22.6 C
Узбекистан
Суббота, 4 мая, 2024
Домой Блог Страница 99

Бухоро ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғига қўшилди

ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғига 55 та янги шаҳар қўшилади. Улар орасида Бухоро “Ижодкорлик шаҳарлари тармоғи”да “Bukhara – Crafts and Folk Art” (ҳунар ва халқ санъати шаҳри) деб эътироф этилди.

Янги шаҳарлар маданият ва ижодкорликни қамраб олишга бўлган қатъий содиқликлари ҳамда одамларга йўналтирилган шаҳарсозликнинг инновацион усулларини намойиш этиши учун тан олинган.

Сўнгги қўшимчалар билан тармоқ ҳозир юздан ортиқ мамлакатнинг 350 та шаҳрини қамраб олган. Улар етти ижодий соҳани ифодалайди. Яъни ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати, дизайн, кино, гастрономия, адабиёт, медиа санъат ва мусиқа.

МАНБА: ЎзА

Ёшга доир пенсияларни проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади

“Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–353-сон, 31.10.2023 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:

фуқароларга пенсия тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

фуқаролар пенсия тайинланганидан сўнг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини ЯИДХП ёки АТ “Халқ банки”нинг мобил иловаси орқали олиши мумкин бўлади.

Бунда, Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.

2025 йил 1 мартдан фуқароларга ёшга доир пенсияларни “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.

Бунда, ёшга доир пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан ҳисобланади ва тайинланади.

Фуқароларга пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган пенсияни рад қилиш ҳуқуқи берилади.

2025 йил 1 мартгача фуқароларга пенсия тайинланиши ёки пенсия миқдорига таъсир қилувчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан фуқаронинг мобил алоқа воситасига СМС-хабар юбориш тартиби жорий этилади.

Тошкентдан Милан, Париж ва Пекин парвозлари учун чегирма эълон қилинди

2023 йил 2 ноябрь куни Uzbekistan Airways Тошкентдан Милан, Париж ҳамда Пекин парвозлари учун тариф нархидан 20 фоиз чегирма эълон қилди.

Акция бир кун давомида, соат 00:00 дан 23:59 гача мавжуд ва эълон қилинган жадвал тугагунига қадар юқорида кўрсатилган барча рейслар учун амал қилади.

Ўзбекистондаги қайси шаҳарда яшаш қулайроқ?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси шаҳарларининг яшаш учун қулайлик рейтинги тузилди.

Ёндашув. Шаҳарларда яшаш қулайлиги йиғма индекс асосида баҳоланиб, индекс миллий статистик кўрсаткичлар доирасида, Global Liveability рейтинги методологияси асосида ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: Economist Intelligence Unit нашри ҳар йили дунё шаҳарлари бўйича «Яшаш учун қулай шаҳарлар» (Global Liveability) рейтингини эълон қилади.

Индексни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларида жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичидан фойдаланилди.
Рейтинг республиканинг аҳолиси сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилди.

Натижалар. Натижаларга кўра, республикадаги яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг кучли бешталигидан Тошкент (100 балли тизимда рейтинг бали 79,1), Урганч (76,0), Бухоро (75,4), Самарқанд (70,6) ва Навоий (68,1) шаҳарлари ўрин эгаллади. Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3), Хонобод (35,3), Янгиер (33,5), Оҳангарон (32,9) ҳамда Қувасой (26,4) шаҳарлари жой олди.

Рейтинг бўйича яшаш қулай бўлган шаҳарлар ўнталигидаги шаҳарларнинг барчаси вилоят марказларидир. Рейтинг поғоналари бўйича улардан кейинги ўринларни Қўқон (13-ўрин), Хива (14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) каби шаҳарлар эгаллади.

