24.2 C
Узбекистан
Среда, 24 апреля, 2024
Домой Блог Страница 98

Қозоғистондаги фожиа оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон зарур кўмакни кўрсатишга тайёр — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қарағанди вилоятидаги конда рўй берган авариянинг фожиали оқибатлари муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди.

Кон ичида қолаётган кончилар тез фурсатда қутқарилишига умид билдирилди, ҳодиса оқибатларини бартараф этишда мамлакатимиз зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

Икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Пара Осиё ўйинлари тарихида медаллар сони бўйича энг яхши натижасини қайд этди

Ханчжоудаги Пара Осиё ўйинлари якунига етди! Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза, жами 79 та медални қўлга киритди. Эътиборлиси, бу Ўзбекистон делегациясининг Пара Осиё ўйинлари тарихида медаллар сони бўйича энг яхши натижаси бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ахборот хизмати. 

Хабарда айтилишича, бундай ғалабалар Муҳтарам Президентимиз ва давлатимиз томонидан Паралимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг самарасидир. 

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ушбу тарихий муваффақият билан барча юртдошларимиз, спортчи ва мураббийлар, бу натижа йўлида меҳнати сингган барча мутахассисларни самимий қутлайди, дейилади хабарда. 

Пойтахтнинг 3 та туманида 30-31 октябрь кунлари иссиқ сув ўчирилади

«Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ) 1-ИМ қозонхонаси газ таъминотидан вақтинчалик узилади. Тўхташ сабаби «Ҳудудгаз Пойтахт» юқори босимли газ қувуридаги режалаштирилган ишлар билан боғлиқ бўлиб ишлар 30 октябрь куни соат 08:00 дан 31 октябрь соат 20:00 гача амалга оширилади.

Иссиқ сувни ўчириш қуйидаги ҳудудларга таъсир қилади: 

Юнусобод тумани: С-4, С-5, С-6 даҳалари, А. Дониш,  Эргашев, Бодомзор, Боғишамол, Ғуломов, Гидрометеорология маркази, А.Темур кўчалари.

Мирзо Улуғбек тумани: Навниҳол, Неъмат, Шаҳриобод, Дўрмон йўли, Мўминов, Зиёлилар, Хожибоев, Қаландар, М.Улуғбек, Левитан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги госпитали ҳудуди, Сайрам, Буюк Ипак Йўли, М. Юсуф, Мустақиллик, Оққўрғон, Иргашев, К.Ниёзов, Муртазаев, П.Салар, П.Пишпек кўчалари, Ҳ.Олимжон майдони, С-1, С-2, Яланғоч, Бўз-1, Паркент даҳалари.

Яшнобод тумани: Боткина, Ташселмаш, Мирзо Улуғбек даҳалари, Риёзий, Паркент, Сиолковский, Махтимқули кўчалари.
Иссиқ сув таъминотининг тўлиқ тикланиши газ таъминоти қайта тикланганидан ва 1-ИМ қозонхонаси ишга туширилгандан сўнг (тахминан 31 октябрь ярим тунда) амалга оширилади.

Давлат иштирокидаги корхоналардаги бўш ўринлар махсус порталга жойлаштирилиши лозим

Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан уларнинг бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгаришлар содир бўлган санадан 2 иш куни ичида мажбурий тартибда махсус порталга жойлаштириб борилиши белгиланган.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, улардаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни махсус порталга жойлаштирмаган корхоналарнинг ижро этувчи органи ҳамда кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантиришга йўл қўйилмайди.

Фаррух Зокировга Татаристон халқ артисти унвони берилди

Татаристон раиси Рустам Миннихонов «Ялла» гуруҳининг бадиий раҳбари, ўзбек эстрада хонандаси Фаррух Зокировга Татаристон Республикаси халқ артисти фахрий унвонининг кўкрак нишонини топширди.

Учрашув Татаристон Республикаси ҳукумат уйида бўлиб ўтган. Рустам Миннихонов Осиё ва Шарқ мамлакатлари билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири экани ва Татаристон бу жараённи осонлаштиришга ҳаракат қилаётганини айтиб ўтган. Шунингдек, у Фаррух Зокировга мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси, миллий маданиятлар фестивалига эътибори учун миннатдорлик билдирган. 

Маълумот учун, «Ялла» жамоа Татаристонга «Россия-Шарқ» (“Қозондаги Шарқ бозори”) халқаро миллий маданият фестивалида иштирок этиш учун келган.

Сенат Сурайё Раҳмоновани Болалар омбудсмани лавозимига сайлади

Олий Мажлис Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлисида Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини (Болалар омбудсманини) сайлаш тўғрисидаги масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати маълум қилди.

