Караван таътиллари борган сари оммалашиб бораётган фаолият тури бўлиб, бўш вақтларида янги маршрутларни кашф қилишни хоҳловчи саёҳатчиларга ёқимли саргузаштларни тақдим этади. Туркия караван саёҳатчиларига кўплаб имкониятлар ва илҳомлантирувчи йўналишларни таклиф қилади. Мамлакатнинг диққатга сазовор яшил ва мовий манзаралари, қадимий шаҳарлари ва гўзал қишлоқлари ҳамда мазали таомлари ғилдирак устида саёҳат қилишнинг қийматини янада ошириши табиий.
Эгей денгизидан Ўрта Ер денгизига қадар
Чаноққалъадан бошланган бу гўзал маршрут Шимолий Эгейнинг тарихий марказидан ўтиб, Турк Ривиерасининг севимли порт шаҳри бўлган Анталиягача cho’ziladi… Бошланиш нуқтаси Чаноққалъа, айниқса тарихга қизиққан ҳар бир киши учун сон-саноқсиз имкониятларни тақдим этади. Қадимги Троя шаҳрини ўрганишингиз, Гомернинг «Илиада» ва «Одиссея» достонларининг келиб чиқиши Чаноққалъа эканлигини идрок этган ҳолда кузатишингиз ва Европа музей академияси махсус мукофотига сазовор бўлган Троя музейига ташриф буюришингиз мумкин. Чаноққалъанинг кўзга яқин бўлган шаҳарчаси Айважикга келганингизда, қадимий Ассос шаҳрини кашф қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, Ида тоғининг этагида жойлашган Айважикда карвонингизни тўхтатишингиз мумкин бўлган бир нечта лагерь ва глампинг ҳудудлари мавжуд.
Йўлнинг давоми бўлган Ўрта Ер денгизи ва Эгей денгизларининг туташган нуқтасида жойлашган Муғлада ҳар бири алоҳида туризм жаннати бўлган Бодрум, Фетҳие, Мармарис, Датча ва Кўйжегиз каби кўплаб соҳил бўйидаги шаҳарлар сизни кутмоқда. Кўк ва яшил ўзаро уйғунлашган ушбу ажойиб маршрутда сиз Бодрумда кўпроқ вақт ўтказишингиз мумкин. Ушбу ёрқин дам олиш маркази машҳур Бодрум сув ости музейи ва Галикарнас мақбараси билан бирга жонли ўйин-кулгиларни таклиф этади. Чуқур илдиз отган цивилизациялар изларини кашф қилиш учун сиз қадимий Лагина, Қадимги Гераклея шаҳрини, Стратоникеиа ва Книдос қадимий шаҳарларини ўзингиз учун кашф қилишингиз мумкин. Датча ярим оролининг энг чеккасида жойлашган муҳташам қадимий Книдос шаҳри бўйлаб сайр қилганингиздан сўнг ўзига хос сокинлиги билан эътиборни тортадиган Датчага ташриф буюришингиз мумкин.
Шунингдек, ушбу маршрутда Бабадағнинг этагида жойлашган Ўлудениз ва Капалаклар водийси соҳиллари мавжуд бўлиб, улар дунёдаги энг гўзал соҳиллардан ҳисобланади. Вилоятдаги қарағай дарахтлари соясида караванингизни тўхтатишингиз мумкин бўлган кўплаб объектлар ва ҳудудлар мавжуд. Бу ерда бўлганингизда, Бабадағ этакларида, Туркиянинг энг машҳур парапланда учиш машғулотидан завқ олишингиз мумкин.
Анталия – дунёдаги энг кўп “мовий байроқ”ни қўлга киритган шаҳар
Энг кўп Мовий байроқли соҳилларга эга бўлган Анталия, денгиз қирғоғи ва мўъжизакор табиати билан эътиборни тортади. Бу тарихий хазиналар орасидан Ксантҳос қадимий шаҳри ва унинг диний маркази Летун, Сиде, Перге, Аспендос, Мира ва Патара шаҳарнинг улуғвор қадимий шаҳарларини кашф қилишингиз мумкин. Ликия, Писидия маданий мерос йўли ва Санкт-Пол йўли каби дунёга машҳур пиёда юриш йўлларидан баъзилари Анталия вилоятида жойлашган. Туркия ва дунё таниган сув остига шўнғиш туризми маркази Каш ҳам ушбу вилоят чегаралари ичида жойлашган. Кашга келганингизда, дунёдаги энг гўзал пляжлардан бири бўлган Капуташ соҳилига тўхтаб ўтишни унутманг.
Ўрмонлар йўналиши: Қора денгиз соҳиллари
Туркиянинг шимолидан жой олган кўз қамаштирувчи Қора денгиз минтақаси, денгиз ва ўрмонли тоғ ёнбағирлари туташган қирғоқ чизиғига эга. Шунингдек, минтақа Туркиянинг энг машҳур караван саёҳати йўлларидан биридир. Истанбулдан Қора денгизга караванда йўлга чиққанингизда, ям-яшил ўрмонлар билан қопланган, салқин ва мусаффо ҳаво ва яшилнинг ҳар хил тусини тақдим этувчи илк тўхташ жойингиз Бўлу бўлади. Сиз Бўлудан Сафранболуга томон ҳаракатланар экансиз, анвойи гуллар билан қопланган деразаларига эга бўлган турли ёғочли турк уйларини учратасиз. У ердан гўзал Кастамонуга йўл олишингиз мумкин.
Ўзининг табиий гўзаллиги билан ташриф буюрувчиларни мафтун этадиган Самсун тарихий порт шаҳри бўлиб, бу ерда сиз Қизилирмоқ дельтаси қушлар қўриқхонасига ташриф буюришингиз мумкин. Самсундан кейин йўл сизни табиий гўзаллиги билан машҳур Орду шаҳрига олиб боради. Ордуда бўлганингизда Першембе ва Чамбаши платолари, Чисели ва Узундере шаршаралари, Гейилмез канёни ва замонавий ҳаётни соддалик билан уйғунлаштирган Ешилже қишлоғи кўришингиз керак бўлган жойлардан фақат бир нечтасидир. Кейинги бекат саналмиш Трабзонда сизни ҳақиқий маданият хазинаси кутмоқда. Сумела монастири Туркия ва Трабзоннинг энг муҳим маданий меросларидан биридир. Шарқий Рим империяси даврида тик қоя устига қурилган бу ажойиб монастирь 2000 йилдан бери ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатидан жой олиб келмоқда. Қора денгизнинг энг гўзал маршрутлари бўлмиш Ризе ва Артвинда сиз тоғ ёнбағирлари, зумрад-яшил платоларга дуч келасиз. Бу яшил шаҳарларда мавсумий турк ошхонасининг ўзига хос услубини ҳам татиб кўришингиз мумкин. Ушбу минтақанинг овқатланиш дастурхонида турли хилдаги ўтлар ва сабзавотлар, айниқса, ҳамси майда балиғи асосий ўрин тутади.