Йўналишлар бўйича етакчи шаҳарлар:

Таълим ҳамда тиббиёт: Бухоро, Гулистон ва Урганч.
Инфратузилма: Урганч, Навоий ва Тошкент.
Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: Тошкент, Урганч ва Гулистон.
Маданият ва атроф-муҳит: Тошкент, Бухоро ва Самарқанд.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, рейтингни амалиётга жорий этиш натижасида республика шаҳарларининг умумий ҳолатини бир неча йўналишлар бўйича доимий мониторинг қилиб бориш имкони яратилади. Шунингдек, рейтингни такомиллаштириш доирасида ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммоли соҳалар аниқланиб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлувчи омилларни камайтириш мумкин

Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлик индекси янгиланди

Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлик индексини янгилади.

Индекс 7 та кўрсаткич (экспорт, импорт, савдо қиймати, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, туризм, меҳнат миграцияси, товар белгиларига аризалар)дан иборат бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасини (фоизда), жумладан, ўзаро экспортнинг дунёдаги қолган мамлакатлар билан савдо-сотиқдаги улушини акс эттиради.

2017-2022 йилларда индекс қиймати 31,4 фоиздан 36,3 фоизгача кўтарилди. Шу билан бирга, COVID-19 даврида жорий этилган чекловлар туфайли кўрсаткичнинг (2020-йилда 31,3 фоизга) пасайиши кузатилади.

  1. Индекснинг ўсишига энг катта ҳисса қўшган кўрсаткич бу товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш учун аризалар бўлиб, ўрганилган даврда унинг 2,2 бараварга ўсиши кузатилган (27,2 фоиздан 60,1 фоизгача). Бу кўрсаткич тадбиркорлик субъектларининг минтақа мамлакатларида ўз фаолиятини йўлга қўйишдан манфаатдорлигини акс эттиради.
  2. Экспорт кўрсаткичи қиймати 1,3 бараварга, 11,4 фоиздан 14,7 фоизга ўсган. Бу эса минтақа давлатларининг ўз маҳсулотларини бошқа ҳудудларга нисбатан биринчи навбатда қўшни давлатларнинг савдо бозорларига экспорт қилишдан манфаатдорлигини кўрсатади.
  3. Импорт кўрсаткичи 1,2 барварга, 17,0 фоиздан 20,4 фоизга ўсди. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари бошқа мамлакатларга нисбатан минтақа давлатларидан импорт ҳажмини сезиларли даражада оширганини билдиради.
  4. Минтақа ичидаги туризм 73,0 фоиздан 78,8 фоизга (1,1 баравар) ўсди. Бу Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг минтақа бўйлаб саёҳатга (таътил, даволаниш, қариндош-уруғларни кўриш, бизнес ва ҳ.к.) бўлган катта қизиқишидан далолат беради.
  5. Ҳудуддаги ўзаро инвестициялар ҳажми (тўғридан-тўғри инвестицияларнинг кириб келиши ва чиқиши) деярли ўзгармаган ва 1,02 баробарга (34,8 фоиздан 35,5 фоизга) ўсган.
  6. Савдо таннархи (мамлакатлар ўртасида товарлар экспорти ва импорти учун амалга оширилган тариф ва нотариф тўловларининг умумий суммаси) кўриб чиқилаётган даврда 2,7 фоиз пунктига камайган (70,9 фоиздан 68,1 фоизгача). Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо қиймати бошқа савдо ҳамкорлари билан солиштирганда ўртача 4 баравар паст.
  7. Шунингдек, меҳнат миграцияси кўрсаткичи 1,5 фоиз пунктига пасайган (16,7 фоиздан 15,3 фоизгачагача). Яъни, минтақа мамлакатлари ҳудудида яшаш ва ишлашни афзал кўрган Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг улуши камайган.

2022-йил якунларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорлик даражаси энг юқори бўлган мамлакат бу Қирғизистон (55,5 фоиз). Ундан кейинги ўринларда Тожикистон (33,1 фоиз), Ўзбекистон (27,0 фоиз) ва Туркманистон (18,8 фоиз) туради. Энг паст индекс қиймати Қозоғистонда (18,2 фоиз) кузатилган.

Тошкентдаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига чақирув тугмали светофорлар ўрнатилади

2023 йил якунига қадар Тошкент шаҳридаги жами 250 та тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига чақирув тугмали светофорлар ўрнатилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, светофорлар 21 октябрдан бошланган Тошкент шаҳрида пиёдалар учун хавфсиз йўл инфратузилмасини яратиш бўйича “Зарбдор икки ойлик” тадбири доирасида ўрнатилади.

Тадбир давомида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва кунлик таҳлилини юритиш мақсадида,  Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида “Тезкор штаб” фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида алоҳида 12 та мобил бригада ташкил қилиниб, жами 146 нафар ходим ва ишчи-хизматчилар жалб этилган. 

Тадбир бошидан 31 октябрь кунига қадар 10644  нафар қоидабузар пиёда аниқланди, уларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилган. 

1 422 нафар ҳайдовчига нисбатан эса пиёдаларга йўл бермагани учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Шавкат Мирзиёев 2-3 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Қозоғистонда бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 2-3 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.

Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Тадбирлар якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон Республикаси раислик қилмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ муҳим тадбир ўтказилди.

Ташкилотга Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси. Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Туркия Республикаси аъзо, Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчилардир.

Беларусь билан оналар ва болалар саломатлиги бўйича кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилади — ССВ

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Беларус Республикаси делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди.

Унда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич, Беларус Республикаси Миллий Кенгаши Вакиллар палатасининг хориждаги беларуслар ишлари бўйича Парламент гуруҳи раҳбари Валентина Ражанес, мазкур палатанинг Спорт, соғлиқни сақлаш, маданият, оила ва ёшлар масалалари бўйича Парламент комиссияси раиси, профессор Людмила Макарина-Кибак иштирок этди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида, Беларус делегацияси вакиллари ўз мамлакатида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.

Маълумки, Беларус оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи энг паст давлатлардан бири. Бу ерда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича такомиллашган меъёрий-ҳуқуқий база шаклланган, кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилган.

Шундан келиб чиқиб, учрашувда Қашқадарёда барпо этилган Она ва бола саломатлиги тиббиёт маркази фаолиятига Беларус бошқарув тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Бунинг учун Беларус Она ва бола саломатлиги илмий-амалий марказининг мутахассисларини жалб қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, меҳмонлар бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Кун тартибидан ўрин олган яна бир масала – бирламчи бўғинда меҳнат қилаётган акушерларни Беларус таълим стандартлари асосида ўқитиш бўлди. Бу борада эришилган келишувга кўра, дастлабки босқичда Қашқадарё вилоятида бирламчи амбулатор тизимда фаолият юритаётган 900 нафар доя халқаро протоколлар асосида миллий мақсадлар ва демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўқитилади.

Якуний имтиҳон чет эллик экспертлар томонидан қабул қилиниб, ундан муваффақиятли ўтганлар халқаро сертификатга эга бўлади.

Мулоқот давомида шу йил 13-24 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган Беларус тиббиёти кунларига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур акция доирасида дўст мамлакатдан юртимизга болалар онкогематологияси, кардиология, онкология, неонатология каби йўналишлар бўйича етакчи мутахассислар, олимлар ташриф буюриши режалаштирилган. Улар иштирокида ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари, консилиум ва семинарлар ташкил этилади.

Қолаверса, ана шу акциянинг мантиқий давоми сифатида ноябрь ойи якунида Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларус тиббиёт форуми ўтказилади. Икки давлат ўртасидаги тиббий ҳамкорликни мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган ушбу нуфузли тадбирга юртимиздаги ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини туман даражасида ривожлантириш мақсадида форумда туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари, шунингдек тиббиёт техникумлари ва тиббий олийгоҳлар раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Тадбир якунида ўзаро манфаатли қатор меморандум ва келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.

Франция ва Ўзбекистон президентлари тунгги Самарқандни сайр қилишди

Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Давлат раҳбарлари  ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон мажмуасига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ меъморчилиги дурдонасининг қурилиш тарихи, ноёб нақшлари, ушбу маскан билан боғлиқ машҳур воқеа ва шахслар хусусида сўзлаб берилди. 