Сенат томонидан Рахмонова Сурайё Махмудовнани Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, С. Рахмонова 1-даражали адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар доктори, профессор. У узоқ йиллар мобайнида юридик олий таълим ташкилотларида, шунингдек, суд ва прокуратура органлари тизимида фолият кўрсатиб келган. 

Расман! Жамоат транспортида йўл ҳақи 1 ноябрдан оширилмоқда

Пойтахт жамоат транспортида янги, қўшимча ва рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилмоқда. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати хабар қилди.

Унга кўра, бир йўловчи қатнови учун чекланган тарифлар нақд пул ва банк карталарти орқали 2000 сўм, АТТО транспорт карталари орқали тўлов учун эса 1700 сўм этиб белгиланмоқда.

Йўловчилар АТТО транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда бир соат ичида иккинчи маротаба автобусдан фойдалансалар йўл ҳақи учун 700 сўм тўлайдилар. Бир соат давомида йўловчилар автобусдан  учинчи ва тўртинчи маротаба маълум бир манзилга ҳаракатланиши эса мутлақо бепул бўлади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Венгрия элчисини қабул қилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адкҳам Икрамов ҳамда Венгриянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Юзеф Росса ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда спорт мураббийлари ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икрамов томонидан элчи жаноблари ва унинг жамоасига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирилди.

Элчи жаноблари ўз ўрнида Икки мамлакат ўртасида иқтисодий, ижтимоий ҳамда гуманитар соҳаларда ўрнатилган мустаҳкам алоқалар юқори натижалар беришига ишонч билдирилди.

Учрашув давомида, келгусида ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳамда навбатдаги келишувлар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Сенаторлар аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қонунларни маъқуллади

Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга «Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида контрафакт ва сифатсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомалага киритилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик, ўтказганлик, ишлар бажарганлик ёки хизматлар кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси санитария тўғрисидаги қонунчиликни ва ветеринария қоидаларини бузганлик, ўзганинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилишига, шунингдек ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда карантин қоидаларини, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишига қаратилган ўзгартиришлар билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, шахснинг муайян фаолият тури билан шуғулланиши учун суднинг тақиқи мавжуд бўлганда лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни рад этиш учун асослар кенгайтирилмоқда.

Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) суд томонидан тугатиш учун асос бўладиган бир марталик қўпол қоидабузарлик аниқлаштирилмоқда.

Қолаверса, ваколатли органларга лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига оид текширувларни Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик кодексига географик кўрсаткичлар ҳам интеллектуал мулк объектлари ҳисобланиши тўғрисидаги норма қўшилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар соғлигини сақлашга, ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳамда интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги конда юз берган авария оқибатида етти киши ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги конда етти нафар кончи ҳалок бўлди.

Бу ҳақда ArcelorMittal матбуот хизмати хабар берди.

“Етти кончининг жасади ҳаёт белгиларисиз топилди”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, конда жами 252 киши бўлган, 205 нафар кончи ер юзасига чиқарилган.

Компания маълумотларига кўра, лавада газ метан портлаши содир бўлган деб тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг Австриядаги янги элчиси тайинланди

Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Бунгача у мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили эди.

Бахтиёр Ибрагимов 57 ёшда. Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозир –Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаган.

У 1992 йилдан бери ТИВ тизимида ишлаб келмоқда. Вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШ ва Жанубий Кореядаги элчихоналарида турли лавозимларда фаолият кўрсатган.

Ўзбекистонда 5 та археология ёдгорлиги музейлаштирилади

Маданий мерос агентлиги Фанлар академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда археология соҳасидаги эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, археология ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, консервациялаш ва уларда очиқ осмон остида музей ташкил этиш ҳамда уни туризм объектига айлантириш чораларини кўриш белгилаб берилган.

261-сонли қарордан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳар “Чилонзор оқтепа”, Сурхандарё вилояти “Далварзинтепа”, Андижон вилояти “Мингтепа”, Самарқанд вилояти “Шерозқалъа”, Қорақалпоғистон Республикаси “Қўйқирилган қалъа” археология объектларида минтақавий реставрация марказлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Қарорда белгиланган барча ёдгорлик мажмуаларида ҳам белгилан лойиҳа-смета асосидаги ишлар амалга оширилди.

Геология соҳасидаги ишларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни геология ишларини кенгайтириш, фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш ва ўзлаштириш режаларига бағишланган тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш бўйича қўйилган катта марраларга эришишда иқтисодиётни минерал ресурслар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда юртимизда геология соҳасини трансформация қилиш доирасида унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, илмий изланишлар ва кадрлар тайёрлаш кучайтирилди.

