Туркиянинг Бурса шаҳрида “Қўрқут ота” туркий халқлар кинофестивали бўлиб ўтди. Кинематография агентлиги ахборот хизматига кўра, фестиваль доирасида туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатлар киноижодкорларнинг саммити ташкил этилди.
Унда келажакдаги истиқболли лойиҳалар, мақсадлар муштараклиги ҳақида сўз юритилди. Киноижодкорлар ҳамкорлик учун таклиф этилаётган ўз лойиҳаларини тақдим этди. Фестиваль доирасида Тошкент шахридаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали Bahcesehir University, Istanbul Film Academy ва Istanbul Nisantasi University билан халқаро алоқалар ўрнатилди. Аҳамиятли жиҳати 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб филиалнинг “Драматургия” таълим йуналишида Netflix Series Script махсус фани киритилади.
Яна бир эътиборли жиҳати, Россия кинематографлари туркий тилли халқларнинг миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги 16 қисмдан иборат анимацион фильм ҳақида тақдимот қилди. Лойиҳа продюссери, муаллиф ва режиссёр Тимур Бекманбетов ҳам саммитда иштирок этиб, бу фильм Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишланаётганини, айни вақтда Ўзбекистонда анимация мактаби ижодкорлари билан биргаликда ишлаш мароқли бўлаётганини билдирди.
“Қўрқут ота” туркий халқлар кинофестивали доирасида “Ўзбекистон киноси кунлари” ўтказилгани ҳам қувонарли воқелик бўлди. Тадбирда ўзбек киноижодкорлари билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва ўзбек фильмлари намойиши ташкил этилди.
Фестивалнинг фильмлар намойиши дастуридан Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Акром Шохназаровнинг “101 рейс”, Иброҳим Расуловнинг “Муҳаббат баҳори” ва Фурқат Усмоновнинг “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильмлари жой олган бўлиб, Бурса кинотеатрларида фильмлар намойиш этилди.
Ушбу фестивалга 17 давлатдан 400 дан ортиқ киноижодкорлар ташриф буюрди. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр каби давлатлардан кино усталари иштирок этди. 57 та фильм икки йўналишда ғолиблик учун рақобатлашди.
Улар орасида ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам танлаб олиниб, фильмларимиз юртимизга соврин билан қайтди.
Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” бадиий фильми ҳамда Фурқат Усмоновнинг “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильми Гран-прига лойиқ деб топилди.
Жумладан, “Инсон” ҳужжатли фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича Гран-при билан мукофотланди. Соврин фильм режиссёри Фурқат Усмоновга топширилди. Мазкур кинокартина Кинематография агентлиги ҳамда “Spectre” студияси томонидан суратга олинган.
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Dilshoh media” киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг адашиб Сурияга кетган ватандошларимизни юртимизга қайтариш юзасидан амалга оширилган махсус операция ҳақида ҳикоя қилувчи “Аёл қисмати” бадиий фильми эса кинофестивалнинг энг нуфузли бош соврини “Энг яхши бадиий фильм” номинациясида ғолибликни қўлга киритиб, Гран-прига сазовор бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиевага фестивалнинг “Туркий халқлар кинематографиясига қўшган хизматлари учун” ҳамда киноактриса Юлдуз Ражабовага “Туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдўстлигига қўшган хизматлари учун” “ТУРКСОЙ” халқаро мукофоти топширилди.
Фестиваль доирасида “Энг креатив қисқа метражли фильм суратга олгани учун” БДКИ талабалари Акмал Абиджанов ва Саидаълохон Маъсудхоновлар фестивалнинг эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Маълумот учун айтиш керакки, “Қўрқут ота” учинчи халқаро кинофестивали эстафетаси Озарбайжонга топширилди. 2023 йил айни шу пайтда Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ушбу фестиваль яна туркий давлат киноижодкорларига ўз эшикларини очади.