Франция Президентининг ташрифи Самарқандда ўтаётгани ва айнан Регистондан бошлангани бежиз эмас. Бу ерда халқларимиз ўртасидаги тарихий муштаракликни мужассам этган жиҳатлар кўп.

Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда, савдо ва илм-фан ҳомийси сифатида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга катта таъсир кўрсатган. XV асрда Парижда унинг шарафига «Европанинг халоскорига» деган ёдгорлик қўйилган. Амир Темур ва Франция қироли Шарл VI бир-бирига мактублар юбориб, алоқа ўрнатган. Ёзишмаларда сиёсий масалалар билан бир қаторда савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам катта эътибор қаратилган.

Францияда буюк Соҳибқирон ва темурийлар ҳақида кўплаб илмий, бадиий асарлар яратилган. Жумладан, француз мутафаккири ва адиби Вольтер асарида Мирзо Улуғбек, машҳур ёзувчи Жюль Верн романида Регистон маҳобати ҳақида тўлқинланиб ёзилган. 

Бугун Франция делегацияси айнан шу майдонда бўлиб турибди. Тунги чироқлар билан ёритилган мажмуанинг улуғворлиги ва гўзаллиги меҳмонларда катта завқ уйғотди.

Шу ерда Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон биргаликда суратга тушди.

Сўнг Президентлар “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлдилар.

Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Хусусан, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган. Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Давлат раҳбарлари ўртасида самимий мулоқот бўлди. Самарқанд жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлгани, бугун ҳам халқаро саммит ва туризм марказига айланиб бораётгани қайд этилди. Меҳмонларга халқимизнинг бетакрор бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.  
 

Ташрифнинг асосий тадбирлари, шу жумладан, олий даражадаги музокаралар эртага, 2 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистонда 1 порция паловнинг ўртача нархи қанча?

Статистика агентлиги томонидан ҳудудлардаги ош марказларида сотилаётган паловнинг ўртача нархлари (2023 йил октябрь ойи учун):

1 порция ошнинг ўртача нархи:
— Қорақалпоғистон Р. – 23 000 сўм    
— Андижон вилояти – 23 600 сўм    
— Бухоро вилояти – 28 200 сўм     
— Жиззах вилояти –24 200 сўм    
— Қашқадарё вилояти – 25 800 сўм     
— Навоий вилояти – 22 400 сўм     
— Наманган вилояти – 19 800 сўм    
— Самарқанд вилояти – 27 000 сўм    
— Сурхондарё вилояти – 25 000 сўм    
— Сирдарё вилояти – 24 200 сўм    
— Тошкент вилояти – 23 500 сўм   
— Фарғона вилояти – 21 300 сўм
— Хоразм вилояти – 24 800 сўм
— Тошкент шаҳри – 29 000 сўм

Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисида низом қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ:

ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби;

  • ер ҳисоботини юритиш тартиби;
  • ер ҳисоботи шаклларини тасдиқлаш; 
  • ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш тартиби; 
  • ер фонди тоифаларидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш тартиби бўйича низом тасдиқланди. 

2024 йил 1 январга қадар “Yer hisobot” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилади. 

Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси “Yer hisobot” ААТ оператори ҳисобланади.

Ер ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш, ерларни тоифаларга ажратиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш натижалари ваколатли давлат органларининг қарорлари асосида “Yer hisobot” ААТга киритиб борилади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер ресурсларини хатловдан ўтказиш натижаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари реал вақт режимида “E-qaror” электрон тизими орқали “Yer hisobot” ААТга тақдим этиб борилади. 

Маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ва унинг натижаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлмайди.

2024 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, туман (шаҳар)лар ҳокимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганда, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бир ой муддатда ўзларининг маъмурий-ҳудудий бирликлари бўйича жорий йил 1 январь ҳолатига кўра ер ҳисоботи, шу жумладан, лавозимдан озод этилган ҳоким фаолияти даврида ер фонди тоифаларига киритилган ўзгартиришлар ҳамда янги ўзлаштирилган ерлар тўғрисидаги маълумотларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тасдиқлаш учун тақдим этади.