Тақдимотда соҳада қилинган ишлар, фойдали қазилмаларни аниқлаш ва ўзлаштиришга хорижий ҳамкор ва инвесторларни жалб қилиш режалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда геология-қидирув ишлари олдинги даврга нисбатан 3 баробар ошди. 3D сейсморазведка, аэрогеофизика, космогеология, рақамли геология каби илғор усулларни жорий этиш бошланди. Геология фанлари университети ташкил этилиб, ҳозирги кунда 1,5 минг нафар ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни эгалламоқда.

Шунингдек, геология ишлари соҳасидаги лойиҳаларга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва бошқа зарур шароитлар яратилди.

Бунинг ҳисобига конларни излаш ва ўзлаштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони 4 баробарга ошди. Жорий йилнинг ўзида геология ишларига 180 миллион доллар хорижий инвестициялар киритилди, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 2 миллиард доллардан ошди.

Давлатимиз раҳбари ҳисоботни тинглаб, келгуси йилда геология-қидирув соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига ошмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 1 октябрь ҳолатига республикамизнинг доимий аҳолиси 36 599 764 кишини ташкил этган.

Республикамизнинг доимий аҳолиси сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,2 % га ошган.

Мамлакатимиз аҳолиси 2023 йил бошидан буён 574,8 минг кишига кўпайган.

Ўзбекистон аҳолиси 2023 йилнинг ҳар бир ойида ўртача 63,9 минг кишига ошган.

2023 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 2,1 минг кишига кўпаймоқда.

Хитой учувчисиз учар таксиларга йўловчилар ташишга рухсат берган биринчи давлат бўлди

Сертификат 2017 йилдан буён синовларни ўтказиб келаётган ва 40 мингга яқин муваффақиятли парвозларни амалга оширган “EHang“ компаниясига берилди.

Уларнинг “коптери” (учувчисиз такси-дрон) икки йўловчига мўлжалланган бўлиб, 130 км/соат тезликка эриша олади ва бир зарядда 30 км масофани учиб ўта олади.

“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури амалда

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан бутун мамлакатимиз бўйлаб энг чекка ва олис ҳудудларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу топшириққа асосан Республика ишчи гуруҳи шакллантирилиб, унинг таркибига Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, тижорат банклари ҳамда вилоят ҳокимликлари, ташкилот ва идора масъуллари киритилди. 

Ўтган бир ярим ой мобайнида Республика ишчи гуруҳи  бошчилигида танланган 70 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларда уйма-уй хатловлар ўтказилиб, натижалари асосида ҳар бир ҳудуд кесимида муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва ишлар бошлаб юборилди.

Жумладан, шароити ўта оғир бўлган 2 мингдан зиёд оилаларнинг турар жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилди, 459 тасида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 554 та ички кўчага 78 км узунликда асфальт, 293 км йўл шағал, 16 км йўлга бетон ётқизилиб, 18 946 м2 пиёдалар йўлаги барпо этилди.

Электр таъминотида 125 км узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 895 дона ёритиш мосламалари ўрнатилди, 46 та янги трансформатор ўрнатилиб, 163 таси таъмирланди, 4 288 та симёғоч устунлар бетон устунларга алмаштирилди, 1 363 та янги қўшимча темир-бетон устунлар ўрнатилди.

Газ таъминоти бўйича 112 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 4 км узунликдаги янги табиий газ тармоғи тортилди, 128 км газ тармоғи таъмирланди,

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 133 км узунликдаги янги сув тармоғи тортилди, 9 км таъмирланди, 6 та янги ичимлик суви иншооти ўрнатилди ва 16 таси таъмирланди.

Кўп қаватли уйлар ҳолатини яхшилаш учун 20 та кўп қаватли уйнинг 243 м2 том қисми, 24 тасининг кириш йўлаклари таъмирланди.

Аҳоли талабига кўра 2 мингга яқин хонадонга қўшимча 1,5 минг тонна кўмир ва 12 мингга яқин суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.

Шароити оғир бўлган аҳоли қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам Республика ишчи алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, 70 та маҳалладаги 4 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди, 716 нафар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга 2 млрд. сўмга яқин турли ёрдамлар кўрсатилди,  54 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 60 нафарига протез-ортопедия воситалари, 5,2 минг нафарига бепул дори-дармон воситалари, 137 нафарига тикув машинаси ва 102 нафар фуқарога асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари олиб берилди.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида 100 мингга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, натижасига кўра уларнинг 703 нафарига даволаниш учун ордер, 40 нафарга сиҳатгоҳ, санатория ва профилакторияларга йўлланма берилди, 31 нафар якка ёлғиз кексаларга ҳамда 190 нафар ногиронларга турли ёрдамлар кўрсатилди.

Шу билан бирга аҳоли орасида кичик тадбиркорликни ривожлантириш учун 581 нафар фуқарога 10 млрд. 645 млн. сўмлик имтиёзли кредит, 245 нафарига 1млрд 590 млн сўмлик субсидия олишига кўмаклашилди.

Маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш мақсадида 4 мингдан зиёд тадбирлар ташкил этилди. Фарзанд тарбияси, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, касаначиликни ривожлантириш, китобхонлик тарғиб қилиш, спорт тадбирлари “Уч авлод учрашувлари”га бағишланган тадбирлар шулар жумласидан. Тадбирлар натижасида  174 та оиладаги нотинч ва низоли ҳолатлар бартараф этилди.

“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Юртимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари сони 4095 тага етди — ССВ

Мамлакатимизда тиббиётнинг бирламчи бўғинини мутлақо янгича ёндашувлар асосида трансформация қилишга киришилган.Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокор пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бирламчи бўғин муассасалари умумий сони 3586 тадан 4095 тага етказилди.

Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” тамойили асосида фаолият кўрсатувчи 17 400 та тиббий бригада ташкил этилди.

Универсал-прогрессив патронаж модели жорий қилиниб, 500 минг нафардан зиёд ҳомиладор, 3,9 млн. нафар 5 ёшгача болалар, 146 минг нафар уйда ётиб қолган, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор шахслар ушбу тиббий хизмат тури билан қамраб олинди.

Шу кунгача юртимиз бўйлаб 32 млн. нафар аҳоли “Электрон поликлиника” платформасига бириктирилди ва электрон тиббий картани юритиш тизими жорий этилди.

Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилди ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун қўшимча устама ҳақ тўлаш йўлга қўйилди.

Натижада 134 минг нафар беморга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг кундузги шифохоналарида уйидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди.

Тошкентдан Мадинага учиб, қайтиб келган самолёт эртага тонгда учади

Бироз аввал, «Panorama Airways” авиакомпаниясининг Тошкент – Мадина йўналиши бўйича УЗП-361 рейсини амалга ошираётган самолёт парвоздан икки соат ўтиб Тошкент аэропортига қайтиб келгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот бўлишича, «Panorama Airways» авиакомпаниясининг Тошкент – Мадина йўналиши бўйича УЗП-361 рейси эртанги кун, 28 октябрга кўчирилди. 

 Тошкентдан жўнаб кетиш вақти эрталаб соат 07:00 да.

Ўзбекистоннинг Урганч Давлат Университетида озарбайжон адиби Юсиф Вазир Чаманзаминли номидаги Озарбайжон маданияти ва адабиёти Маркази очилди

Жорий йилнинг 23-26 октябр кунлари Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси ва ташкилотчилигида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Хоразм вилоятларида ўтказилган “Озарбайжон маданияти ва ше’рияти ҳафталиги” доирасида Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги Урганч Давлат Университетида Озарбайжоннинг таниқли адабиёт ва жамоат арбоби Юсиф Вазир Чаманзаминли номидаги Озарбайжон маданияти ва адабиёти маркази очилди.

Меҳмонлар дастлаб Урганч Давлат Университети билан танишди. Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги энг қадимий олий та’лим муассасаларидан бири бўлган Урганч Давлат Университети 1925-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда университетнинг 9 факултетида 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси билан Урганч Давлат Университети қошида ташкил этилган Юсиф Вазир Чаманзаминли номидаги Озарбайжон Маданияти ва Адабиёти Марказининг расмий очилиш лентаси кесилганидан сўнг ташкил этилган Марказ билан таништирилди.
Урганч Давлат Университети қошида ташкил этилган Юсиф Вазир Чаманзаминли номидаги Озарбайжон Маданияти ва Адабиёти Маркази Озарбайжон тарихи, маданияти, адабиётига оид китоблар, нашрлар, дисклар, дарсликлар, миллий сувенирлар, бурчаклар, давлат раҳбарларининг учрашувлари портретлари, хариталар, Озарбайжон адабиёт ва сан’ат намояндаларининг портретлари, давлат атрибутлари жойлаштирилган, шунингдек, зарур жиҳозлар, китоб жавонлари ва офис мебеллари билан жиҳозланган.

