Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Грузиянинг ўз йўли бор
12-10-2016 10:28 0 663 Рейтинг1 Чоп этиш

Грузиянинг ўз йўли бор

Грузиянинг ўз йўли бор

Грузиядаги парламент сайлови натижаларига кўра, мамлакат қонун чиқарувчи органига учта партия – ҳукмрон “Грузия орзуси”, собиқ президент Михаил Саакашвилининг мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат”, “Ватанпарварлар альянс”ига ўтган.

Новости из мира высоких технологий на HiTech24.News
Жанубий Кавказнинг бу республикасидаги сайлов шанба куни аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди. 77 нафар депутат партиявий рўйхат (пропорционал тизим), 73 нафар депутат бир мандатли округ (можаритар тизим) лар бўйича сайланди. Партиявий ўринлар учун 19 та сиёсий партия ва 6 та сайлов блоклари даъвогарлик қилишди. Парламентга ўтиш учун улар сайловчиларнинг камида 5 фоиз овозларини тўплашлари керак эди. Можаритар номзодлар эса 5 фоиз плюс битта овоз тўплашлари қонунда белгиланган. Можаритар номзодлар етарли овоз тўплай олмаган бир қатор сайлов округларида сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши маълум бўлди.
Сайловда Нино Буржанадзе бошчилигидаги “Демократик ҳаракат” блоки ҳам ўз кучини синаб кўрди. Аммо унга муваффақият насиб этмади. Гап шундаки, Грузиядаги “атиргул инқилоби” га етакчилик қилган, Грузияни Москванинг таъсири доирасидан олиб чиққан, Европа Иттифоқи ва НАТО томон бошлаётган мухолифатчиларнинг вакилларидан бири, 52 ёшли юрист Буржанадзени Россия “малайи” деб атай бошладилар. Унинг Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб бориши амалдаги ҳукуматга хуш келмади. Олиб борилган ташвиқот ўз кучини кўрсатди. Бу гал таниқли мухолифат етакчиси парламентга ўтолмади.

4 миллионга етмаган аҳолига эга бўлган кичкина Кавказ давлати Москвадан мустақил бўлганига атиги 25 йил тўлди. Асосли ёки асоссиз тарзда халқни шимолдаги кучли давлат омилидан қўрқитавериш сиёсати туфайли Москва ва Тбилиси муносабатлари ҳамон совуқлигича қолаяпти.

— Мен русларга тушунтираяпман: Ҳеч қандай россияпараст кучлар Грузияда ҳокимият тепасига келмайди ва келган тақдирда ҳам ҳокимиятни сақлаб қололмайди. Россия байроғини кўтариб олган одамларни қўллаб-қувватлаш хато бўларди —, дейди Путин билан бир неча бор учрашган ва сотқинликда айбланаётган Буржанадзе хоним. Шуни эслатиб ўтиш керакки, 2008 йилдаги бир ҳафталик уруш, унинг ортидан Москванинг Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳаракатларидан сўнг Грузиянинг ҳамон катта шимолий қўшниси билан дипломатик алоқалари узилганича қолмоқда.

Грузияни бугун том маънода демократик, аммо тарқоқ давлат деб аташ мумкин. Сабаби оддий. Мамлакатда 200 та рўйхатдан ўтган партия мавжуд. Бироқ бир мавзуда, яъни мамлакат Ғарб томонми ёки Россия томон ҳаракатланиши керакми, деган масалада ҳокимият партиялари ҳам, мухолиф партиялари ҳам якдил. Барча партиялар Ғарбни ёқлайди. Гарчи охирги йилларда Тбилиси Ғарб билан анча яқинлашган, Европа Иттифоқи билан ассоциация тўғрисидаги келишувни имзолаган бўлсада, мамлакат аҳолиси ўртасида Москва билан яқинлашиш тарафдорлари сони кўпайди. Бироқ сиёсатчиларнинг бирортаси ҳам Россия билан яқинлашиш тўғрисида очиқ гапирмайди. Россия базаларини мамлакатда очиш, Россия пенсияларини жорий этиш, виза тартибини олиб ташлаш тарафдори бўлган ягона партия эса сайлов комиссияси томонидан сиёсий жараёндан четлатилди.
Баъзида россияпараст мавқени эгаллашда айбланадиган “Грузия орзуси” партияси вакили, мамлакат бош вазири Георгий Квирикашвили Грузиянинг геосиёсий йўналиши хусусидаги масала энди тўлалагича Ғарб фойдасига ҳал бўлганлигини таъкидлайди. «Грузияда фақат битта йўл — ғарб оиласининг тўлақонли аъзоси бўлиш йўли қолган», — дейди у.

