Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Nexia-2 велосипедда кетаётган 9 ёшли болани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат 21 сентябрь куни соат 12:00 ларда Марғилон шаҳар Усмон Носир ва Аҳмад Яссавий кўчалари кесишмасида содир бўлган. Ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 ҳайдовчиси автомобиль йўлига чиққан велосипедчи — 2015 йилда туғилган М.А.ни уриб юборган.
Натижада М.А тан жароҳати олган. Шу вақтда М.А.ни унинг отаси ва ҳайдовчи шифохонага олиб борган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда Марғилон шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Тошкентда BYD уриб юборган 9 ёшли мактаб ўқувчиси вафот этганди. Худди шу каби ҳолат 1 июль куни Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган. 140 км/соат тезликда ҳаракатланаётган BYD русумидаги автомобиль тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли қизалоқни босиб кетиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлганди.