Сенат раиси Корея кўмагида Тошкент шаҳрида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш ва минтақадаги барча мамлакатлар эҳтиёжлари учун оммабоп IТ-маҳсулотларни ишлаб чиқишга йўналтирилган сунъий интеллектни ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Марказий Осиё марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация шу кунларда амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида мамлакат делегацияси Сеул шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламент спикерлари йиғилишида иштирок этди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг “5+1” форматида ташкил этилган мазкур платформадан кўзланган мақсад — мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали мулоқотни янада мустаҳкамлашга янги суръат ва мазмун беришдан иборат.
Тадбирнинг асосий сессияси “Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари ва устувор йўналишлар: кейинги 30 йил учун шиддатли ҳаракат” мавзусига бағишланди.
Халқаро мулоқот давомида бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, технологиялар, инновациялар ва яшил иқтисодиёт соҳасида парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, муқобил энергия ва “яшил” водород ишлаб чиқариш соҳасида Корея сармояларини жалб қилиш ва янги технологияларни жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.
Куннинг иккинчи ярмида йиғилиш икки сессияга бўлинган холда ўз ишини давом эттирди. “Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик” мавзусига бағишланган сессияда бугунги кунда дунёда тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик ва низолар, жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденциялар, беқарор халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар шароитида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни, жумладан, парламентлараро мулоқот орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Сессияда Сенат раиси ўз фикрларини билдириб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш минтақавий ҳамкорликнинг асосий драйвери бўла олиши, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишда парламент кўмаги муҳимлигини қайд этди.
“Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасида рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик” мавзусидаги сессияда эса иштирокчилар эътибори иқтисодий тараққиёт ва Марказий Осиёнинг жаҳон миқёсидаги мавқейини мустаҳкамлашда рақамлаштириш жараёнларининг муваффақияти ва иқтисодиётнинг турли тармоқларига сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши масалаларига қаратилди.
Сессияда Сенат раиси Корея Республикаси кўмагида Тошкент шаҳрида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш ва минтақадаги барча мамлакатлар эҳтиёжлари учун оммабоп IТ-маҳсулотларни ишлаб чиқишга йўналтирилган сунъий интеллектни ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Марказий Осиё марказини ташкил этиш ҳамда рақамлаштириш соҳасида Кореянинг етакчи университетлари билан ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
Йиғилишда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” парламентлараро ҳамкорликнинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Aшхободда ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Тадбир сўнггида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари спикерларининг биринчи йиғилишининг қўшма декларацияси қабул қилинди.