир Камоли Хўжандий ҳайкалини кўрдик, рамзий мақбарасини зиёрат қилдик. Саёҳатдан бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Боғимайдон маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, умрини фақат ўқитувчилик билан ўтказган, деярли чорак аср мактаб директори лавозимида ишлаган Азам Аламов бу каби саёҳатлар ёши улуғларга нима бериши, қандай таъсир этиши ҳақида шундай фикр билдирди:

–Биз, нуронийларга нима керак? Хотиржам бўлсак, кунимизни мазмунли ўтказсак, атрофдагиларга, айниқса, ёшларга фойдамиз тегса, соғлом турмуш тарзига амал қилсак, бундан ортиғи керак эмас деб ўйлайман. Уйимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон бўлганда, биз бемалол кексалик гаштини суриш имконига эга бўламиз. Жумладан, саёҳатга чиқиш тенгдошларимиз билан доимий мулоқотда бўлишга, бир-биримиздан хабардор бўлиб туришга, вақтимизни самарали ва мазмунли, катта завқ-шавқ билан ўтказишга имкон беради. Хўжанд шаҳрига қилган икки кунлик саёҳатимиз бу ҳақиқатни яна бир бор яққол исботлади. Саёҳатга чиқиш, дунё кўриш ҳар бир киши учун муҳимлиги халқимизнинг “Юрган – дарё, ўтирган – бўйро” деган мақолида ҳам ўз ифодасини топган.

Кекса сайёҳлардан яна бири Неъмат Ҳаитов хотирасида узоқ муҳрланиб қоладиган воқеалардан бири таниқли санъакор Жўрабек Муродов музейига қилинган ташриф эканлигини таъкидлаб, шундай деди:

–Хўжандда шундай музей борлигини эшитмаган эдим. Сафаримизнинг иккинчи куни ортқа қайтишимиздан олдин йўл бошловчи Ҳусейн эл севган ҳофиз Жўрабек Муродов музейига боришимиз мумкинлигини айтганида, ҳаммамиз қувондик. Ҳа, адашмаган эканмиз. Музейда санъаткор ҳаёти ва ижодини яққол кўрсата оладиган экспонатлар кўплигидан ҳайратга тушдик. Музейда “Нури Хўжанд” номи билан шашмақом ансамбли фаолият юргизаётган экан. Биз улар билан биргаликда ҳофизнинг қўшиқларидан бирини ижро этдик. Мен созандаларга қўшилиб, дойра чалдим, биз билан бирга саёҳатга чиққан кучли овоз соҳиби Баҳодур ака хонандалар билан биргаликда қўшиқ айтди. Биладиганлар бу музейни дунёда мавжуд санъаткорлар музейлари орасида энг яхшиларидан бири эканлагини уқтиришар экан. Жўрабек Муродовнинг ўзи музейни “муҳаббатхона” деб ташбеҳ берган дейишади.

Охирида икки оғиз гапимиз бор. Ҳукумат қарори билан кексалар учун туризм ойлиги эълон қилинган экан, нуроний сайёҳларга қандайдир ёрдам кўрсатилмоқдами? Юқорида тилга олинган қарорда ҳамда Президентнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида нуронийдар саёҳатини ташкил этишда қатор чегирмалар белгилаш кераклиги ва бу ҳақда тегишли ташкилотлар сайтларида маълумот бериш лозимлиги кўрсатилган. Аммо амалда-чи?

Камина кекса сайёҳлар билан Бухоро ва Хўжандда бўлдим. Лекин чегирмалар ҳақида эшитмадим…

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×