Бунда ер фонди тоифаларига киритилган ўзгартиришлар, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда янги ўзлаштирилган ерлар тўғрисидаги маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимларига тақдим этади. 

МАНБА:ЎзА

Ўзбекистон “Газпром” билан газ таъминоти ҳамда ташиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиради

«Газпром” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Буҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, “Санкт-Петербург халқаро газ форуми – 2023” доирасида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ҳамкорликнинг бориши ҳамда истиқболларини кўриб чиқди. Хусусан, 2023 йилнинг октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия билан барқарор таъминлашда “Марказий Осиё – Марказ” газ қувурлари тизими асосидаги махсус ажратилган йўналиш алоҳида ўрин тутиши, бу, айниқса, куз-қиш мавсумида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Алексей Миллер энергетика комплексидаги ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзолади. Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ҳамда ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиради.

Измир Lonely Planet нинг 2024 йил учун энг яхши саёҳат йўналишлари рўйхатидан жой олди

Туркиянинг Эгей минтақасидаги энг гўзал шаҳарларидан бири бўлган Измир, машҳур Lonely Planet саёҳат қўлланмаси туркуми томонидан «2024 йилнинг энг яхши шаҳарлари» рўйхатига киритилди.

1973 йилдан буён бутун дунё бўйлаб саёҳат йўналишлари борасида қимматли маълумотларни тақдим этиб келаётган Lonely Planet, навбатаги “Best in Travel 2024” ташриф буюриш тавсия этилган саёҳат йўналишларининг ўн тўққизинчи нашри рейтингини эълон қилди. Саёҳат бўйича мутахассислар гуруҳи томонидан тузилган ушбу рўйхат беш тоифага бўлинган: мамлакат, минтақа, шаҳар, барқарорлик ва қиймат. Қўлланманинг «Энг яхши шаҳарлари»дан бири деб танланган Измир қадимий манзилгоҳлари, таниқли соҳиллари, бетакрор манзаралари, антиқа таомлари ва жозибаси билан мақтовга сазовордир.

Lonely Planet маълумотларига кўра, Измирнинг денгиз қирғоғида жойлашганлиги унинг катта устунлигидир. Нашрнинг ёзишича, Измирнинг тарихий бозорлари, маданият ва санъат масканлари, узумзорлари, гўзал соҳиллари ва қадимий манзилгоҳлари минтақага ташриф буюриш учун жиддий сабабдир. Lonely Planet, ҳар йили июнь-июль ойлари орасида ўтказиладиган турли концерт ва рақс намойишларини ўз ичига олган Халқаро Измир фестивалига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Измир Туркиянинг учинчи йирик шаҳри бўлсада, юқори ҳаёт сифатига ҳисса қўшадиган қулай муҳитга эга. ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатида бўлган Эфес қадим шаҳри ҳар йили миллионлаб сайёҳ томонидан зиёрат қилинади. Бу шаҳар бинолари яшаш учун қурилган бўлиб, деярли икки километрлик қирғоқ чизиғига эга.

Унинг қулай жойлашгани ҳамда денгиз бўйидаги гўзал шаҳар ва соҳилларга осон эришуви Измирнинг жозибадорлигини оширади. Измирнинг ғарбий қирғоғи Фочадан Урлагача, Карабурундан Чешме ярим оролига қадар кўплаб шинам қишлоқлар ва машҳур соҳил аҳоли пунктлари билан тўла. Узумзорлари ва турк винолари билан машҳур Урлада меҳмонлар маҳаллий тамаддихоналарда мазали таомлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Шу билан бирга, Эгей ўтлари ва денгиз маҳсулотлари истеъмоли Чешме ярим оролининг юраги бўлмиш Алачатида кенг тарқалган. Бундан ташқари, Измирнинг бу йил Michelin GUIDE рўйхатига киритилгани ҳам ундаги озиқ-овқат ва ичимликлар сифатини белгиловчи йирик омиллардандир.

