2025 йил 23 июн, душанба. Қибрай тумани. Тахминан 50 минг аҳоли учун кун оғриқли «совға»дан бошланди — «Qibraytumangaz» газ таъминоти корхонасидан олинган расмий хабар. Унда қуруқ ва расмий тилда маълум қилинадики, 2025–2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида юқори ва ўрта босимдаги газ қувурларини сиқув босими остида герметикликка синовдан ўтказиш баҳонасида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилиши мумкин. Газ ўчириладиган маҳаллалар рўйхати бу қарорни имзолаган амалдорларнинг виждонидан ҳам узундек туюлади.

Нима юз берди аслида?
23 июн соат 09:00 дан 25 июн соат 17:00 гача 11 720 хонадон ва 68 йирик истеъмолчи газсиз қолади — бу эса, камида, 50 000 нафар одам деганидир. Кўп болали оилалар, кексалар, деҳқонлар ва жазирамада дачада яшовчи шаҳарликлар ҳам шулар жумласидан.
Газсиз қолган маҳаллалар:
Бунёдкор, Бобур, Ойбек, Навруз, Файзобод, М.Улуғбек, Фидокор, Маърифат, Ахиллик, Бойжигит, Фаровон, Тинчлик, Онгқўрғон, Янги Онгқўрғон, Янгиюл, Юқори юз, Дормон, Нурафшон, Янги Аргин, Олмазор, Бирлик, Ҳайдаробод, Ёнариқ, Зиёкор, Маданият, Янги ҳаёт, Қурилиш, Чинобод, Истиқлол, Мустақиллик, Ўткир, ГЭС Қодирия, Обод, Гулистон.
Аниқ бўлдики, бутун-бутун маҳаллалар газсиз қолмоқда — лекин ҳеч қандай альтернатив чоралар, иш режаси, маҳаллий ҳокимият билан келишув йўқ. Фақат хабар қилинди. Тамом. Ва ҳаммаси шуми?
Бу “вақтинча” дегани нима?
“Вақтинча ўчирилди” дейишяпти. Бу нима дегани? Бир соатми? Учми? Ёки — бизнинг тизимдагидай — раҳбар таътилдан қайтмагунча?
Энергетика вазирлиги регулятор сифатида нега қонунан тартиб жорий қилмайди? Масалан, “вақтинча” дегани — 3 соатгача. Агар шундан узоққа чўзилса — бу аллақачон фавқулодда ҳолат ҳисобланиши керак.
Ишбилармонлар сектори ҳам зарарда
68 та йирик истеъмолчи орасида — кафе, нонвойхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари, чорва боқиладиган фермалар бор. Шифохоналар ҳам бор. Балки, ғишт, бетон ва бошқа қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар ҳам бордир. Улар учун газ — шунчаки қулайлик эмас, ишлаб чиқаришнинг асосий шарти. Муддатлар бузилди, шартномалар бекор бўлди — бу тадбиркорларга ким товон тўлайди?
Район миқёсидаги амалдорлар қайси ҳуқуқ асосида бундай оқибатли қарор қабул қилган? HUDUDGAZTA’MINOT AJ нинг тузилмасидаги қайси даражадаги шахс — туман, вилоят ёки республика — бу “казус”ни имзолаган?
Диспетчерга етиб бўлмас экан. Офис эса евротаъмирда
55-900-43-36 рақамига эрталабоқ қўнғироқ қилдим — у “Ўзтелеком” томонидан блокланган экан. Ҳолбуки, бу рақам охирги 5 йилдан бери «Qibraytumangaz» расмий хабарларида кўрсатилиб келиняпти. Бу бефарқлик эмас, балки — аҳолини системали равишда чалғитиш!
99-862-10-04 рақами фақат бир неча марта уринишдан кейин ишлади. Қўшним Атабек билан кечаси (!) «Qibraytumangaz» офисига йўл олдик. Нима кўрдик? Янги евротаъмир. Гўё банк марказий офиси. Агар корхона вазифасини сидқидилдан бажарганида, бунга ҳеч ким эътироз қилмасди.
Синов ишлари қаерда ўтказиляпти?
Диспетчер Зокиржон Адҳамовнинг айтишича, синов ишлари умуман газ бошкарадиган жойда эмас, балки “Шарқий Тошкент -1 ГРЭС” атрофида, “Маданият” маҳалласи ёнидаги АЁҚШ яқинида бўлаяпти. Агар ишлар кундуз бажарилаётган бўлса — нега газни тунги пайтда ҳам ўчириб қўйишган? Бу техник жиҳатдан асоссиз. Ёки — газчиларга қулай, лекин халққа зарар?
Бу ҳолат одамда ташвиш уйғотади: минглаб инсонлар тақдирига таъсир этувчи қарор “тўнка устида”, анализсиз, ҳамдардликсиз ва масъулиятсиз қабул қилинган. Эрталаб уйғонишади — газ йўқ. Кейин нима бўлади?
Тошкент вилояти ҳокимлиги ва HUDUDGAZTA‘MINOT AJдан талаб қиламиз:
1. Газ таъминоти тўхтатилиши юзасидан хизмат текширувини ўтказиш ва қарор қабул қилган масъулларнинг ФИШини матбуотда эълон қилиш.
2. “Вақтинча ўчириш” тушунчасини қонун даражасида аниқ белгилаш.
3. Тадбиркорлар кўрган зарарни қоплаш механизмини ишлаб чиқиш.
4. Амалда бўлмаган телефон рақамларини кўрсатишни тўхтатиш ва аҳолини чалғитиш учун маъмурий жавобгарлик жорий қилиш.
Қибрай тумани аҳолиси — статистика эмас. Улар тирик инсонлар. Улар ҳурмат, барқарорлик ва давлатнинг масъулиятига ҳақли. “Вақтинча ўчирилди” деган баҳоналар — ХХ аср руҳидан қолган севимсиз мерос.
Раҳимжон Султонов