Қайд этилишича, Олмалиқ шаҳридаги ихтисослашган мактаб ўқувчилари мактаб ҳудудидаги филтрланмаган сув истеъмол қилиши натижасида соғлиғида шикоят қилиб, жорий йилнинг 15 сентябр кунидан 19 сентябр кунига қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган.
Аниқланишича, ҳозирда мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинган.
Шунингдек, мазкур вазият вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.