Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатини амалда татбиқ этиш борасида ибратли ишлар қилинмоқда. Ота-онаси ёки ўзи биринчи ё иккинчи гуруҳ ногирони бўлган талабаларга, ўқишда юқори натижа кўрсатаётганларга университет васийлик кенгаши қарори бўйича грант ажратилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандларининг Корея Республикасида ўқиш учун имконият яратилди.
Ушбу тизим олий таълим стандартларига жавоб бериш ҳамда талаба-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган.
Бошқа томондан, ушбу тизим давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган бандларнинг ижросини таъминлашга қаратилгандир.
“Тараққиёт сифатли таълимдан бошланади. Самарқанд халқаро технология университети раҳбарияти ва Васийлик кенгаши мамлакатни тараққий эттирадиган куч – бу сифатли таълим, илм-фан эканлигини чуқур англаган ҳолда ҳар бир талаба ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ҳаётини яхши томонга ўзгартириш имкониятига лойиқ деб ҳисоблайди. Шу сабабли энг яхши талабалар ҳамда кам таъминланган оилалардан бўлган иқтидорли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда”, – дейди SIUT ректори профессор Ю.Абдуллаев .
2024 йлги кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, 74 нафар биринчи босқич талабалари SIUTда ўқиш учун грант соҳибларига айландилар. Улардан 71 нафари тўлиқ грант асосида таҳсил олса, 3 нафар талаба тўлов-контракт бўйича 25 фоиздан 50 фоизгача чегирмаларга эга бўлди. Ушбу грантлар қуйидаги имтиёзли мезонларга мувофиқ тақсимланди:
Кириш имтиҳонларининг энг яхши натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаган абитуриентлар; 1200 балл ва ундан юқори балл тўплаган SAT сертификатининг мавжудлиги; IELTS дан 8.0 ёки ундан юқори сертификат соҳиблари; Eriell компаниялар гуруҳи ходимларининг фарзандлари; 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари; Афғон уруши қатнашчиларининг фарзандлари; бир оиладан икки ёки ундан ортиқ талаба учун контракт тўловлари бўйича 25% чегирма (ҳар бирига); иккала ота-онаси 1- ёки 2-гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун 50% чегирма.
Ушбу грантлардан ташқари 2024-2025 ўқув йили учун SIUT га 3 та таълим йўналиши бўйича 35 та давлат гранти ажратилди.
Шуни таъкидлаш керакки, SIUTда 2023-2024-ўқув йилидан бошлаб, махсус грант дастури амалга оширилмоқда. Талабаларни аъло баҳолар билан ўқишга рағбатлантириш мақсадида ҳар бир ўқув йили якунида юқори академик кўрсаткичларга эга тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар максимал ҳисобланган 100 баллдан 95 ва ундан юқори балл тўплаганда, кейинги ўқув йилидан бошлаб тўлиқ грант асосида ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
Аввал ҳам кириш имтиҳонларида юқори натижа кўрсатган талабалар рағбатлантирилган эди. Масалан ўтган 2023-2024 ўқув йили учун қабул якунларига кўра, жами 200 талабадан 68 нафари (34%) академик грантлар билан тақдирланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Кўп йиллар давомида жамоатчиликни бир ҳақли савол қийнаб келарди: мактабни аъло баҳолар билан битирган кам таъминланган оиланинг юксак иқтидор соҳиби бўлган болалари хусусий олий таълим муассасида ўқиб, камёб мутахассисликни эгалламоқчи бўла туриб, тўлаш учун маблағи бўлмаса, нима қилиши лозим?
Ушбу саволга жавоб топиш муҳим ижтимоий муаммони ҳал қилиш эканлиги англаган Самарқанд халқаро технология университети раҳбарияти амалий ишга қўл урди. Июнь ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 5 нафар ўқувчи фарзанди Корея Республикасидаги Гимчеон ўрта мактабида ўқишни давом эттириши учун тест синовлври орқали танлаб олинди. Булар Ургут, Каттақўрғон, Оқдарё, Иштихон туманларидаги қишлоқ мактаби битирувчиларидир.
Танлаб олинган ўқувчиларга Гимчеон ўрта мактаби томонидан стипендия берилади, уларнинг ўқиши, турар жойи, Корея Республикасига саёҳати (авиачиптаси), дарсликлар билан таъминланиши кафолатланади. Шунингдек, уларга Гимчеон ўрта мактабини тугатганларига қадар, уч йил давомида яшаш харажатлари учун қўшимча молиявий ёрдам ҳам кўрсатилади. Мактабни тамомлаган ўқувчиларга диплом берилади, мазкур дипломга асосан улар нафақат Корея Республикаси ва Ўзбекистондаги, балки дунёданинг тараққий этган давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Айни кунларда талабгорга SIUT Васийлик кенгаши раисининг махсус гранти асосида университет профессор-ўқитувчилари томонидан бошланғич корейс тили, инглиз тили ва математика фанларидан махсус курслар ташкил этилган. Ўқиш декабргача давом этади. Бундан ташқари, ўқув курси давомида ўқувчилар турар жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишларидан бири – 2026 йилгача ёшларга талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатиш орқали камбағаллик даражасини икки баробарга камайтириш вазифасини амалга оширишга хизмат қилади.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Фото: SIUT матбуот хизмати