Тарих тилсими
Илмсизлар билмагайлар, дунё надир, дин надир
бўлмаса ақлу билурми, фарз ила суннат надир.
Абдулла Авлоний
XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийдир. У 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласида, тўқувчи Миравлон ака оиласида дунёга келди.
Болалиги Миробод маҳалласининг эгри-бугри кўчаларида, кўпчилик қисмини руслар ташкил қилган темир йўл ишчилари болалари орасида кечди. Ўқчидаги эски мактабда, сўнг мадрасада ўқиди (1885-1886). Мустақил мутолаа билан шуғулланди. Араб, форс, рус тилларини ўрганди. Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб борди. Қисқа муддат ичида у маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатчиликнинг фаол намояндаларидан бирига айланди.
XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб-ўқув ишларида ўзгариш бўлди. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. Авлоний 1904 йилда Мирободда, сўнгроқ Дегрезликда (1903-14) худди шундай янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.
Абдулла Авлоний бошидан ҳар қандай қийинчиликлар ўтмасин, унинг ўз халқини истиқлол сари етаклашида ҳеч қандай куч қаршилик кўрсата олмас эди. У ўзи яшаб турган ватанини халқини шу қадар севадики, халқнинг эртанги куни, яъни халқи фаровон тараққий этган жамиятни доимо кўз ўнгида кўриб туради. Кишилик жамиятининг ривожи, тараққий этиши, эртанги куни унинг асосий манбаи бўлган фуқароларининг диний, дунёвий, сиёсий, ҳуқуқий ва фалсафий қарашларида илму маърифатнинг роли қанчалик муҳим эканлигига катта урғу беради. Шу сабабли у ёшлигиданоқ илмга чанқоқ ва бошқаларни ҳам бутун вужуди билан шу йўлга етаклайди. Илмсиз киши на динни на дунёни тўғри англай олмаслиги, яхши ёмону, дўсти душманни фарқига бормаслиги, ҳар қадамда алданиши, энг ачинарлиси тезда қарам бўлиб ва охир оқибатда ўзлигини йўқотишини ҳалокат деб билади. Шу сабабли эндигина ҳаётга қадам қўяётган ёш авлодни комил инсон бўлиб улғайиши, жамият корига яраши, тарбиясини бутун жамиятнинг иши деб билади.
Шу сабабли ҳам 1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи “Жамияти хайрия” очиб, етим болаларни ўқитди. “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” номли тўрт қисмдан иборат шеърий тўпламининг биринчи жузъини нашр қилдирди. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан шерикликда “Нашриёт” (1914), “Мактаб” (1916) ширкатларини тузди. “Тараққий”, “Шуҳрат” (1907), “Осиё” (1908), “Турон” (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси “Иштирокиюн”нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан бўлди. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930-1934 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ТошДУ) кафедрани бошқарди.
Авлоний 1927 йилда Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Авлоний 30 йилдан ортиқроқ ижод қилди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларининг, сўнг инқилобий талотумлару миллий-озодлик курашларининг гувоҳи бўлди. Ўтган давр ичида, ўзи таъкидлаганидек, “ўнлаб шеър ва мактаб китоблари, тўрт театр китоби”ни қолдирди. Унинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида гап кетганда, икки жиҳатини алоҳида таъкидлаш зарур: педагогик фаолияти ва адабий-бадиий ижоди. Унинг педагогик фаолияти, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари XX асрнинг бошларида янги босқичга кўтарилган маърифатчиликнинг хусусиятларини белгилашда муҳим манбалардандир.
Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишини таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. Унинг аввалги синф шогирдлари учун “Биринчи муаллим”и (1911) Октябр ўзгаришигача 4 марта, “Алифбедан сўнгги ўқув китоби” — “Иккинчи муаллим” (1912) 3 марта кайта нашр этилган. Ахлоқий-дидактик мазмундаги “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” дарслиги (1913) XX аср бошлари ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. Унда тарбия ва ахлоқ масалалари биринчи маротаба XX асрнинг талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Авлоний хулқларни анъанавий яхши ва ёмонга ажратар экан, мулоҳазаларини Гиппократ, Платон, Аристотель, Саъдий Шерозий, Бедил фикрлари билан далиллаган ҳолда замонавийликни асосий мезон қилиб олади. Адиб Ватан муҳаббатини унинг учун курашмоқни энг яхши инсоний хулқлардан ҳисоблади. Ватан — бу ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати. Уни қадрламоқ, севмоқ, яшартмоқ керак. Шоир Ватан ва унга муҳаббат деганда шуни тушунган эди. Тилга, маданиятга муҳаббат эса, ҳар бир кишининг ўз халқига бўлган муҳаббатидир: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан шеър, ҳикоялар ва мақолалар ёзган. Шуни айтиш керакки, Авлоний анча мураккаб ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. У адабиётга ғоявий курашлар ғоят кескинлашган бир даврда кириб келди. Ҳеч иккиланмасдан маърифат ва тараққиёт учун курашишини маслак этиб қабул қилди. Шоир шеърияти билан танишар экансиз, қизиқ бир ҳолга дуч келасиз. Унда бирорта ишқий шеър йўқ. У ижтимоий муаммоларни, эл-юрт ғамини муҳимроқ билади. Халқ ва Ватан бахтсизлиги оддида ҳар қандай муҳаббатни рад этади. Авлоний «Адвокатлик осонми?» (1914), «Пинак» (1915) комедиялари, 1914—17 йилларда ёзган «Биз ва Сиз», «Португалия инкилоби», «Икки севги» каби фожеавий асарлари билан ўзбек драматургиясининг майдонга келиши ва театрчиликнинг халқ орасига томир отишига муҳим ҳисса қўшди. Адвокат Давронбек орқали Туркистондаги ҳуқуқсизлик, дунёдан хабарсизликни фош этди. «Адвокатлик осонми?» деган асарида бир қатор кўкнори ва қиморбозлар образини яратиб, маънавий турмушнинг тубан бир ҳолга келиб қолганлини кўрсатди. Монархияга қарши кураш, байроғи остида кечган 1910 йилги Португалия инқилоби, 1909 йили Туркияда юз берган «Ёш турклар» инқилоби («Икки севги») ҳақида ёзиб, адабиётимизда мавзу ва ғоялар кўламини кенгайтирди. «Биз ва Сиз»да эса XX аср бошидаги Туркистоннинг эскилик ва янгилик борасидаги курашини аниқ тақдирлар мисолида ёритиб берди. Авлоний асосий ижодий фаолиятининг энг сермаҳсул йиллари 1917 йилдаги Октябр тўнтаришига кадар бўлган даврга тўғри келади.
Авлоний ижоди 60-йилларнинг охиридан ўрганила бошланди. Ҳозирда унинг турли жанрлардаги асарларидан намуналар алоҳида китоблар ҳолида чоп этилган. У 1934 йилда вафот этса-да, у қолдирган ўчмас из абадий-абад халқимизнинг қалбида муҳрланиб қолади.
Зулайҳо КАМАЛХОДЖАЕВА
ЎзМТДП Тошкент шахар
Кенгаши раис ўринбосари