Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2024 йилларда Ўзбекистонда олий таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасини таҳлил қилди.
Агар 2017/2018 ўқув йилида олий таълим муассасалари (ОТМ) сони 72 тани ташкил этган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида уларнинг сони 219 тага етди (ўсиш 304 фоиз). Бу даврда хорижий олий таълим муассасалари сони қарийб 4,5 баробарга ошди ва 31 тага етди.
Маълумот учун: 2024-йил ҳолатига кўра, Қозоғистонда 113 та, Қирғизистонда 61 та, Тожикистонда 27 та, Туркманистонда 23 та олий таълим муассасаси фаолият юритган.
2025-йилда Ўзбекистондаги 23 та олий таълим муассасаси QS (Quacquarelli Symonds) халқаро рейтингининг Марказий Осиёдаги топ университетлар рўйхатидан ўрин олди.
Times Higher Education (THE) Impact Rankings натижаларига кўра, 2024-йилда Ўзбекистондаги 53 та (Қозоғистондаги 26 та) олий таълим муассасаси ушбу глобал рейтингга киритилди ва улардан 7 таси (Қозоғистондаги 3 та) “Топ-1 000” та олий таълим муассасаси рейтингидан жой олган.
Маълумот учун: Times Higher Education (THE) Impact Rankings — бу БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) га эришишга университетлар қандай таъсир кўрсатишини баҳолайдиган халқаро рейтинг.
2024/2025 ўқув йили бошида 18-23 ёш оралиғидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш кўрсаткичи 47,7 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2017-йилда 8,3 фоизни ташкил этганди.
2024-йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 12,5 минг кишини ташкил қилди ва 2017/2018 (1,3 минг нафар) ўқув йилидагига нисбатан 9,6 баробар ошди. Мамлакатлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, хорижлик талабаларнинг аксариятини Ҳиндистон (6502 нафар), Туркманистон (1430), Покистон (1250), Россия (732) фуқаролари ташкил этади.
2024-йилда 27,3 минг ўринли талабалар турар жойи барпо этилди. Шунингдек, талабалар турар жойига жойлашиш тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Энди талабалар ўз яшаш жойини масофадан туриб онлайн банд қилиши мумкин.
ОТМдаги ўқитувчилар сони 2017/2018 ўқув йилида 25,1 минг нафарни ташкил қилган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида 45,4 минг нафарга етди. Бунда профессор ўқитувчилар улуши 1078 нафардан 2074 нафарга, доцентлар улуши 4091 нафардан 7108 нафарга ошди.
2024-йилда Ўзбекистондаги 7 та олий таълим муассасасининг 39 та таълим дастури халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтказилди. Халқаро аккредитацияга эга дипломлар бошқа мамлакатларда ҳам тан олинади. 2025-йилда халқаро аккредитациядан ўтган дастурлар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 7-мартдаги ПФ-87-сонли фармонига мувофиқ, давлат ОТМ магистратурасида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўлови давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Бу мақсад учун ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланган;
Бундан ташқари, 2022-йил 18-июлдаги ПҚ–323-сонли қарор асосида, олий ва профессионал таълимда таҳсил олаётган хотин-қизларга 7-йил муддатга фоизсиз таълим кредитини ажратиш тартиби жорий этилди ва ушбу тизим 2024-йил 27-майдаги ПФ–82-сонли фармон билан такомиллаштирилди.
Таълим тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан:
➖ Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш;
➖ 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш;
➖ “Топ-500” таликка кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш;
➖ Қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойини қуриш;
➖ 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1 000” та олий таълим ташкилоти рейтингига киритиш.