11.7 C
Узбекистан
Понедельник, 25 ноября, 2024

Интернет журналистикада формат ва жанр масаласи

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Кейинги йилларда мультимедиа технологияларининг жадал тараққиёти коммуникация тизимининг трансформациясига олиб келди. Бу эса, интернет журналистика соҳасининг тобора долзарблашуви ва  ундаги жанр назариясини қайта кўриб чиқишни тақозо этди. 

Эндиликда  глобал медиа маконда анъанавий жанрлар билан бирга, интернет журналистиканинг янгича жанр ва форматлари шаклланишига замин яратди. Бу, ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари тизимида интернет медианинг анча фаоллашуви, бутун дунё бўйлаб онлайн нашрлар, блоглар, сайтлар сонининг кескин ошиши тенденциясини яққол келтириб чиқарди.  Мазкур ҳолат нафақат онлайн нашрлар сонининг ўсиши, балки  уларнинг жанрлари ва форматига ҳам ўз таъсирини ўтказди.

Фикримизнинг амалий тасдиғи сифатида интернет ОАВда жанрлар таснифи, даврий нашрларнинг жанрлари бўйича  мутахассис А.Тертычный қарашларини келтириш ўринли. У ўзининг “Интернет ОАВда жанрни шакллантириш хусусиятлари” номли мақоласида қуйидаги фактларни қайд этади: “Интернет ОАВда жанрларнинг тараққиёти бўйича иккита нуқтаи назар мавжуд. Биринчи нуқтаи назарга кўра, интернет журналистикада дастлаб анъанавий  жанрлардан фойдаланилган” [4; c.172]. Муаллиф фикрича, Интернет ОАВнинг илк шаклланиш даврида улар дастлаб анъанавий нашрларнинг онлайн кўриниши сифатида юзага келган ва жанрлари ҳам худди анъанавийларники каби бўлган. Масалан, А.Калмыков, Л.Коханова [2; c.123-144] ва бошқа олимлар эса тармоқ журналистикасида дастлаб эслатма, ҳисобот, интервью, ахборот ёзишмалари, блиц-сўров, савол-жавоб, репортаж, суҳбат, шарҳ, социологик хулоса, анкета, мониторинг, рейтинг, шарҳ, мақола, фельетон, памфлет ва бошқа анаъанавий жанрлар гуруҳларини келтирадилар. Бундан кўриниб турибдики, интернет ОАВ нафақат “анъанавий”, балки янги жанрлар асосида яратилган материаллар билан бойитилмоқда. Мазкур фикрнинг мантиқий давоми сифатида тадқиқотчи олим А.Аржановнинг фикрларини келтириш жоиз: “Интернет журналистика аста-секин ўзгариб бормоқда. Ахборотни идрок этишнинг аудио-визуал табиатига тобора кўпроқ эътибор қаратиш орқали  янги ўзига хос шаклларни яратиш, интернетга доир имкониятлардан фаол фойдаланиш бошланди” [1; c. 5-10].

Ҳақиқатан ҳам интернет ОАВ фойдаланувчилари ахборотнинг аудио-визуал имкониятига катта аҳамият бериши — бу бугунги давр талаби. Зеро, ҳозирда материал нафақат катта ҳажмдаги матн, балки мультимедиавий элементларини ўзида мужассам этган маҳсулот сифатида глобал тармоқ юзерларига тақдим қилинмоқда.

Интернет ОАВ: назария ва амалиёт китоб муаллифи Н.Г.Лосева эса “анъанавий журналистикадан ўзлаштирилган “анъанавий” жанрлар билан бир қаторда, электрон маконда шаклланган ва ўхшаши бўлмаган бир қатор бошқа ОАВнинг тармоқ жанрлари мавжуд. Олима уларни “мультимедиавий ва ва синтетик жанрлар” [5; c.258], деб атайди. Мазкур жанрлар қаторига муаллиф блог, муаллифлик блоглари, видео блог, шарҳ, фото элементлар, фото репортаж, фотогаллерея, слайд-шоу, подкаст, аудио ҳикоя, аудио сюжет, видео устун, видео сюжет, видео шарҳ, аудиослайд-шоу, интерфаол видео сюжет, мультимедиавий ток-шоу, эфиргача босқич, жонли эфир, эфирдан кейинги босқич, инфографика, флэш-ўйин, мультимедиавий мақолаларни киритади.

IPTK томонидан онлайн журналистика жанрлари тизими ишлаб чиқилиб, бир қатор хорижий ахборот агентликлари томонидан стандарт сифатида қабул қилинган жанрлар сирасига эса қуйидагилар киради: 

