Нигериянинг Борно штатида 28 ноябрда “Боко ҳаром” террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан камида 110 фермер ўлдириб кетилди. Бу ҳақда БМТга таяниб France-Presse ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, қуролланган кишилар кундузи гуруч даласига мотоциклларда келиб, у ерда ишлаётган одамларни ўққа тутган. Ҳужум оқибатида камида 110 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда БМТнинг Нигериядаги инсонпарварлик ёрдами координатори Эдвард Каллон маълум қилди. Унинг таъкидлашича, кўплаб яраланганлар бор.
Аввалроқ штат губернатори Бабаганан Умара Зулум ҳужум оқибатида 70 киши ўлдирилганини маълум қилган. У 29 ноябрда фермерлар ўлдирилган гуруч далалари ёнида жойлашган Забармари қишлоғига ташриф буюрган.
Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий фермерларнинг оммавий ўлдирилишини қоралаган.
“Бутун мамлакат бу бемаъни қотилликлардан азият чекмоқда”, деб айтилган Бухорий баёнотида.
Манба: kun.uz