Туркиядан ЭуроВело 8 — Ўрта Ер денгизи йўналиши учун танланган илк шаҳар бўлган Измир, шунингдек, велосипед йўллари ва «Bicycle-Friendly» сертификатига эга меҳмонхоналари билан минтақани икки ғилдиракда кашф қилишни истаган саёҳатчилар учун ҳам қулай йўналишдир.

Ёшга доир пенсияларни проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади

“Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:
— фуқароларга пенсия тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;
— фуқаролар пенсия тайинланганидан сўнг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини ЯИДХП ёки АТ “Халқ банки”нинг мобиль иловаси орқали олиши мумкин бўлади.  

Бунда, Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.

2025 йил 1 мартдан фуқароларга ёшга доир пенсияларни “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.
Бунда, ёшга доир пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан ҳисобланади ва тайинланади.

 Фуқароларга пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган пенсияни рад қилиш ҳуқуқи берилади.
 2025 йил 1 мартгача фуқароларга пенсия тайинланиши ёки пенсия миқдорига таъсир қилувчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан фуқаронинг мобиль алоқа воситасига СМС-хабар юбориш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистонда 2020 йилдан буён ис газидан заҳарланиш оқибатида 421 нафар одам ҳалок бўлди

2020–2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 245 та нохуш ҳолат юз бергани оқибатида 200 нафар фуқаро жароҳатланган, 421 нафари ҳалок бўлган ва бу каби фожиалар  йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Сенаторлар томонидан  бундай ҳолатларга ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди.

Хусусан, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп қаватли уйларда ўрнатилган газда ва қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларида ишловчи аксарият қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмас. Улар сифатли тозаланмаган ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаган. Шунингдек, янги қурилган кўп қаватли уйлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналлари амалдаги қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Республика комиссиясининг фаолияти кутилган самараларни бермаяпти.

Турар жойлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари, дудбуронлар ва вентилация тизимини тафтишдан ўтказиш ва профилактика хизматлари кўрсатишни тизимли ташкил этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бироқ шу кунга қадар мазкур хизматларни кўрсатиш тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Оқибатда тегишли ишлар мутахассис бўлмаган ходимлар томонидан сифатсиз ва юзаки бажарилмоқда. 

Шу билан бирга турар жойлардаги газ жиҳозлари, иситиш қозонлари, дудбуронлар ва вентилация тизимини техник тафтишдан ўтказиш ва профилактика хизматлари кўрсатишни тизимли ташкил этишга оид қонунчиликда ҳам ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд.

Масалан, ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги муносабатларни тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 64-сонли қарорида турар жойлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказиш, аниқланган носозликларни бартараф этиш ҳамда бу соҳада профилактика хизматларини кўрсатиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юкланган бўлсада, мамлакатимиздаги 7,5 миллиондан ортиқ хонадонни тўлиқ қамраб олиш ва ушбу вазифани амалга ошириш учун вазирликнинг техник имконияти йўқ. Бу соҳа бўйича мутахассис ходимлар ҳам йўқлиги сабабли ҳуқуқий асоси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидан фойдаланиб келинмоқда.

Газда ишловчи қурилмаларни ўрнатиш ва таъмирлаш учун мутахассисларга махсус рухсатнома берувчи тизим мавжуд эмас.

Яна бир муҳим масала — бугунги кунда дудбурон ва шамоллатиш каналларини тозалаш, синовдан ўтказиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган 200 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган, уларнинг ходимлари аттестациядан ўтказилмайди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Республика комиссияси фаолияти кутилган самараларни бермаяпти.

