8 C
Узбекистан
Пятница, 29 ноября, 2024

Сабр-матонатингга балли, Марҳабо!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,070участниковПодписаться
- Advertisement -

    Марҳабо Толипова Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги ўртаҳол оилада дунёга келган. Ҳозир 20 ёшда. Шунга қарамай, бошидан кўп синовларни ўтказди, таъбир жоиз бўлса, гоҳида ширин-тотли, гоҳида аччиқ-изтиробли ҳаёт қозонида қайнаб тобланди.

Батафсил: Бу қиз кўмакка муҳтож бўлиб эмас, бошқаларга ёрдам бериб яшашни хоҳлайди.

   Марҳабо Толипова Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги ўртаҳол оилада дунёга келган. Ҳозир 20 ёшда. Шунга қарамай, бошидан кўп синовларни ўтказди, таъбир жоиз бўлса, гоҳида ширин-тотли, гоҳида аччиқ-изтиробли ҳаёт қозонида қайнаб тобланди.

   Тенгдошлари орасида ақл-заковати билан кескин ажралиб турадиган Марҳабо ҳамма қатори юра олмайди. Бундан ниҳоятда қаттиқ изтироб чекади. Лекин у тўрт мучаси соғ бўла туриб, ҳаётидан нолийдиган ёки ўзини бечораҳол кўрсатиб, тиланчилик қиладиган кишилар йўлини танламади. Аксинча, бир нечта ҳунарни ўрганиб, бугунги кунда ҳалол меҳнат қилаяпти. Эвазига даромад орттириб, оила рўзғорига қут-барака киришига баҳоли қудрат ҳисса қўшаяпти.

    Мен Марҳабо билан синфдошман. Шунинг учун ҳам ўқитувчиларимиз дарс ўтиш учун ҳар куни биз билан бирга бу қиз яшайдиган уйга боришганини яхши биламан. Бунга жавобан у пухта билим олишга, берилган вазифаларни тўлиқ бажаришга ҳаракат қиларди…

    Яқинда Тошкентдан туғилиб ўсган шаҳрим Марғилонга борганимда Марҳабо билан учрашдим. Эшикдан кираётганимда онаси уни ногиронлик аравачасига кўтариб ўтказаётган экан. Мени кўриб, хижолат тортгандай бўлди ва кўзларини олиб қочди. Суҳбатимиз давомида эса ўзи ҳақида қуйидагилар гапириб берди:

    – Бирга ўқиган пайтларимиз сизлар мени ёлғизлатиб қўймадингизлар. Доимо бирга ўйнаб, бирга кулдингизлар. Мен бундан ниҳоятда қувонардим. Айни чоғда, ўз оёқларим билан юриб мактабга ҳам боргим, бошқа болалардек елиб-югуриб, қувлашмачоқ ўйнагим келарди. Бундай бахтдан мосуво бўлганим, уйда ўтириб қолганим учун кўпинча йиғлаб, онамни хуноб қилардим. Гўёки ҳаммасига у айбдордек, мени атай шундай дунёга келтиргандай ўпкалардим.

    Орадан йиллар ўтиб, аста-секин ақл-ҳушимни таниб олдим. Шунинг баробарида ногирон фарзандни боқиб парваришлаш ота-она ва оиланинг бош­­қа аъзолари учун катта азоб эканлигини англаб етдим. Пировардида тақдирга тан бериб, уларни ортиқча қийнамаслик, қолаверса, ўзимни овутиш илинжида тўқимачилик касбини ўрганишга аҳд қилдим. Бу ишни яхши ўзлаштириб олгач, қариндош-уруғларимиз ва қўни-қўшниларимиз буюртмаларини бажара бошладим. Ипакдан аввалига пайпоқлар, сўнгра камзул ва юбкалар тўқиб бердим. Мизожларимнинг мамнунлигини кўрганим сайин ўзимга ишонч янада мустаҳкамланаверди. Албатта, бу ўринда уйимизга келиб таълим берган ўқитувчиларимнинг, айниқса, мени мудом қўллаб-қувватлаган мактабимиз директори, раҳматли Маъмурахон Тўраева ҳамда устозим Гулнорахон Эргашеванинг хизматлари катта бўлди. Улар менинг тинмай олға интилишимга сабаб­­чи бўлишди.

