Сурия инқирозига ечим учун Туркия, Россия ва Эрон ўртасида тузилган Остона музокараларининг кафиллари Қозоғистон пойтахтида 20-марта учрашди.
Музокаралар соат 07:00 да Остонадаги меҳмонхонада кафил давлатлар ўртасидаги икки томонлама техник учрашувлар билан бошланди.
Туркия ҳайъати Қозоғистон пойтахтида ўтказилган 20-учрашув доирасида илк учрашувини Эрон делегацияси билан ўтказди.
Туркиядан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бурак Акчапар бошчилигидаги ҳайъат, Россиядан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Эрондан Ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Асғар Ҳожи бошчилигидаги ҳайъатлар иштирок этмоқда.
Йиғилишларда Дамашқ маъмурияти Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айман Сусан бошчилигидаги, мухолифатни эса Аҳмет Тума бошчилигидаги ҳайъатлар тамсил этмоқда.
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Геир О. Педерсен иштирок этган йиғилишларда кузатувчи мақомига эга бўлган Иордания, Ироқ ва Ливан делегациялари ҳам бор.
Икки кунлик учрашувларда томонлар Сурия атрофидаги минтақавий вазиятнинг ўзгариши ва соҳадаги сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилади.
Бундан ташқари, йиғилишда гуманитар вазият, мамлакатни қайта тиклаш ва суриялик қочқинларнинг ўз мамлакатларига қайтиши учун шарт-шароит яратиш гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганларни қидириш каби масалалар, Сурияда терроризмга қарши кураш чоралари муҳокама қилинади.
Бугун Туркия, Россия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари билан Сурия маъмурияти ўртасида Сурия-Туркия муносабатларини нормаллаштириш бўйича “Йўл харитаси” бўйича тўрт томонлама маслаҳатлашув ўтказилиши кутилмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Богданов музокаралар олдидан матбуотга баёнот берди.
Богданов, Остона музокаралари доирасида бу сафарги энг муҳим учрашувнинг Сурия-Туркия муносабатларини нормаллаштириш учун тўрт томонлама йиғилиш бўлганини билдирди.
Бунинг учун Россия, Туркия, Эрон ва Сурия делегацияларининг бир жойга тўпланишини ифода этган Богданов, «Биз ҳозирда Дамашқ ва Анқара ўртасидаги муносабатлар нормаллашишидан манфаатдормиз. Бу жуда муҳим жараён. Ўтган 12 йилда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Жорий йилнинг 10 май куни Москвада Ташқи ишлар вазирлари йиғилди. Ҳозир биз бу жараённинг “Йўл харитаси” устида ишлаяпмиз”, деб маълумот берди.