Ходим билан 2 йилга меҳнат шартномасини тузиш ва кейин уни доимий равишда узайтириш мумкинми? Бу саволга аниқ жавоб бериш имконсиз, чунки муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Қонуний асосларсиз, хатто ходимнинг розилиги бўлганида ҳам ҳамма билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш мумкин эмас.
Янги МК муддатли меҳнат шартномаси тузилиши керак бўлган МК 112-моддаси ва МК 113-моддаси уни ходим билан келишилган ҳолда тузишга рухсат берилган аниқ ҳолатларни белгилайди.
Айтайлик, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича муддатли меҳнат шартномаси оқилона, яъни Меҳнат кодексининг 113-моддаси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда тузилган. Меҳнат шартномасининг муддати томонларнинг келишувига кўра ҳам белгиланади. Бу 3 йил ичида исталган давр бўлиши мумкин. 3 йил меҳнат шартномаси тузилиши мумкин бўлган максимал муддат. Меҳнат шартномасининг минимал муддати Меҳнат кодексида белгиланмаган. Муддат тугагандан кейин томонлар ўзаро келишувга кўра меҳнат шартномаси муддатини узайтиришга ҳақли. Аммо, бу Меҳнат кодексининг 113-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.
Келинг, бундай вазиятни тасаввур қилиб кўрамиз. Ходим 2 йил муддатга бош бухгалтер лавозимига қабул қилинди. Меҳнат кодексининг 113-моддаси 1-қисм 7-банди бўйича томонларнинг келишувига кўра бош бухгалтер билан муддатли меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилади. Йил охирида томонларнинг келишувига кўра ходимни доимий равишда бош бухгалтер ўринбосари лавозимига ўтказишга қарор қилинди.
Бундай ҳолда меҳнат шартномаси муддатини узайтириш учун асос йўқолди, чунки ходим энди бош бухгалтер эмас, балки бош бухгалтер ўринбосари лавозимида. Демак, у билан меҳнат шартномаси номаълум муддатга тузилган деб ҳисобланади (Агар Меҳнат кодексининг 113-моддасида келтирилган бошқа асослар бўлмаса).
Муддатли меҳнат шартномаси қанча муддатга узайтирилиши мумкин
Меҳнат шартномасининг энг кўп муддати юқорида айтиб ўтилганидек 3 йил. Ходимни муддатли меҳнат шартномаси шартлари бўйича ишга қабул қилиш орқали биз шартнома муддатини 3 йилдан ортиқ белгилай олмаймиз, лекин уни узайтира оламиз. Бунда, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, муддатли меҳнат шартномасининг умумий муддати 5 йилдан ошмаслиги керак.Шундай қилиб, Меҳнат кодекси узайтиришлар сонини чекламайди, лекин у узайтирилганда меҳнат шартномасининг умумий муддатини чеклайди.
Шунинг учун меҳнат шартномасининг дастлаб белгиланган муддати муддациз вақтга узайтирилиши мумкин эмас. Бу фақат 5 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Агар муддатли меҳнат шартномасининг умумий муддати унинг узайтирилишидан олдин ва кейин 5 йилдан ошса, меҳнат шартномаси номаълум муддатга тузилган деб тан олинади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Юқоридагиларни умумлаштирамиз. Меҳнат кодекси меҳнат шартномаси муддатини қуйидаги шартларда узайтиришга имкон беради:
муддатли меҳнат шартномасини тузишга сабаб бўлган ҳолатлар йўқолмади;
ходим ва иш берувчи шартномани узайтириш бўйича ўзаро келишувга эришдилар. Бунда ҳомиладор ходималар мустасно. Уларнинг ёзма аризасига кўра иш берувчи меҳнат шартномаси муддатини ҳомиладорликнинг охиригача, ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тақдим қилишда эса бундай таътил тугагунига қадар узайтириши шарт. муддатли меҳнат шартномасининг жами давомийлиги, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, 5 йилдан ошмайди.
Mirzo Ulugbek tumani аdliya boʻlimi,
yuridik xizmat koʻrsatish markazi boshligʻi
Rаnо Аsamovа