ёки “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари биринчи бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов ҳақидаги хотиралар
Тўғриси, моҳир ташкилотчи ва журналист Раҳимжон Султоновдан устозимиз Аҳмаджон Мухторовни хотирлаб, шу кунларда Миллий матбуот марказида тадбир ташкил этилиши, “Аҳмаджон Мухторов – замондошлар хотирасида” номли китоб шаклидаги ёднома нашрга ҳозирлик кўрилаётганини эшитиб, таъсирландим. Устозни ёд этишга, бирга ишлаган кезларимдаги хотираларни эслашга фурсат етганидан қувондим.
Гапни очиғини айтганда, устозларга шогирдлари ҳақида бирон бир хулоса, тавсифнома ёзиш ёҳуд фикр билдириш қийин иш эмас, лекин шогирд бўла туриб, устозни серқирра фаолиятини кўрсатиб ўтиш, унга муносиб баҳо бериш мушкулдир, унчалик одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам мос келмас, балки.
Инсоннинг дунёга келишига ота-она сабабчи бўлса, унинг баркамол бўлиб вояга етишида устозлар алоҳида ўрин тутади, албатта. Доно халқимиз устозларни эъзозлаб: “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, деб бекорга айтишмаган бўлса, керак. Устоз ҳақида сўз юритилар экан Искандар Зулқарнайн тўғрисидаги бир ҳикоя хаёлимдан ўтди. Қайд этилишича, у ишғол қилган юртининг тахтига биринчи бўлиб устозини ўтказар экан. Бир куни ундан: “Нима учун бундай қиласиз?” деб сўрашганда: “Ота-онам туғилишимга, устозим эса юксалишимга сабабчи бўлганлар”, деган экан.
Замона зайли, тақдир тақозоси билан, мен ҳам 1990 йилнинг декабрь ойи охирида, устоз ташаббуси билан, янги ташкил этилган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ёрдамчиси, 1991 йилдан бошлаб, молиявий ва ташкилий ишлар бўйича бош муҳаррир ўринбосари лавозимларига ишга тайинлангандим. Шу пайтдан бошлаб, эрта тонгдан то субҳидамгача, яъни газеталар имзоланиб, нашриётга берилгунга қадар, устозни ёнида бўлганман. Ҳафтанинг ҳар куни туну-кун шу тариқа ишлаганмиз. Таҳририят катта жамоа эди. Айтиш жоизки, ўша пайтда парламент газеталари тариқасида таъсис этилган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” жамоаларида жами бўлиб, 225 кишига яқин ходим фаолият кўрсатгани шоҳидиман. Жамоада 17 миллат вакили ва барча вилоятлар намояндалари фаолият кўрсатарди. Устоз ўша даврда, ҳатто қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларида ҳам газеталар мухбирлик пунктларини очишга ҳаракат қилганди…
Ўзбекистон собиқ Шўро республикалари орасида биринчилардан бўлиб ўз Истиқлолини қўлга киритган муҳим бир паллада, бу нашрлар мамлакатимизнинг биринчи ва иккинчи рақамли газеталари шаклида рўйхатдан ўтиб, тарғибот ва ташвиқот минбари сифатида хизмат қила бошлаган эди. Айтиш мумкинки, ўша давр, мустақиллик бошланган даврдаги ўзбек журналистикасига пойдевор қўйиш пайти бўлган.
Устоз туфайли мен катта даргоҳга қадам қўйдим, оламу одамни танидим, аҳли қалам – таниқли журналисту шоир ва ёзувчилар, олиму уламолар билан янада яқиндан танишдим. Ҳар куни ўнлаб одамлар ўзининг дарди, ташвиши ва ҳаётий муаммолари билан А.Мухторов қабулига келарди. Ўша даврда бу даргоҳ камина учун катта мактаб бўлган эди.
