25 сентябр куни Қатар давлатида ўз ишини бошлаган ХХII Ислом дунёси маданият вазирларининг “Ислом оламида маданий тадбирларнинг янгиланиши томон” мавзусидаги 12-конференсиясида Ўзбекистон ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзининг телеграм каналида ёзди.
«Конференция кун тартибида дунё маданий сиёсатининг етакчи тамойиллари ва барқарор ривожланиш кўрсаткичлари, ислом оламида инсониятнинг барҳаёт бойликлари ва анъанавий билимларини қадрлаш, маданий бойликларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Энг муҳими, конференсия доирасида 2025 йил Самарқанд Ислом дунёси маданият пойтахти деб тасдиқланди. Бу мақом бизга яна бир карра дунёга маданий меросимизни намоён этиш имконини тақдим этади» дейилади хабарда.