Одамлар қадим замонларда Ер шари ҳақида нималарни тўқиб-бичишмаган. Масалан, уни катта оби нон, қалин қуймоҳ ёки тоққа ўхшатишган. Бугунги кунда жажжи болакайдан сўрасангиз ҳам, у ҳеч иккиланмасдан бизнинг сайёрамиз шар шаклида эканини айтиб беради.
Ер шарини нима тутиб туради, деган савол туғилиши табиий. Қадим замон одамлари Ерни қалин бир қуймоқ тарзида тасаввур қилишганида, у тиргаксиз туриши мумкин эмас, деб ўйлашган. Шунинг учун ҳам қуймоқ филларнинг елкасида, филлар эса улкан тошбақанинг устида туради, деган хулосага келишган. Шу тариқа Ердаги эмас, космик океанда сузиб юрадиган қизиқ бир пирамида — эҳром ҳосил бўлган.
Албатта, бугунги кунда бундай чўпчакка ҳеч ким ишонмайди. Лекин Ерни нима тутиб туради? Мабодо, уни ҳеч нарса тутиб турмаслигини ва остида ҳеч қандай тиргак йўқ эканини билиб ҳолсангиз, сиз буни қандай тасаввур қилар эдингиз?
Савол, албатта, қийин. Келинг, яхшиси, саволга жавоб излаб топишни оддий нарсадан бошлай қолайлик. Бир фараз қилиб кўринг: сув тўла челакни бошингиз устида ағдарсангиз нима бўлади? Тўғри, сув бошингизга тўкилиб кетади. Энди, бор-эй, таваккал, деб шундай бир цирк номерини бажариб кўринг. Болалар челакчасига ип боғланг-да, олдин уни бўш ҳолда, сўнгра сув тўлдириб бошингиз узра айлантиринг. Яхшиси, буни ташқарида машқ қилганингиз маъқул. Машқларни такрорлайверсангиз, айланаётган челакдан бирор томчи сув ҳам ерга тушмай қолади. Агар челакни айлантиришни тўсатдан тўхтатсангиз, сув устингизга тўкилиб, кийим-бошингиз шалаббо бўлади. Демак, челак ҳаракатда бўлган вақтда сув тўкилмади, бироқ у ҳаракатдан тўхташи билан тўнтарилган челакда сув турмай, тўкилиб кетди.
Ер айланаётганда ҳам худди шундай ҳол юз беради. Ҳақиқатан ҳам Ер шарини ҳеч нарса муаллақ тутиб турмайди, унинг қулаб кетмаслиги сабаби Қуёш атрофида бетўхтов ҳар бири бир йилга тенг бўлган айлана кетидан айлана ясаб ҳаракат қилаверишидадир. Албатта, Ер Қуёшга ҳеч бир арқон билан боғлаб қўйилмаган. Аслида арқоннинг кераги ҳам йўқ. Усиз ҳам Қуёш Ер ва бошқа сайёраларни ўзига тортиб туради. Ер бир вақтнинг ўзида ҳам Қуёшга томон қулайди, ҳам ундан узоқлашиб кетаётган булади. Натижада миллиардлаб йиллардан бери учиб ҳам кетмай, қулаб ҳам тушмай, Қуёш атрофида айланади…
Агар Қуёш Ерни тортиб турмаганида космик фазонинг бирор томонига учиб кетган бўлар эди. Мабодо, Ер нима сабабдандир айланишдан тўхтаб қолганида Қуёшга қулаб тушиши мумкин эди. Яхшики, у учиб ҳам кетмайди, қулаб ҳам тушмайди.
Ер бир дақиқа ҳам тўхтамай, ўз орбитаси бўйлаб учиб кетаётган экан, биз ҳам у билан биргаликда учиб кетяпмиз.
Ер шари Қуёш атрофида айланиши билан биргаликда ўз ўқи атрофида ҳам пилдироқ ўйинчоқ сингари бир кеча-кундузда бир марта айланади. Шунинг учун ҳам биз ўз ўқи атрофида айланадиган каруселда яшаётганга ўхшаймиз. Ер Қуёшга гоҳ у, гоҳ бу томони билан қараб айланаверади. Шу сабабдан кун билан тун тўхтовсиз алмашиниб туради.