Бу борада рекорд Андижон вилоятига тегишли: нақд 61 та мактаб ҳудудлари шунчаки бериб юборилган
Депутат Расул Кушербаев ўз саҳифасида «қайси ҳудудда энг кўп мактаб ерлари «сотилган»?» номли танқидий материални эълон қилди.
Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига асосан Халқ таълими вазирининг рухсатисиз мактабларнинг ерлари бегоналаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлсада, ҳокимларимиз бунга зид равишда мактаб ерларини бошқаларга бериб юбориш ҳолатлари кўп экан. Оддий айтганда мактаб ерлари «сотилган».
Рақамларга кўра, 2018 йилдан шу кунга қадар жами 198 та мактабнинг ҳудудлари ноқонуний бериб юборилган. Бу борада рекорд Андижон вилоятига тегишли: нақд 61 та мактаб ҳудудлари берворилган. Кейинги ўринда 26 та мактаб ҳудудини беворган Қашқадарё вилояти турибди. Наманган вилояти эса 20 та мактаб ҳудудларини бервориш орқали кучли учликдан ўрин олган.
Биргина Хоразм вилоятида бундай ҳолат кузатилмаган. Хоразмда бундай ишлар Президент қарори чиққунча бўлган бўлиши мумкин.
«Ўқувчиларга синфхоналар етишмай, мактабларга қўшимча бино қуришга ер муаммо бўлиб турган бир вақтда мактаб ерлари талон-тарож қилинаётганини келажакка ҳиёнат, дейиш мумкин. Фарқи шундаки, бунда мактаб ерларини талон-тарож қилган ҳокимлар эмас, ноқонуний топшириқни бажарган қўрқоқ ва журъатсиз ходимлар жазоланади», — дея ўз фикрларини айтди депутат.