Домланинг хислат ва фазилатларига келадиган бўлсак, биринчи бўлиб мен у одамда очиқлик, бағрикенглик, кенг феъллик, қўли очиқлик, меҳрибонлик, талабчанлик, ташаббускорлик, тиниб-тинчимаслик, жамоа аъзоларига ғамхўрлик ва энг муҳими ёзиладиган ҳар бир хабару мақолага ижодий ёндошиш, жиддийлик, факт ва рақамларни қайта-қайта синчковлик билан ўрганиб чиқишга эринмайдиган ўткир қалам соҳиби, бой тажрибали ва энг асосийси жасоратли муҳаррирни кўрганман. Мухтасар қилиб айтганда, миллий матбуот учун, ўзбек журналистлари ҳақида қайғурадиган, ижодкор ва қаламкашларни ҳимоя қилишга доимо шай турган мутахассисни, раҳбарни, инсонни ўзим учун кашф этганман.
Айни шу хислатлар туфайли, ўша даврда устоз раҳбарлик қилган ҳар иккала нашр ҳам ҳақиқий маънода пахтакору чорвадор, олиму уламо, талабаю нафақахўр, идораю ташкилотлар вакиллари, депутату ишчи ва парламент аъзолари, борингки, том маънода, ўз номига мос ва хос бўлган халқ сўзини акс эттирадиган ҳақиқий минбарга айланиб улгурганди. Ҳар иккала жамоада, ўша даврда нашр этиладиган республика ва вилоят газеталарида ишлаган ва фаолият юритган энг тажрибали, кўзга кўринган, журналистика соҳасида ўз йўлига эга ва таниқли қаламкашлар йиғилганди.
А.Мухторов бошқарган газеталар нишона сони билан халқ тилига тушиб, ўқувчилари кўпайгандан-кўпайди. Бу муваффақият ўша вақтда Ҳабиб Темир, Абдунаби Бойқўзиев, Набижон Собир, Ўринбой Усмон, Жўра Саъдулла, Муҳтарама Улуғ, Мукаррама Муродова, Ҳабибулла Олимжон, Тожиддин Раззоқ, Исмат Худоёр, Тоҳир Доли ўғли, Лев Пак, Озод Саидов, Лариса Левитас, Анатолий Ковалев, Эсиргап Боли каби ижодкорлар, Тоҳир Мирҳодиев, Турғун Назаров, Владимир Тюриков, Людмила Порфирьева каби масъул котиблар заҳмати эвазига келган эди. Камина, таҳририятни ташкил этиш билан боғлиқ юмушлар билан шуғуллагандим.
Очиғини айтганда, газеталарнинг ташкил этилиши, янги таҳририят сифатида очилиши, Ўзбекистон даврий матбуоти ичида ўз ўрнини топиш жараёни ва шаклланиши жадал суръатлар билан амалга ошган бўлсада, бир – бир ярим ёшли йил газета, жамоа ва уни бош муҳаррири учун жуда жиддий синовлар даври бўлганди. Бир тизимдан, иккинчи янги бир тизимга ўтиш давридаги алғов-далғовлар таҳририятни ҳам ўз домига тортган эди. Бир ёғда Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги талабалар чиқишлари, Тошкент вилоятининг Паркент ва Бўка туманларидаги тартибсизликлар, пул алмашиши газетачиларимиз учун оғир синовли дамлар эди.
Жиддий тўсиқлар, қарама-қаршиликлар, даврий нашрлар, газетачиликдаги рақобатларга қарамасдан, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” янги газеталар сифатида жуда тез орада халқ орасида донг таратгани бир ёқда турсин, омманинг дардига малҳам бўла оладиган хабару мақолалар, танқидий материаллар чоп этадиган, очиқлик ва шаффофлик минбарига айланган эди. Биргина мисол: 1991-1992 йилларда газеталар тиражи 1,5 миллион (“Халқ сўзи” бир миллион ва “Народное слово” 500 мингдан ортиқ) нусхада чиқар эди. Мана шуни ўзи ҳам катта, кўзга кўринган кўрсаткич эди, десак муболаға бўлмайди. Республикамизнинг турли гўшаю канорларидан, “газетанинг фалон номеридаги материал жуда ҳам зўр чиқибти, уни топса бўладими?”, қабилидаги телефонлар ва мурожаатлар куп бўлиб турарди.
Бугунги кунги назар билан қараб, ўша даврдаги таҳририят фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳақиқий маънода рақобат ўлчовини юқори поғоналарида бўлган, бошқа газеталарга намуна бўлиш эътирофига эришганди. Бу — барча касбдошларимиз эътироф этган далилдир.
