ЕИ раҳбарияти энди йўловчилар самолётга чиққанида телефонларини ўчириб қўйишга мажбур бўлмайди, демоқда. Уларнинг айтишича, стюардессалар “илтимос, парвоз вақтида телефонингизни ўчириб қўйинг”, деб талаб қилмайди.
Бундан буён Европа авиакомпанияларига қарашли самолёт бортида 5G форматидаги симсиз алоқа пайдо бўлади. Йўловчилар парвоз вақтида мобиль телефонлари орқали қўнғироқ қилиши ва интернетдан фойдаланиши мумкин.
Алоқа самолёт бортига махсус ўрнатилган ‘pico-cell’ воситаси орқали таъминланади. У борт тизимини сунъий йўлдош билан боғлайди ва у орқали ерга трансляцияни узатади. Бу вақтда смартфоннинг барча функциялари ишлаб туради. Йўловчи қўнғироқ қилиши, ёзма маълумот жўнатиши, почтани текшириши, видео кўриши, видеоўйин ўйнаши ва бошқа машғулотларни бажариши мумкин. Ваъда қилинишича, йўловчилар алоқа сифатида фарқ сезмайди.
Қўнғироқ қилиш учун 2008 йилда захирага олинган частоталар ажратилади, ҳозир у бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда.
Еврокомиссиянинг ваъда қилишича, бу режалар келаси йилнинг июнь ойларида амалга ошади.
«5G одамларга инновацион хизматларни кўрсатади ва Европа компаниялар учун янги имкониятлар тақдим этади”, – дейди Евроиттифоқнинг ички бозор масалалари бўйича комиссари Тьерри Бретон.
Аввалроқ худди шундай режа АҚШда ҳам кўриб чиқилганди, бироқ соҳа мутасаддилари хавфсизлик нуқтаи-назаридан уни амалга оширишни тақиқлаб қўйганди. Уларнинг таъкидлашича, авиакомпаниялар ҳамда самолёт экипажларининг ўзлари ҳам бортда мобиль алоқадан фойдаланишга кескин қарши бўлган.