Ўзбекистондаги 2 та университет QS рейтингида ТОП-500 таликка кирди. Бу ҳақда Quacquarelli Symonds – QS World University Rankings халқаро рейтинг агентлиги хабар бермоқда.
Quacquarelli Symonds – QS World University Rankings халқаро рейтинг агентлиги 2024-йилги дунё университетларининг «Фан соҳалари рейтинги» (Subject Rankings) натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети муҳандислик ва технология (398) ҳамда атроф-муҳит (351-400), Ўзбекистон миллий университети эса, математика фани (451-500) бўйича ТОП-500 олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллади.
Қайд этилишича, бу йилги рейтингда «TIQXMMI» Миллий тадқиқот университети «Академик обрў» индекатори бўйича энг яхши кўрсатгичга эришиб, 59-ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон миллий университети математика фанидан рейтингда илмметрия кўрсаткичларини ошириб, ҳар бир нашрга ҳаволалар сони, Хирш индекси ва халқаро илмий ҳамкорлик индекси бўйича ижобий динамикага эришган.