10 C
Узбекистан
Пятница, 22 ноября, 2024

Ҳадис илми мактаби ҳақида нималарни биламиз? Имом Бухорий маркази қандай ишларни амалга оширмоқда?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Аксарият Самарқанддаги Имом Бухорий мақбарасини билади, уни зиёрат қилганлар ҳам оз эмас. Аммо ана шу мақбара ёнида охирги уч йил ичида қад ростлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ҳақида, бу даргоҳларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳамма ҳам аниқ тасаввурга эга эмас. 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида бўлган журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. 

Тадбир иштирокчилари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Сўнгра улар  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги қарори асосида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишдилар. Марказ директори Шовосил Зиёдов муассасанинг мақсад ва вазифалари, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, халқаро ҳамкорликдаги ютуқлари хусусида сўзлаб берди.

Марказ билан танишишни унинг ҳузурида ташкил этилган музейдан бошладик. Музейдан ўрин олган турли хилдаги экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар орқали Имом Бухорий ҳаёти, фаолияти ва бой илмий мероси ҳақида аниқ маълумотлар билиб олишнинг кенг имкониятлари мавжуд. Ушбу маълумотлар нафақат ўзбек тилида, балки инглиз, рус, араб, турк, испан, форс ва хитой тилларида берилган.

Илмий-тадқиқот йўналиши ҳақида Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев гапириб берди. Марказ ходимлари томонидан 56та китоб ва илмий-оммабоп рисолалар чоп этилди. Айни пайтда нодир асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари бошлаб юборилган. 2020-2023 йилларда буюк алломаларимизнинг 21та китоби таржима қилиниб, халқимизга етказилади. Хорижий мамлакатларда сақланаётган 1200тага яқин қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Марказда сақланаётган асарларнинг каталоги тайёрланган.

Журналистларга қўлёзмалар фонди фаолияти ҳақида ҳам батафсил сўзлаб берилди. Вазирлар маҳкамасининг қарори билан 2017 йилда жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш мақсадида Марказда  махсус жамғарма ташкил этилган. Шу кунгача Марказ аҳолидан 200дан ортиқ қўлёзма ва тошбосма китоблар қабул қилган. Айни пайтда қўлёзмалар фондида 2 мингга яқин қўлёзма ва тошбосма асарлар, 3 мингдан ортиқ илмий ишлар ҳамда 15 мингга яқин даврий нашрлар жамланган.

Марказнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Барот Амонов буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишларни ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, 27та етакчи университет ва ислом тадқиқот маркази билан ҳамкорликка оид Меморандумлар имзоланган. Бунинг натижасида Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази,  Кембриж университети, “Ал-Фурқон” фонди, Британия кутубхонаси, Лондондаги Ислом маданияти маркази билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Францияда Марказ нашр этган 10та китобнинг тақдимоти ўтказилган. Франция кутубхоналаридан буюк аждодларимиз қаламига мансуб 83та ноёб асарнинг нусхалари, Мисрдан эса 130 мингта қўлёзма асарнинг электрон нусхалари келтирилди. Миср ва Туркиядан 5600тадан кўпроқ китоб олиб келинди.  

Тадбир доирасида журналистлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишдилар. Мактаб ректори Олимхон Юсупов мактабнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритиб, жумладан шундай деди: “Мактабимизнинг асосий мақсади Ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис шарифларнинг асл моҳиятини, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом ибн Можаларнинг улкан илмий меросини ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш,  уламоларнинг бой илмий асарларини тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлашдан иборат”.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, битирувчиларга таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиш ҳуқуқини берувчи ҳадис илми, диний фанлар мутахассиси ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражасидаги диплом берилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олиш салоҳиятига эга ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли 10 нафар битирувчиси саралаб олинади.

Уларни ҳар томонлама кенг билим асослари билан қуроллантириш мақсадида ўқув жараёни давомида 29та ўқув фанларидан дарс ўтилади. Булар умумтаълим, умумкасбий ва мутахассислик фанларидир.

Шу кунларда мактабда ҳадис фанидан Мисрдан келган икки нафар ва инглис тилидан ҳиндустонлик профессор дарс ўтмоқда. Биз мисрлик профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмоннинг драс жараёни билан танишдик. У дастлаб ҳадислардан бирини ўқиб берди. Ҳадис «сутра», яъни  намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қуйилган тўсиқ ҳақида экан. Устоз толиби илмлардан ҳадисни, унинг мазмун-моҳияти қандай тушунганликларини сўради ва уларнинг жавобини тўлдириб борди.

Ҳадис илми мактабида ўқув жараёнини ташкил этишда қадимги Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон ва бошқа мадрасаларидаги ўқитиш анъаналари, жумладан, “устоз-шогирд” тартиби қўлланилган. Шу билан бир қаторда, нуфузли хорижий таълим муассасаларининг тажрибаси ўрганилиб, ўқув жараёнига жорий этилган. О.Юсупов буларнинг ҳаммаси таълимнинг сифатини юксалтириш орқали кенг билимли, чуқур мушоҳадага эга бўлган Имом Бухорий ворисларини тарбиялашга қаратилганлигини уқтирди.

Мактаб битирувчиларининг соғлом инсонлар бўлиб етишиши учун ҳам бу ерда керакли шарт-шароитлар яратилган. Ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт мажмуаси доимо талабалар хизматида.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича мухбир

Муаллиф туширган суратлар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×