Бундан ташқари, Матбуотчилар (собиқ Ленинградская) кўчасида жойлашган газеталарнинг пештоқида реклама шаклидаги “Халқ сўзи” ва “Народное слово” номлари рангли чироқли ёзувлар ҳам жозибадор бўлиб, илк маротаба шу икки газета яратилиши тарихига бориб тақалади ва шу тариқадаги рекламачиликка йўл очганди, десак хато қилмаган бўламиз. Собиқ Иттифоқ тугатилиб, мустақил давлат пайдо бўлиши, яъни бир тизимдан янги бир тизимга ўтиш даврида янги газеталарни шакллантириш, “нолдан” жамоа йиғиш осон иш эмас эди. Лекин, А.Мухторов бу ишни уддасидан чиқди. Жуда тез орада янги жамоа пайдо бўлди.
Очиқроқ айтадаган бўлсак, бу эса жамоани янада мазмунли, таъсирчан, нишонга бориб етадиган, долзарб мавзуларни топиб, оммага ҳавола этишга чорларди, ижодкорларга мадад ва маънавий озуқа берарди. Газеталарнинг ҳар бир сонида, албатта, устоз муаллифлигидаги материаллар бирин-кетин чоп этиларди. Устоз аксарият ҳолларда Аҳмаджон Мухторов, гоҳида Аҳмаджон Ғуломзода, баъзан Аҳмади Мухтор тахаллуслар билан материаллар ёзиб, Ўзбекистон журналистларига ўрнак бўла олган даражада мақолалар эълон қиларди. Бу эса, бошқа журналистларга, қаламкашларга туртки бўларди, десак муболаға бўлмайди. Долзарб, керакли ва давр талабларига жавоб бера оладиган материалларни ёзишда Бош муҳаррир шахсий намуна бўларди. Домла таъбири билан айтадиган бўлса, “теша тегмаган” фактларни топинглар, деб доимо таъкидлаб турардилар. Шунинг учун бўлса керак, газеталар номию обрўси халқ ичида, обуначилар орасида юксалди. Ўша даврда, газеталар чекка қишлоқларга ҳам бемалол етиб борарди.
Устоз, “бу кунларни ҳали ҳаммамиз вақти келиб, эслаб юрамиз, сизлар ҳар бир воқеа ва ҳодисаларни ўз дафтаринглар қайд этиб юринглар”, дерди. Чунки бу давр, ўзбек миллати, асрлар давомида аждодларимиз Ўзбекистонни мустақил алоҳида давлат сифатида кўришни орзу қилган ва унга эришган илк қадамлар қўйиш даври эди.
А.Мухторов ҳақиқий маънода, жамоада илғор “тажриба” мактабини яратган эди, десак ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Чунки, йўқ деганда, газеталарнинг ҳар бир сонида камида битта ёки иккита “сенсация” ва шов-шувларга сабаб бўла оладиган материаллар ўз аксини топарди. Ўша даврда, газеталарда чоп этилган танқидий материаллар қайсидир ташкилотга, ёки бўлмаса қайсидир раҳбарга ноқулайлик яратган бўлиши мумкин, лекин бугунги замонавий терминология билан айтадиган бўлсак, бу газеталарни “рейтинги”ни оширишга сабаб бўларди.
Заҳматкаш устоз ўша даврда матбуот жамиятда етакчи куч бўлишини истаган, шу ғояни амалга оширишни бошлаган ва исботлашга киришган бош муҳаррирлардан бири ва шу мақсад сари интилган журналистларнинг байроқдори/боши эди. Айтиш жоизки, “Ақл қайроғи, юрак қийноғи, сўзнинг қаймоғи бу—Газета!”деган ёзув раҳматлик Аҳмаджон Мухторовнинг ўзлари ижод қилган сатрлар эди.