  • ҳужжатли материал (Actuality) – воқеа-ҳодиса тафсилотлари ёзуви;
  • маслаҳатлар (Advice) – тавсия ва маслаҳатлардан иборат бўлиб, кўпинча ўқувчиларнинг хатларига жавоблар шаклида бўлади;
  • воқеалар календари (Almanac) – шу куннинг тафсилотлари, таниқли шахсларнинг туғилган кунлари, тарихий аҳамиятга эга саналарга ҳаволалар;
  • таҳлил (Analysis) — воқеа ёки ҳодиса ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, масалани чуқур ўрганган журналист томонидан чиқарилган хулосаларни ўз ичига олади;
  • эксклюзив (Exclusive) — агентлик томонидан олинган ноёб материални кўрсатадиган белги;
  • шарҳ мақола (Feature) кўпинча долзарб бўлмаган, бироқ бирон бир масалани ёритувчи материал;
  • режалаштирилган тадбирлар (Fixture) – башорат қилинадиган, мунтазам, кутилаётган воқеалар ҳақида маълумот мавжуд;
  • башорат (Forecast) – бир воқеа натижаси ҳақида фикрни ўз ичига олади;
  • воқеа жойидан репортаж (From the Scene);
  • тарихий материал (History) –  долзарб бўлмаган, олдинги воқеаларга асосланган материал;
  • интервью (Interview) – манба билан мулоқот бўлиб, манбанинг сўзлари муҳим аҳамиятга эга;
  • сўровномалар (Polls and Surveys) – рақамли ва бошқа шаклдаги сўровнома натижалари;
  • пресс-релиз (Press Release) – агентликка тақдим этилган промоматериал ёки бошқа ахборотни ўз ичига олган материал;
  • матбуот дайджестлари (Press-Digest) – нашрлардан парчалар олинган нашриёт материали;
  • биографик очерк (Profile) – бирон бир воқеа иштирокчиси фаолияти ёки турмуш тарзини баён этувчи материал;
  • иқтибос (Quote) – ўзгаришсиз келтирилган иқтибослар;
  • махсус репортаж (Special Report) – узоқ журналистик суриштирувни талаб этувчи бирор бир нарса ёки воқеанинг чуқур тадқиқи;
  • трансляция ёки стенограмма (Transcript and Verbatim) – муҳим журналистик аралашувисиз ёки ишлов бермасдан мунозара ёки нутқ;
  • овоз ёзуви (Voicer) – бирон бир шахснинг овозли ёзуви [6; c.173-174].

Юқорида санаб ўтилган жанрларнинг ҳаммаси ҳам бугунги кунда кенг қўлланилмаяпти. Ҳозирда улардан таҳлил, эксклюзив, сўровнома, пресс-релиз, махсус репортаж ва овоз ёзувини учратиш мумкин.

“Интернет ОАВ жанрларининг ўзига хослиги” номли мақола муаллифи А.Сафина ҳам интернет журналистика жанрларини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиб, “муаллифлик блоги – интернет маконида пайдо бўлган янги журналистик жанрлардан бири. У нафақат блог ҳамжамиятлари, балки медиа сайтларнинг саҳифаларида ҳам ўз ўрнига эга бўлди” [3; c.228-229], деб қайд этади.  Мақола сўнггида тадқиқотчи блог тушунчаси,  унинг истилоҳий маъноси, Twitter микроблоги, twitter-репортаж (шаҳзода Чарльз ва Кейт Мидлтонн тўй маросими), онлайн кундаликлар (“Евровидение” қўшиқ танлови), онлайн конференция, онлайн репортаж каби жанрлар борасида ҳам қизиқарли фактларни келтирган.

Бугунги кунда интернет журналистика соҳасида ҳам анъанавий ҳам янги жанрларни кузатиш мумкин. Интернет маконида жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий, маданий масалаларини ёритувчи турли блоглар, муаллифлик блоглари анча кенг тарқалган жанрлар сирасига киритиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, хорижда ҳар бир газетанинг алоҳида блоги борлиги диққатга сазовор. Ўзбекистоннинг етакчи ахборот каналлари (kun.uz, daryo.uz, qalampir.uz ва бошқаларда) материаллар таҳлили натижасида онлайн конференция ва онлайн репортажлардан унумли фойдалангани аниқланди. 

Интернет журналистикада формат ва жанр масаласи таҳлили қуйидагича хулосалаш мумкин:

Биринчидан, 2010 йилдан кейинги даврда онлайн нашрлар аста-секин ривожлана бошлаган. Айнан щша пайтда интернет журналистикада кщпроы “анъанавий” жанрлардан фойдаланиш тенденцияси кузтилган;

Иккинчидан, охирги ўн йилликда эса интернет журналистиканинг янги жанрлари шаклланган;

Учинчидан, интернет ОАВда онлайн репортаж, онлайн конференция, блог, аудио ва видео блоглар, муаллифлик блоглари каби жанрлар устунлик қилмоқда.

Дилноза АМИНОВА,

ЎзДЖТУ доценти, ф.ф.д (DSc)

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Аржанов А.П. Субъективное начало в жанрах Интернет – журналистики // Жанровые метаморфозы в российской журналистике. Тезисы IV Всероссийской научно – практической конференции / Самара, 18 -19 марта 2010 г. Самара: Порто – принт, 2010. –С.5-10.
  2. Калмыков А. А., Коханова Л. А.Интернет-журналистика. –М.: Юнити-дана, 2005. –С.123-144.
  3. Сафина А. Особенности жанров Интернет-СМИ // Известия Самарского наужного еентра Российской академии наук, т. 15, №2, 2013. –С.228-229.
  4. Тертычный А. Особенности жанрообразования в Интернет-СМИ // НАУЧНЫЕ ВЕДОМОСТИ. Серия Гуманитарные науки. 2013. № 6 (149). Выпуск 17. –С.172.
  5. Тертычный А.А. Жанры периодической печати. М.: Аспект Пресс, 2000.–С.258.
  6. Тертычный А. Особенности жанрообразования в Интернет-СМИ // НАУЧНЫЕ ВЕДОМОСТИ. Серия Гуманитарные науки. 2013. № 6 (149). Выпуск 17. –С.173-174.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×