Мазкур марказга Умуммиллий Етакчи Ҳайдар Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг бой китоблар тўплами, жумладан, Озарбайжон маданият маркази нашрлари, Озарбайжон адабиёти, тарихи ва маданиятига оид босма коллексиясилар тақдим этилди.

Янги ташкил этилган Марказда Озарбайжон тарихи, маданияти, адабиёти ҳақида сўзловчи мини кутубхона, икки давлат ўртасидаги дўстликка пир тадбирлар, маʼруза ва семинарлар ўтказиш режалаштирилган.
Дастлаб сўзга чиққан Урганч Давлат Университети ректори, профессор Баҳром Абдуллаев Озарбайжон билан алоқалар ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдириб, бундай марказ ташкил этилганини университет учун муҳим воқеа сифатида баҳолади.

Ректор мазкур марказ ўзбекистонлик ёшларнинг Озарбайжон маданияти, тарихи ва адабиётини ўрганишида, икки давлат ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббасов Озарбайжон-Ўзбекистон маданий алоқалари ҳақида гапириб, Озарбайжон Маданият Маркази томонидан бу соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ма’лумот берди. Самир Аббасов Озарбайжон Маданият Маркази томонидан Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари ва кутубхоналарида ўнга яқин шундай марказлар ташкил этилганини таъкидлади.

Дипломат бу каби Марказларнинг ўзбек ёшларига Озарбайжон маданияти ва тарихини ўрганиш имкониятини бериш билан бирга, Озарбайжон Маданият Маркази ташкилоти билан келажакда улар учун озарбайжон тили курслари онлайн тарзда ташкил этилишини таъкидлади.

У Озарбайжоннинг таниқли адиби Юсиф Вазир Чаманзаминли ҳақида ма’лумот бериб, ўзи устозлик қилган мазкур университетда адиб номидаги бундай марказнинг очилишини маданиятимиз, адабиётимиз муҳим воқеа сифатида қайд этди.

Сўнгра сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Саидов, ўзбек ёзувчиси, таржимон, публицист Бобохон Шариф бундай марказларнинг ташкил этилиши икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш баробарида та’лим соҳасидаги алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилишини та’кидлаб, Озарбайжон давлатига миннатдорлик билдирдилар.
Та’кидлаш жоизки, атоқли ёзувчи ва жамоат арбоби Юсиф Вазир Чаманзаминли 1938—40-йилларда Урганч Давлат Университети (ўша пайтдаги Урганч Педагогика Институти)да ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Якунда Урганч Давлат Университети ректори, профессор Баҳром Абдуллаевга Озарбайжоннинг бой маданияти, Озарбайжон халқи исте’додини намоён этувчи гиламдўзлик сан’атига бағишланган нафис Ереван гиламлари китоби совға қилинди.

Самарқанд «Жаҳон маданий туризм пойтахти» деб эълон қилинди

Жорий йилнинг 16 октябрь куни БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида Самарқанд шаҳрига «Жаҳон маданий туризм пойтахти» мақомини бериш тўғрисида декларация қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов иштирокида муҳим ҳужжат имзоланди.

UNWTOнинг юбилей сессияси очилиш маросимида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев Самарқандга «Жаҳон маданияти пойтахти» мақомини бериш ташаббусини билдирди ва тадбирда қатнашаётган хорижий делегатларни декларация имзоланишини қўллаб-қувватлашга чақирди:

– Ташкилот юбилей йиғилишининг Буюк Ипак йўли гавҳари, Янги Ўзбекистоннинг йирик сайёҳлик маркази бўлмиш қадимий Самарқандда ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга. Шарқ Уйғониш даврининг икки буюк даври ривожига улкан ҳисса қўшган Самарқанд бугун дунёнинг замонавий сайёҳлик марказларидан бирига айланиб бормоқда.

Самарқандни «Жаҳон маданий туризм пойтахти» деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилиш ҳақидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деган умиддаман. Бу юксак мақом кўп асрлар давомида ўзининг бетакрорлиги ва бебаҳо меросини асраб-авайлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан кенг танилган Самарқанднинг жаҳон миқёсидаги шуҳратини эътироф этади”.

Таъкидлаш жоизки, Самарқандга фахрий мақомнинг берилиши халқаро ҳамжамият томонидан тарихий шаҳарнинг муҳим маданий туризм маркази сифатида эътироф этилишини англатади. Маълумот учун, шаҳарда туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида 1 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар ажратилган. Кенг кўламли тадбирлар ўтказиладиган жой – «Силк Роад Самарканд» халқаро туризм маркази ушбу инвестицияларнинг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,260участниковПодписаться
×