Жорий йилнинг ноябр ойида Парижнинг Лувр музейида очиладиган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кенг миқёсли йирик кўргазмага тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
VII асрга оид ов саҳнаси тасвирланган машҳур деворий суратни қайта тиклаш ишлари якунланди. Ноёб экспонат Бухоро вилоятидаги қадимий Варахша қўрғонида 1953 йилда топилган. VII-VIII асрларда у ерда воҳа ҳукмдорлари — Бухорхудот сўғдийлар сулоласининг саройи бўлган.
Деворий суратнинг реставрация қилиш жараёнини Лувр музейининг реставратори Жералдин Фрай олиб борди. У Ўзбекистонга ташрифи мобайнида маҳаллий музей ашёлари мутахассислари учун қадимий Сўғд мўйқалам суратлари билан ишлаш бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтказди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Франциядан келган мутахассислар билан ҳамкорликда Лувр музейидаги кўргазмага тайёргарлик кўриш доирасида 70 та музей ашёларини реставрация қилиш ташаббускори бўлишга муваффақ бўлди.