Июль ойида Миллий демократик институт чоп этган сўров натижаларига кўра, аҳолининг аксарияти Грузиянинг келажаги Ғарбда деб билади. Бироқ мазкур мавқедагилар сони икки йил аввалги ҳолатга нисбатан бирмунча камайган.

“Марказчи” блоки каби сайловдан четлатилишидан чўчиган “Ватанпарварлар альянс”и (кўплар бу партияни Россиядан пул олиш ва Москвага ёрдам кўрсатишда айблайди) ҳам НАТО ва Европа Иттифоқини танқид қилишни тўхтатиб, Россияга қарши кайфиятга қўшилди. «Руслар ҳеч қачон бизнинг мамлакатга нисбатан яхшиликни соғинишмаган», — дейди партия лидери Ирма Инашвили. Унинг фикрича, фақат НАТО Грузияни ҳимоя қилишни кафолатлайди ва “чинакам демократия” ривожини таъминлай олади. Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, “Кавказ барометри” деб номланган ташкилот томонидан ўтказилган сўров якунлари “грузинча демократия” тарафдорлари сони 2012 йилдаги 68 фоиздан 47 фоизга тушиб кетганлигини кўрсатди.

Бу йил сиёсат йўлида саҳнани тарк этган Грузиянинг машҳур опера қўшиқчиси Паат Бурчуладзенинг айтишича, “бу мамлакатда ҳамма нарсани пул бошқараётганидан” жамият тўйиб бўлган. Бу билан қўшиқчи мамлакатнинг энг бой кишиси — “Грузия орзуси” асосчиси Бидзина Иванишвилини назарда тутади.

Иванишвили ўтган 2012 йилги сайловдан кейин бош вазир лавозимини эгаллаган бўлсада, аммо кейинчалик сиёсий етакчиликдан воз кечган. Шунга қарамай, кўпчилик ҳамон уни Тбилисидаги баландликда жойлашган тор кошонасидан туриб бутун Грузияни идора қилишига ишонади. Албатта, Россия ҳам Тбилиси билан муносабатларни яхшилаш ва олдинги мавқеини тиклашни истайди. Бироқ Абхазия ва Жанубий Осетия муаммоси туфайли Москва Грузиядаги ички сиёсатга жиддий аралашолмайди. Тбилиси университети профессори Георгий Гогсадзенинг фикрича, НАТО Грузияни ўз сафига ҳеч қачон қўшмаслигини Москва яхши билади, шунинг учун Россия хотиржам.

Украинанинг Одесса вилояти губернатори бўлиш учун мамлакатни тарк этган Михаил Саакашвили тарафдорлари эса бир овоздан шимолий қўшни билан ҳар қандай алоқаларни чеклашни истайдилар.

“Блоклардан ҳоли стратегия”, на Россия, на Ғарбнинг хавфсизлик тузилмаларига қўшилмаслик тарафдори Буржанадзе хоним унинг мамлакати на русларнинг, на америкаликларнинг қўғирчоғига айланмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга сиёсатчи Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги масаласи калити Россия қўлида эканига ишонади. Шу боис фақат Москва билан музокараларгина Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия қучоғига қайтариш имконини беради, деб ҳисоблайди. Мазкур позиция унинг партиясини парламентдан ўрин эгаллаш бахтидан мосуво этди.
Абдували Сайбназаров, tnews эксперти
Sharh.uz
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*