24 март куни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан “Ассалом Наврўз” кино-ойлигига тантанали байрам дастури билан старт берилган эди.
25 март куни эса Агентлик буюртмасига биноан суратга олинадиган 2021 йилдаги янги кинолойиҳаларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Ҳилол Насимовнинг “Мерос”, Акбар Бектурдиевнинг “Узбечка”, Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Иброҳим Расуловнинг “Муҳаббат баҳори”, Ҳасан Алижоновнинг “Ҳаёт афсунлари”, Акром Исаковнинг “Риояга йўл” ҳамда “Авлоний” фильмининг сериал ва бадиий публицистик версиялари тақдим этилиб, иш жараёнлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи қисмида Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Раҳимованинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан ижодий кеча бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ артистлари Рихси Иброҳимова, Ёқуб Аҳмедов, Хайрулла Саъдиев, Гулчеҳра Жамилова, Элёр Носиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Матёқуб Матчонов, Ноила Тошкенбоева, Саида Раметова ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқиб, актриса ҳақида илиқ фикрларни билдиришди. Устоз санъаткорнинг ҳамкасблари ва дўстлари Мукамбар Раҳимованинг кўп йиллик ижодий фаолияти ҳақида сўзлаб, ўтган воқеаларни хотирлашди. Кун якунида режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Ҳайрат” бадиий фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди. Бугун эса ойликнинг учинчи куни иш бошлади.
Кун бошида таниқли киноижодкорлар гуруҳидан таркиб топган “Кинокарвон” вилоятларга йўл олди. “Кинокарвон” Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига сафар қилиб, ижодий учрашувлар ўтказади. Муҳаммадали Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман”, Эргаш Мўминовнинг “Орзулар қанотида”, Ҳилол Насимовнинг “Мерос”, Зулфиқор Мусоқовнинг “Ҳайрат” ва Фотиҳ Жалоловнинг “Муқимий” фильмлари премьералари ўтказилиши кўзда тутилган. Карвон билан бирга йўлга чиққан мобиль кинотеатрлар олис қишлоқларгача бориб, маҳаллий аҳолига ушбу фильмлар намойишини уюштиради.
Шунингдек, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг ташкилий масалалари бўйича халқаро экспертлар иштирокида анжуман бўлиб ўтади. Буюк Британия, Германия, Арманистон, Россия ва бошқа давлатлардан халқаро экспертлар учун ZOOM платформасида онлайн мулоқот ташкил этилади. Ундан сўнг “Ўзбеккино” МА, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Аёллар медиа клубининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтади. «Ўзбек киноларида гендер тенглик масалалари» мавзусидаги давра суҳбатида медиа соҳасининг таниқли вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишади.
Кун якунида “Ўзбеккино” МА буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” ДУК томонидан суратга олинган режиссёр Фотиҳ Жалоловнинг “Муқимий” тарихий-бадиий фильмининг катта премьераси бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, кино-ойлик давомида “Ёшлар ва кино” мавзусида учрашувлар, питчинглардан ташқари Элёр Ишмухаммедов, Хилол Насимов, Али Хамроев, Рустам Сагдиев, Одельша Агишев ва Рашид Маликовлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади. Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилда ёшлар масаласига муҳим йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда ва бир қатор грантлар ажратиш ва трейнинглар ўтказиш режалаштирилган.
Янги кино-ойлик муносабати билан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ўзбек киноси классик дурдоналари «Тоҳир ва Зуҳра», «Алишер Навоий», «Маҳаллада дув-дув гап», «Келинлар қўзғолони» каби яна 8та бадиий ва 100 дан ортиқ мультипликацион фильмларнинг эталон негативларини Россия давлат кинофондидан юртимизга қайтарди. Фильмлар ойлик доирасида юртимиз телеканалларига тантанали равишда тақдим этилади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати
Website http://uzbekkino.uz/
Facebook https://www.facebook.com/uzbekkino.uz/
Instagram https://www.instagram.com/uzbekkino_official
Telegram https://t.me/uzbekkinopress