Газда ишловчи қурилмаларни ўрнатиш ва таъмирлаш учун мутахассисларга махсус рухсатнома берувчи тизим мавжуд эмас. Амалдаги қонунчиликда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўтказилган техник кўрикнинг сифати учун жавобгарлик масаласи белгиланмаганлиги сабабли ушбу субъектлар мутахассислари томонидан аҳолига ёлғон маълумотлар бериш, тамагирлик каби қонунбузарликлар содир этилмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда ис газидан заҳарланиш оқибатларини ҳисобга олишнинг аниқ тизими ҳалигача яратилмагани, турли тузилмалар томонидан бахтсиз ҳодисалар ҳисобини юритишда жиддий тафовутлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Фарғонада араб давлатлари инвестицияси асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади

Фарғона вилоятида Қувайт ва Саудия Арабистони тадбиркорлари томонидан энергетика, тиббиёт соҳаларида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шу мақсадда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Қувайтнинг “Energy Solutions” компанияси бош директори Муҳаммад Саса ал-Салоҳ ҳамда ушбу компаниянинг ҳамкори Саудия Арабистонининг “Johnsons Controls Arabia (York)” компанияси вакиллари билан ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш ўринлики, “Johnsons Controls Arabia (York)” ақлли технологияларга асосланган қурилиш жиҳозлари, бинолар учун совитиш ва иситиш тизимларини ишлаб чиқарувчи йирик компания ҳисобланади. Дубайдаги “Бурж Халифа”, Ню–Йоркдаги “Эмпайр-стейт-билдинг” осмонўпар бинолари, Макка ва Мадина шаҳридаги кўплаб иншоотлар каби дунёдаги юзлаб йирик қурилишларда мазкур компаниянинг тизимлари ўрнатилган. Шунингдек, компания Саудия Арабистонида жойлашган дунёдаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида “York” бренди остида кондиционерлар ишлаб чиқаради.

Юзма–юз мулоқотда Фарғона шаҳрида бунёд этилаётган Экошаҳар учун энергия сарфини 25–30 фоизга қисқартириш имконини берувчи комплекс энергия тежамкорлиги тизимини жорий этишга қаратилган лойиҳаси юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, самимий суҳбат жараёнида яқин вақт ичида вилоят делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш ҳамда музокараларни навбатдаги босқичда давом эттиришга келишиб олинди.

  МАНБА:“Халқ сўзи”. 

Эндиликда заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин

Президент Фармони (ПФ–185-сон, 31.10.2023 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра:

жисмоний шахслар қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиши мумкин.

Илгари: қиймати 5 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилган.

Шунингдек, Ҳукумат қарори (283-сон, 14.05.2020 й.) билан тасдиқланган низомга киритилган қўшимчага кўра:

заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда маълумотларни ТСОЯEАТга киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат берилади.

Президент Администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида қатор янги лавозим тайинловлари амалга оширилди. Жумладан:

Гайратулла Хабибуллаевич Ёзиев — Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар Гайратулла Ёзиев Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Кахраман Раматуллаевич Сариев — Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар Кахраман Сариев Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Улуғбек Исломович Мухаммадиев — Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар Улуғбек Мухаммадиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Умар Сапаевич Исмаилов — Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар Умар Исмаилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Расман! Иккинчи хотинга уйланишни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланди

Президент томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ–874-сон, 31.10.2023 й.) билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра:  

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш:

➖БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш:

➖БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача  (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш бундан мустасно.

Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш:

➖БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Футбол бўйича 2034 йилги жаҳон чемпионати Саудия Арабистонида ўтказилади

Маълум қилинишича, ушбу нуфузли мусобақа мезбонлигига фақатгина Саудия Арабистони расман ариза берган.

Аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати 31 октябрь эди. Шу боис ФИФА мусобақа Саудия Арбистонида ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилди.

Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. 

2030 йилги жаҳон чемпионатини эса уч қитъа — Европа, Африка ва Жанубий Америка қабул қилади. Мусобақа мазкур қитъаларнинг олтита давлати — Испания, Португалия, Марокаш, Уругвай, Аргентина ва Парагвайда ташкил этилади. Ушбу олти мамлакат турнирга тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлади.

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,290участниковПодписаться
×