Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири 4 апрель куни мамлакатга товуқ тухумларини олиб киришни тақиқлаш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Бу ҳақда “Закон.кз” хабар берди.
Қозоғистон ҳудудига учинчи мамлакатлардан ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларидан янги товуқ тухумларини барча турдаги транспортда олиб киришга олти ой муддатга тақиқ жорий этилсин, дейилади буйруқ матнида.
Тухумларни Қозоғистон ҳудуди орқали бошқа давлатларга етказиб бериш давом этади. Вазирнинг юқоридаги буйруғи 9 апрелдан кучга киради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тушунтиришича, баҳор-ёз мавсумида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тухум импортига вақтинчалик тақиқ ўрнатилган.
Чунки ушбу даврда одатда тухумга бўлган талаб пасаяди, бозор эҳтиёжлари саноат ишлаб чиқариши ва уй хўжаликлари маҳсулотлари ҳисобига тўлиқ қопланади. Бу эса тухум нархининг тушишига олиб келади ва паррандачилик фабрикалари фаолиятига ҳамда ишлаб чиқариш рентабеллигига салбий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, ушбу даврда тухумнинг сақлаш муддати қисқаради. Аммо технологик жараёнлар барқарорлиги сабаб ишлаб чиқариш ҳажми камаймайди, бу эса омборларда ортиқча маҳсулот захирасининг тўпланишига олиб келади.