Шу ўринда, устозни яна бир хислатларнини таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Юқорида, мен домла “жамоа аъзоларига ғамхўр” эдилар дегандим. Сўзимни исботи учун баъзи мисолларни келтирмоқчиман. Таҳририятда, Абдурашид ака деган қоровулимиз бўларди. Бир куни, устоз ҳол-аҳвол сўраб, “нима муаммолар бор” дедилар. Абдурашид ака, “қизларим вояга етган, уларни узатишим керак, лекин гилам, “палас”ларни топиш бироз муаммо бўлиб турибти”, деди. Ҳақиқатда ҳам шу буюмлар уша пайтларда тақчил бўларди. Домла, мани ҳузурларига чорлаб, республика “Хозторг” базаси раҳбарига телефон қилиб, муаммога ечим топиб, эртасига бутун жамоа аъзоларига етадиган гиламу паласлар сотилиши ташкил этилган, кичкина бир эътибор билан ҳаммани ҳожати чиқдию қолди. Ёки, 90-йилларда пойтахтда “фил” сурати туширилган машҳур қора чойи ёки “95” рақамли кўк чойни топиш қийин эди. Бу масалани ҳам ечиш имкони бўлди, Самарқанддаги чой фабрикадан таҳририятимиз жамоаси, қолаверса, бутун матбуотчилар биносидаги журналистларга ҳам етадиганидан даражада бир мошина чой олиб келишни ташкил қилиб, сотилиши таъминланганди ва ҳ.к.
Касбдошларимиз яхши билишади. Газетани газета қиладиган долзарб мавзулардаги тезкор материаллар бўлса, уларни мазмуни, тили ва таъсирчанлиги ундан ҳам муҳимроқ далил саналади. Бу мавзудан гап бошлашимни сабаби бор, албатта. Чунки, устоз таҳририятни ҳар бир мухбири ёзган материалдан тортиб, то бош муҳаррир ўринбосарлари ёзган мақолаларгача ўзлари бирма-бир ўқиб, таҳрир қилардилар. Ҳар бир материал қайта-қайта таҳрирдан ўтказиларди, сўнг саҳифа юзини кўрарди. Бугунги компьютер технологиялари ривожланган замонда, устидан ўқилган материалларни осонлик билан тузатиш мумкин, лекин 30 йил олдин шароит мутлоқ бошқача бўлган. Таҳрирдан чиққан материалларни қайтадан оққа кўчириш вақт талаб этарди. Бундан ташқари, устоз материалларни қайси саҳифага жойлаштириш, уларни макет ва безаш масаласида ҳам талабчан эдилар. Материалларнинг жозибадорлигини ошириш, газетхонларга қулайлик яратиш ва ҳар бир сонда газеталар кўринишида ҳам янгилик киритиш учун устозимиз тиниб тинчимай ишларди ва изланарди.
“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари Ўзбекистон Истиқлолини қўлга киритган кундан бошлаб, мамлакатимиз матбуоти саҳнасида юлдуз каби порлади. Бу ҳам бўлса, бош муҳаррирнинг ташкилотчилик қобилияти, бой тажрибаси, салоҳияти, дунёқараши, маҳорати ва имкониятлари билан чамбарчас боғлиқ эди.
А.Мухторов собиқ Иттифоқ Олий Совети депутати сифатида “Ўзбек иши”, “Пахта иши” деган ҳақоратларга қатъиятлик билан курашган миллат вакили, халқ ноиби, ватанпарвар ва халқпарвар инсон, журналист ва бош муҳаррир эди. Ўшанда, устоз бир икки-уч кун Тошкентда бўлса, икки кун Москвада бўларди. У собиқ Иттифоқ Олий Совети депутати сифатида Гдлян ва Ивановлар билан бевосита курашганлардан бири эди. Устоз 1990 йилда берган бир интервьюсида халқимиз бошига ёғилган ноҳақлик ва адолатсизликлар ҳақида гапира туриб, “Ўзбек журналистикаси шу даражада қолоқликка тушиб қолганки, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этганича Марказий матбуот саҳифаларидан туриб ҳайқирадиган азамат топилмади!” – деганди.
Депутат сифатида ҳам қанчадан қанча “Пахта иши” билан ноҳақ қамоққа олинганларни озодликка чиқаришга ҳисса қўшганди. У ҳам газетачилик, ҳам жамаот ва давлат ишларида фаол иштирок этишга вақт топарди. Шунга қарамасдан, таҳририят ишига, газеталарни янада сифат жиҳатдан яхшилашга улгурарди.
