Бу ҳақда Деҳли шаҳрида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилишида айтиб ўтилди.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Ҳиндистон Республикаси темир йўллар, савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял раислик қилди.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш доирасида икки давлат Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини ишга туширишни жадаллаштиришга келишилди. Шу билан бирга, саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш механизми кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, айни пайт Ўзбекистонда Ҳиндистон ҳамкорлари билан биргаликда таълим, IT-технология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 85 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Яқин келажакда инвестицияни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни имзолаш учун барча зарур масалаларни ҳал этишга келишилди.
Тадбир давомида савдо-саноат кооперациясини янада кенгайтиришнинг муҳим шарти сифатида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш истиқболи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар қуруқ портлар тармоғини биргаликда ривожлантириш ҳамда ташув учун ундириладиган тўлов ва тарифга ўзаро чегирма жорий қилиш орқали транспорт алоқасини яхшилаш учун мавжуд имкониятдан фойдаланиш зарурлигини маъқуллади.
Шунингдек, «Шимолий-Жанубий» ташаббуси доирасида тўғридан-тўғри ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш, логистика инфратузилмасини, мультимодал транспорт коридорлари минтақавий тармоғини ривожлантиришнинг амалий механизмини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳиндистон — Марказий Осиё транспорт вазирлари учрашувини ўтказишга қарор қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Маданий алмашинув дастури ижроси кўриб чиқилди. Aйни пайт ушбу ҳужжат доирасида бир қатор амалий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистонда йога фестивали ва Ҳинд киноси кунлари бўлиб ўтди. Aмити, Шарда, Самбрам университетлари филиаллари иш бошлади. Яна учта ОТМ филиали очилиш арафасида. Булар “Global”, “LNCT” ва “Интеграл” университетларидир.
Йиғилиш майдонида келишилганидек, қисқа вақтда янги қўшма умумтаълим, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари очиш, тадқиқот ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инновацион ишланма ва стартапларни тижоратлаштириш назарда тутиладиган қўшма «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.
Тадбир якунида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши баённомаси имзоланди. Ҳужжатда қабул қилинган қарорлар ва эришилган натижалар акс этди.