Давлат тест маркази веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида расмий мурожаат билан чиқиш қилди:
«Борган сари турли ўқув марказлари ва сайтлар томонидан диагностик тест хизмати йўлга қўйилгани тўғрисида эълонлар кўпайиб бормоқда.
Албатта, бундай хизматларнинг йўлга қўйилиши ва диагностик тест синовлари ўтказилиши абитуриентлар учун фойдали, агар улар ёлғон маълумотларсиз, тўғри маълумот берган ҳолда сифатли ташкил этилса.
Афсуски, ҳар доим ҳам ундай эмас. Айримлар ўз манфаатини устун қўйган ҳолда кўпроқ фойда олиш мақсадида Давлат тест маркази номидан фойдаланишни ва ёлғон маълумотлар билан талабгорлар сонини оширишни одат қилиб олмоқда.
Мана шундай ҳолатлардан бири Bunker School ўқув маркази билан кузатилмоқда.
Уларнинг телеграм боти ва администрацияси томонидан берилган маълумотларда гўёки тест топшириқлари Давлат тест марказининг 2022 йилги янги базасидан олингани иддао қилинмоқда.
Лекин бу умуман ҳақиқатга тўғри келмайдиган, ёлғон маълумотлардир.
Давлат тест маркази мутахассислари томонидан уларнинг абитуриентларга тақдим этаётган тест топшириқлари ўрганиб чиқилганда қуйидагилар аниқланди:
- Bunker School ўқув маркази томонидан талабгорларга берилаётган тест топшириқлари Давлат тест марказининг @e_dtm_bot телеграм ботидан олинган диагностик тест топшириқларидир;
- мазкур тест топшириқларининг бирортаси 2022 йил учун шакллантирилаётган тест топшириқларига тааллуқли эмас;
- Bunker School ўқув маркази томонидан тўғри жавоб сифатида тақдим этилаётган тест топшириқларининг калитларида хатолар мавжуд;
- бунинг натижасида тест топширган талабгорларнинг ишлари ўқув маркази томонидан хато текширилмоқда ва талабгорларга нотўғри тавсиялар берилмоқда.
Давлат тест маркази диагностик тест синовлари бўйича ҳеч бир сайт ёки ўқув маркази билан ҳамкорлик қилмайди«, дейилади унда.