Беш йил ичида Ўзбекистондаги барча мактабларда ҳозирда Президент мактабларида қўлланаётган ўқув дастурлари ва баҳолаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Жорий йилда янги дарсликлар чоп этишга 920 млрд сўм маблағ йўналтирилган.
Ўзбекистоннинг 500 та мактабида Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади, бу эса улар учун «таянч мактаб» вазифасини бажаради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади, дейилади хабарда.
Президент мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага 2024 йилда 500 та мактабнинг ҳар бирига 3 тадан мактабни бириктириб, янги тизимни йўлга қўйиш топшириғини берди. Шундай қилиб, 1,5 мингта мактабга Президент ва ихтисослашган мактаблар методикаси, муҳити кириб боради.
Йиғилишда жорий йилда мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассис олиб келингани айтилди. Келгуси йилда яна 1500 нафарини жалб этиш кўзда тутилган. Бу борада давлат раҳбари хорижлик ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласини ҳал этиш бўйича ҳокимларга топшириқ берди.