Ўзбекистон давлат консерваториясида Буюк Британия, Италия, Германия, Туркманистондан келган моҳир созандалар ижросида концерт дастурлари бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 18 ноябрдан 23 ноябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида илк бор “Олтин куз” I халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади.
Бу Ўзбекистонда яна бир муҳим воқеликка айланиши шубҳасиз. Фестивалда нафақат юртимиз, балки Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркманистон, Қирғизистон каби турли давлатлардан ҳам ижодкорлар ва мусиқачилар иштирок этади. Тошкент шаҳридаги катта саҳналар Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта ва орган залларида, “Туркистон” санъат саройи саҳнасида скрипка, виолончель, пианино ижрочилари, дирижёрлар ва ҳамда оркестр жамоалари ўз санъатларини намойиш қиладилар.
Мақсади – халқаро тоифадаги барча етакчи оркестрлар ва ижрочилар ўртасида дўстона муносабатлар ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини таъминлашдир. Ғарб ва шарқ мамлакатларининг классик мусиқасини намоён этишда ушбу фестивалнинг ўрни беқиёс.
Таклиф этилган камер оркестр ва якка ижрочилар ўзларининг репертуарларидан ўрин олган дурдона асарларни моҳирона ижролари билан Ўзбекистонда намойиш этиши катта мактаб вазифасини ўтайди.
Ҳар бир фестиваль — янги юлдузлар, янги номлар, янги таассуротлар, кенг ахборот ва мусиқа билан мулоқотнинг ажойиб бир шаклини ҳосил қилади. Унинг иштирокчилари турли хорижий давлатлардан келишига қарамай, улар ягона – мусиқа тилида сўзлашади. Бу миллат танламас тилдир.
Албатта, ушбу халқаро мусиқа фестивали томошабинлар орасида ҳам, профессионаллар орасида ҳам эътирофга сазовор бўлади. Чунки фестиваль доим байрам, ёрқин мусиқий жилолар ва истеъдодли номларнинг калейдоскопи ҳисобланади.