Телевидениеда намойиш этилаётган “Эслаб-эслаб” кўрсатуви борган сари халқ орасида машҳур бўлиб бормоқда. Мен ҳам “кейинги кўрсатув қачон бўларкин”, — деб кутадиган бўлиб қолдим. Чунки унда, кўпинча, мен кўрган, суҳбатлашган, асарларидан бир дунё завқ олган ижодкорлар ҳам эсга олинаяпти.
“Эслаб-эслаб” кўрсатувининг яқинда намойиш этилган сонларининг бирида таниқли бухоролик шоир Чоршам Рўзиев, машҳур болалар шоири Қуддус Муҳаммадийни эслаб, у кишига атоқли давлат ва жамоат арбоби, йирик шоир ва ёзувчи, истеъдодли публицист, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ўзбек халқининг гениал фарзанди Шароф Рашидович Рашидовнинг бўлган катта эътибор ва меҳри ҳақида сўз юритдилар…
Шу гапларни эшитар эканман, 1962 йилда Тошкент Давлат университети физика факультети декани Н.А. Смирнов олдига бир иш билан борганим эсимга тушди. Шунда физик олимнинг олдига машҳур ўзбек болалар шоири Қуддус Муҳаммадий келдилар ва у киши билан момақалдироқ қандай рўй бериши, яшин нима, чақмоқ нима, улар қандай пайдо бўлиши каби физик ҳодисалар ҳақида гаплашдилар. Маълум бўлдики, шоир момақалдироқ тўғрисида шеър ёзаётган бўлиб, шу ҳодисани ўзлари чуқурроқ тушуниб олмоқчи бўлибдилар. Яъни шоир бирор нарса ёзмоқчи бўлса, аввал шу масаланинг барча қирраларини чуқур ўрганиб, мушоҳада қилар экан. Шунинг учун Қ. Муҳаммадий асарлари пишиқ-пухта бўлиб, ўқувчини ўзига ром этар эди…
Бир пайтлар Россияда ўзбек маданияти ва санъати декадаси бўлиб ўтади. Москванинг нуфузли Колонна залида Қуддус Муҳаммадий “Дум” номли шеърини ўқийди. Ҳали-ҳали шунда янграган гулдурос қарсаклар эсимда туради…
Қуддус ота катта истеъдод эгаси бўлиш билан бир қаторда, ниҳоятда камтарин инсон эди…
Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги бизнинг Файзиобод номли маҳалламизда 214-мактаб жойлашган. Мактабга кўп йиллар қатор ҳукумат мукофотларининг совриндори бўлган, тажрибали педагог Муҳайё опа Исмоилова директорлик қилган. Ўша пайтда мазкур мактабда аъло баҳолар билан менинг кичик укам Фозилхон таҳсил олар эди. Кўпинча мактабдан келар экан: “Ака, бугун мактабимизга катта шоир Қуддус Муҳаммадий келдилар. Учрашув зўр ўтди”, “Бугун яна Қуддус Муҳаммадий келдилар: “Сизлар – 214-мактаб ўқувчиларига бағишлаб, ушбу шеърларни ёздим”, — деб айтдилар”, — деб қувончини ўзига сиғдиролмай, таассуротлари билан ўртоқлашар эди.
Шуларни эслар эканман, “Эслаб-эслаб” телекўрсатуви ижодкорларига раҳмат, ижодингизга барака берсин!”дегим келди. “Эслаб-эслаб” бор бўлсин! Мухлислари кўпайсин. Учинчи Ренессансга, муносиб ҳисса қўшсин!
Носир Тоиров, сиёсатшунос