Аҳмаджон Мухторов ўзбек тилини мукаммал ўрганиш, давлат тилида иш юритиш, ёзиладиган материаллар тилини соддалаштириш ва газетачиликда учраб турадиган нуқсонларни бартараф этиш масаласига жиддий қарарди. Шу боис, “Ўзбек имло луғати”дан нусха кўчириб, ҳар бир бўлимга тарқатиб беришни талаб қилган эди. Жумладан, устознинг 1991 йилнинг 9 май сонидаги “Мен ҳам тил ўрганай, сиз ҳам тил ўрганинг” мақоласи ўзбек тили ҳақидаги қонун ижросига бағишлангани бежиз эмас эди. Бугунги кунда баъзи газеталар саҳифаларида тез-тез учраб туриладиган имло хатоларни кўриб, устоз кўтарган муаммо айни пайтда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини кўрамиз, шоҳиди бўламиз. Чунки газета бу ойна: кичикми, каттами — ҳар бир хато унда дарҳол ўз аксини топади. Бу эса жамоа иши ва юзини кўрсатадиган кўрсатгич.
Яна бир мисол, мустақилликка эришилгандан сўнг, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнини эгаллашга қаратилган ички ва ташқи сиёсат билан боғлиқ материаллар тайёрлаш, газеталарнинг ҳар сонида уларни эълон қилиб бориш муҳим аҳамият касб этган бир давр эди. Газетамиз Ўзбекистон мустақиллигининг биринчилардан бўлиб тан олган ва эътироф этган Туркия Жумҳурияти ҳақида қатор материаллар бериб бошлаган эди. Шу муносабат билан, А.Мухторов ташаббуси билан, Туркия Жумҳурияти асосчиси Камол Отатурк номини абадийлаштиришга қўл урилди ва тез орада, Тошкент шаҳрининг марказидаги ўша даврда Киров номли кўча ўрнида, Камол Отатурк кўчаси номи пайдо бўлди. Бу ҳам ҳар кун қиладиган ва ҳар ким қила оладиган иш эмас эди.
Таҳририятда яна бир яхши анъана бор эди. Бу ҳам бўлса, ҳар бир иш куни якунланиши билан, А.Мухторов бўлим мудирларини ҳузурларига даъват этиб, бир пиёла чой устида, амалга оширилган ишлар учун ташаккур дердилар. Бу эса, ходимларни оилалари бағрига яхши кайфият кириб боришларини таъминларди ва албатта, иш унумдорлигига яхши таъсир кўрсатувчи омил сифатида хизмат қиларди, раҳбарни ходимларга, жамоадошларига бўлган инсонийлик муносабатини англатарди.
Юқоридаги шу хотираларни ёзиш вақти фурсати етганидан фойдаланиб, ман устозларга эҳтиром кўрсатишни, аниқроқ айтганда, аждодларимизга муносиб авлод бўлишни истардим.
Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр юртимизда таваллудининг 582 йиллиги қайд этилган ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Хулласи калом, устоз фаолияти ҳақида ёзиш, улар ҳақида батафсил гапиришга жуда кўп вақт керак. Бугунги кунда, устозларни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бирилигини барчамиз яхши биламиз, тушунамиз. Шу боис, мустакил Узбекистон парламенти томонидан таъсис этилган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасини уша пайтдаги раиси Аҳмаджон Мухторов хотирасини абадийлаштириш масаласини кўриб чиқиш вақти ва фурсати етди деб, ўйлайман. Шунинг билан бирга, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети ва шунга ўхшаш турдош олий таълим даргоҳларининг журналистика ва оммавий ахборот воситалари факультетларида “Аҳмаджон Мухторов мактаби” деган тажриба ўрганиш курсларини ташкил этиш тақозо этилади. Журналистика соҳасидаги, давлат ва жамият олдидаги хизматлари, “Ўзбек иши” номи деган ҳақоратга тик туриб курашгани учун устозни “Буюк хизматлари учун”, “Ўзбекистон ифтихори” ёки “Эл-юрт ҳурмати” номли орденлар бири билан тақдирлаш вақти келди, деб уйлайман.
Аллоҳ устозни ва оламдан ўтиб кетган жамоадошларимизни охиратларини обод айласин!
Фахриддин ПАРПИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг
“Дунё” ахборот агентлиги директори ўринбосари,
вазирлик Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.
2023 йил, февраль.