Тошкент шаҳри Олмазор туманида Cobalt, Tracker ва «гармошка»ли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 24 сентябрь куни соат 10:10 атрофида содир бўлган. «12-автобус саройи» филиали тасарруфидаги KingLong русумли 131-сонли автобус ҳайдовчиси Қ.А. Талабалар кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида «Мусиқа мактаби» қаршисида Cobalt ва Tracker билан тўқнашган.
Дастлабки маълумотга кўра, ушбу ЙТҲ Cobalt ҳайдовчиси айби билан келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида икки енгил машина ҳамда автобус техник шикастланган. Автобус йўловчиларга зарар етмаган.
Tracker ҳайдовчиси К.Ф, йўловчиси Т.М ва Э.А. енгил тан жароҳати олган, барча жабрланувчиларнинг аҳволи яхши, дейилади хабарда.
ЙТҲ Тошкент шаҳри ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.