    9-синфга ўтган йилим келинойимдан чеварликни ўргандим. Сўнгра ўзим мустақил равишда аёллар учун чиройли кўйлаклар тикишга киришдим. 16 ёшимда бу борадаги меҳнатим учун илк бор ҳақ олганимда қанчалар қувонганимни билсангиз эди…

    Энг муҳими, ўшанда мен ўзим ногирон бўлсам-да одамларга нафим тегиши мумкинлигига, кимлардир менинг ҳам ишимдан миннатдор бўлишига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Бу эса яшашга бўлган иштиёқимни янада кучайтирди.

    Буни қаранг, ҳам ўқиш, ҳам иш билан андармон бўлиб, икки йил қандай ўтганини сезмай қолибман. Кейин бундоқ қарасам, мактаб билан хайрлашадиган, олий ўқув юртида ўқийдиган пайт ҳам келиб қолибди. Аммо суйган бандаларига дард берадиган меҳрибон Аллоҳ бу сафар ҳам сабримни синади – мен кетма-кет икки йил ўқишга кира олмадим. Бундан қаттиқ хафа бўлиб, бир оз тушкунликка тушдим…

     Ана шундай ҳазин кунларнинг бирида қўшнимиз Озода Мелибоева бизникига чиқди. Ойим уйда эмасди. Шу боис, иккимиз узоқ суҳбатлашдик. Гапдан гап чиқиб, у анчадан буён ўзи шуғулланиб келаётган дўппидўзлик санъати ҳақида айтиб берди. Озода опанинг сўзларини тинглаб, менда бу ҳунарга қизиқиш уйғонди. Кўп ўтмай, Марғилоннинг машҳур ироқи дўпписини, қизлар кийганда ҳаммани кўзи қувнайдиган канава дўппи тайёрлашни ўргана бошладим. Ҳозир ойим ва синг­лим ҳам ёнимга қўшилган. Учаламиз ҳар ҳафтада 200-250 та дўппи тикамиз. Уларни ойим бозорга элтиб сотади. Тушган пул рўзғоримизни тебратиш, дадамга далда бўлиш учун асқатади. Ҳалол меҳнат мевасининг мазаси эса жуда-жуда тотли бўлади. Шунинг учун бу ҳунаримизни ҳозир ҳам давом эттираяпмиз.

    Яна бир қувончли хабар. Бу йил мен учун ҳар қачонгидан омадли келди. Фарғона давлат университетининг ­психология йўналиши бўйича давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиндим. Мана, икки ойдан ошибдики, астойдил ўқияпман. Ҳар куни амаким Ортиқжон Каримов университетга элтиб қўяди. Боришим биланоқ Элнура, Бахтиёр, Муслимбек каби курсдошларим кутиб олишади ва дарсларда тўлиқ қатнашишимга ёрдам беришади. Мен шундай меҳрибон ва садоқатли дўстларим борлиги учун Аллоҳга беадад шукроналар келтираман.

      Ҳа, айтганча, психолог касбини танлаганим бежиз эмас. Чунки инсон ҳаётида шундай вазиятлар бўладики, у кимнингдир далдасига, руҳан қўллаб-қувватлашига муҳтожлик сезади. Шундай дамларда дард-ҳасратини диққат билан тинглаб, тўғри йўл кўрсатадиган кишига суҳбатдош ва сирдош бўлгиси келади. Мен ўзимга ўхшаган одамлар қалбига йўл топиш учун ҳам руҳшунос бўлмоқчиман. Токи ногирон ҳолда туғилганидан ёки кейинчалик майиб-мажруҳ бўлиб қолганидан бу инсонларнинг кўнгли ўксимасин. Улар ўз аҳволидан ор қилишмасин, ўзгалар ёрдамига зор-интизор бўлишмасин, ҳуда-беҳуда тушкунликка тушиб, ҳеч қачон ўзларини кераксиз одамдек ҳис этишмасин!

                                                       Гулшаной АЛИЖОНОВА,                                                                ЎзЖОКУ талабаси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Яхши қўшничилик

Яхши қўшни қариндошдан ҳам яқин, нақли бежиз айтилмаган. Жанубдаги қўшнимиз Ўзбекистон жорий йили Қозоғистонга 4,7 млрд куб сув берди....

Больше похожих статей

×