Бугун Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси Халқаро медиа холл ташкил этилди.
Мазкур очилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Бошқарув раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар иштирок этишди.
Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини халқимизга ва халқаро жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний тарзда етказилишига кўмаклашиш мақсадида 60 та лойиҳани ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-дастури қабул қилинган эди.
Жорий йилги Президент сайловини холис ва ҳаққоний ёритишни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ЎзЭОАВМА томонидан ЎзЭОАВМА “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Халқаро медиа холл фаолиятини йўлга қўйиш дастури ишлаб чиқилди.
Медиа холл халқаро кузатувчилар, хорижий ва маҳаллий журналистлар, шунингдек, меҳмонлар учун мулоқот майдони бўла олади.
Халқаро медиа холл 2021 йилнинг 26 октябрига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.