Туркияда ёз таътили ҳақида сўз кетганда, энг кўп тилга олинадиган манзиллардан бири, Ўрта Ер ва Эгей денгизларининг туташган нуқтасида жойлашган Муғла вилоятининг гўзал туманларидан бири Бодрумдир. Сўлим манзаралари ва тарихий диққатга сазовор жойлари билан Бодрум, ҳар йили миллионлаб сайёҳларни қабул қилиши билан бирга, ҳашаматли ва сокин Турк Эгей турмуш тарзини уйғунлаштиради.
Бодрумнинг ёрқин ва дунёга машҳур тунги ҳаёти, мовий круизлардан сув остига шўнғишгача бўлган ноёб тажрибалар ва барча саёҳатсеварларни мамнун эта оладиган чексиз хилма-хилликни тақдим этади. Бундан ташқари, минтақадаги ресторанларда турк ва жаҳон ошхонасининг ёрқин намуналари мавжуд. Биз ушбу махсус йўналиш бўйича кашф этишингиз керак бўлган ажойиботларнинг рўйхатини туздик. Келинг, бирма-бир уларни кўриб чиқамиз.
Феруза ранг денгизларда ғайриоддий саргузаштлар
Ўрмон манзарали ажойиб кўрфазлари, “мовий байроқ” ёрлиғига эга бўлган олтин қумли соҳиллари ва зилол сувлари Бодрумнинг ўзига хос хусусиятларидан фақатгина бир қисмидир. Ушбу жаннатмакон манзилдаги ҳар бир йўл ажиб кўрфазларга олиб чиқади. Гумбет, Битез ва Туркбуку каби машҳур Бодрум соҳилларида қуёш ва мусаффо ҳаводан роҳатланиш билан бир қаторда, соҳилнинг махсус кўнгилочар клубларида кечани кўтаринки кайфиятда якунлашингиз мумкин. Туркиядаги мовий саёҳат тушунчасининг ватани бўлган Бодрум, ҳар йили сон-саноқсиз денгизчиларни яхта ва қайиқларига таклиф қилади. Гумушлук, Битез, Яликавак, Аспат, Женнет ва Иассослар круиз саёҳатлари учун энг машҳур кўрфазлардандир. Шунингдек, сиз қайиғингизни Бодрум қирғоқларидан бирига боғлашингиз ва шаҳарнинг мўъжизавий гўзалликларидан завқланишингиз мумкин.
Ҳашаматли турар жой танлаш
Дунё даражасидаги беш юлдузли меҳмондўстлик ва сизда ўзгача ҳиссиёт уйғота оладиган биринчи даражали турар жой имкониятлари Бодрумнинг энг юқори талабларидан биридир. Йирик халқаро меҳмонхоналардан тортиб турк меҳмонхоналар тармоғигача, бутик меҳмонхоналардан ҳашаматли дам олиш масканларигача Бодрум бебаҳо турар жой имкониятига эга. Замонавий жиҳозлар, ВИП хизматлар, курортлар, хусусий соҳиллар ва бассейнлар каби эксклюзив меҳмонхона хизматлари билан жиҳозланган Бодрум меҳмонхоналарида, замонавий ва қулай турар жойлар ўз меҳмонларини кутмоқда. Бодрумнинг ҳашаматли меҳмонхоналарида дунёга машҳур кўплаб ресторанлар ҳам бор.
Турк Эгей ошпазлик бекати
Бодрум ўзининг барра ўтлари, денгиз маҳсулотлари ва Эгей лаззатлари билан бойитилган ҳақиқий ресторанлари, шунингдек, жаҳон ошхонасининг энг яхши намуналарини тақдим этувчи овқатланиш жойлари билан машҳур. Бодрум Измир билан биргаликда, Эгей ва Ўрта Ер денгизи таомлари билан бу йил “Мichelin Guide” қўлланмасининг Туркия харитасида энг янги йўналишлардан бири бўлади. 2023 йил 9 ноябрда Бодрумдаги Мичелин юлдузли ресторанлар Истанбулда ўтказиладиган махсус маросимда эълон қилинади. Танланган ресторанлардан бирида овқатланиб, Бодрумнинг ҳайратланарли қуёш ботиши билан ўзгача Мичелин маросимидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Ўтмишнинг ғаройиб тарихий ёдгорликлари билан мозийга саёҳат
Бодрум ўзининг тарихий харобалари, ёдгорликлари ва тарихни эслатувчи тор кўчалари билан очиқ осмон остидаги музейни эслатувчи сеҳрли манзил саналади. Мусаффо сувлари, гўзал соҳиллари ва тарих излари билан шаҳар ташриф буюрувчиларга унутилмас кашфиёт имкониятларини тақдим этади. Бодрум Каря, Форс, Эллин, Рим, Шарқий Рим ва Усмонли империялари каби турли маданиятларга гувоҳ бўлган. Ушбу даврларга оид асосий қолдиқларни шаҳарда ҳам топиш мумкин. ХV асрда Родос рицарлари томонидан қурилган Бодрум қалъаси ва қалъа ичида жойлашган сув ости музейи Бодрумнинг тарихий қийматини яхшироқ тушуниш имконини берувчи масканлар сирасига киради. 1995 йил Европа “Йил Музейи” мукофотига сазовор бўлган Музейда Туркияда топилган кема ҳалокати қолдиқлари билан бирга кўплаб асарлар кўриш мумкин. Бундан ташқари, қадим дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналган Галикарнас харобаси Бодрумда албатта кўриш керак бўлган жойлар сирасига киради.