«Ўзбеккино» МАда ташкил этилган «Ассалом, Наврўз» кино-ойлиги доирасида «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг ташкилий масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Видеоконфереция шаклида ўтказилган анжуманда Франция, Германия, Буюк Британия, Россия, Эрон, Арманистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи киноэкспертлари, ташкилотчилар, тажрибали мутахассислар ва продюсерлар иштирок этишди.
FIAPF Халқаро федерацияси фестиваллари директори Флоренс Жиро ушбу фестивалнинг “Фестиваллар фестивали” шаклида ўтказилишини қўллаб-қувватлаб, қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қайта тикланаётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг “Фестиваллар фестивали” форматида ўтказилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиёдаги ушбу фестивал Жаҳон киноҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиши аниқ. Ўз ўрнида биз бу фестивални ўтказишда қўлимиздан келган барча ёрдамни беришга тайёрмиз.
Анжуман давомида экспертлар Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Жумладан, киношунос ва санъатшунос, “EuroAsia Global Сonnecting” агентлиги Бош директори Светлана Слапке, томонидан фестивални жорий йилнинг 29 сентябридан 3 октябрига қадар ўтказиш таклиф қилинди. Ушбу таклиф қолган экспертлар томонидан ҳам маъқулланди. Мутахассислар айнан шу вақтни бошқа фестивалларни ўтказиш пайтига мос тушмаслиги сабабидан ҳамда пандемия шароити ва бошқа ташкилий масалаларни инобатга олиб, Тошкент фестивали учун қулай вақт, деб топишди. Бундан ташқари, киномутахассислар ёшлар масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.
– Ёшларга эътибор қаратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, кинодаги фаолиятлари учун шароит яратиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини жонлантириш лозим», – деди киношунос, Оксфорд университети профессори Катриона Келли.
Мазкур фикрлар “Олтин ўрик” (GAIFF Pro) фестивали раҳбари, киномутахассис Мелик Карапетян томонидан ҳам маъқулланиб, «Ёшлар киноси фестивали»ни ташкил этиш ва бўлажак фестиваль учун етарли шароит яратиш, юқори сифатли кинотеатрлар ва техника билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
“Умут” МДҲ мамлакатлари ёшлар киноси форуми дастурий директори, кинотанқидчи Гулбара Толомушева турли минтақа киноижодкорлари учун танлов дастурини ташкил этишни таклиф қилди:
– Бу фестивал ижобий мулоқот платформасини яратиш имконини беради. Янги алоқаларни ўрнатиш ва тажриба алмашиш орқали ўзаро маданиятлар алмашади. Шу билан бирга ушбу фестивалда танлов дастури ҳам бўлиши керак. Бу фестивалга бўлган қизиқишни оширади.
Россиялик киношунос, санъатшунослик фанлари доктори, Бутунроссия кинематография институти профессори Кирилл Разлогов фестивалда ўзбекистонлик ижодкорларнинг ишларини ҳам тақдим этишни тавсия қилди:
– Ўзбек томошабинларида дунё фестивалларида ғолиб фильмларни жонли томоша қилишдек имконият пайдо бўлмоқда. Ўз навбатида халқаро кино ҳамжамиятига ҳам ўзбекистонлик киноижодкорларнинг ишлари қизиқ, албатта. Мен ҳам Тошкент фестивалига танлов дастури киритилишини қўллайман. Шунингдек, ўзбек ижодкорларининг ишлари ҳам тақдим этилса мақсадга мувофиқ бўларди – дея фикр билдирди киношунос.
Шунингдек, эронлик кинорежиссёр ва кинотанқидчи Али Ризо Шохрухий фестивал ўз услубига эга бўлиши лозимлигини айтди:
– Тошкент фестивалини бошқа фестиваллардан ажратиб турадиган ўз услуби ва ўзига хослиги бўлиши керак деб ўйлайман. Бунинг учун барча имкон бор. Айнан шу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш ва фестивал ўз услубини излаши лозим – деди Али Ризо Шохрухий.
Видеоконференцияда қатнашган санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова, “Республика кинофонди” ДУК директори Элжон Аббасов, Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Махмудов, сценарист, ВГИК профессори Одельша Агишев ва режиссёр, сценарист, Россия Миллий кино санъати ва Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси Элёр Эшмуҳаммедов ва бошқа кино мутахассислар ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.