Эронда уч ой аввал 1998 йилда Африкадаги АҚШ элчихоналарининг бирига уюштирилган ҳужумга алоқадор «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири ўлдирилган. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берган.
Нашрнинг ёзишича, 7 августда Теҳрон кўчаларидан бирида мотоциклдаги икки шахс дипломатик миссия биносидаги терактга алоқадор Абу Муҳаммад ал-Масри тахаллуси билан танилган Абдулла Аҳмад Абдуллани отиб кетган. Улар террорчининг қизи Марямни ҳам ўлдирган. Аёл «Ал-Қоида» асосчиси Усама бен Ладеннинг ўғли Ҳамза бен Ладеннинг рафиқаси эди. Ҳамза бен Ладен гуруҳнинг террорчилик ташкилотлари билан муносабатларига масъул бўлган, Дональд Трамп уни йўқ қилиш ҳақида буйруқ берган ва террорчининг ўлдирилгани ҳақида 2019 йил сентябрь ойида эълон қилганди.
Ҳамза бен Ладен
Фото: New York Times
Газетада берилган хабарга кўра, номаълум кишилар овоз ўчиргичли пистолетдан беш марта ўқ узган. Тўртта ўқ ал-Масрининг машинасига, яна биттаси эса бошқа бир автомобилга тегган.
NYT суҳбатдошининг қайд этишича, операция АҚШ кўрсатмаси асосида Исроил махсус хизмати ходимлари томонидан амалга оширилган. Шунингдек, Вашингтоннинг бир неча йил давомида ал-Масри ва «Ал-Қоида»нинг Эрондаги бошқа жангариларини кузатгани ҳам баён қилинган.
Ал-Масрининг йўқ қилингани ҳақидаги расмий ахборот ҳанузгача тасдиқланмаган. «Ал-Қоида» етакчиларидан бирининг ўлими ҳақида эълон қилмаган, Эрон расмийлари ҳам бу ҳақда хабар бермаган ва ҳеч бир мамлакат амалга оширилган операция юзасидан масъулиятни ўз зиммасига олмаган, деб ёзмоқда газета.
NYT «Ал-Қоида» етакчисининг ўлимидан кейин Эрон ОАВда Теҳронда ливанлик тарих профессори Ҳабиб Дауд ва унинг 27 ёшли қизи ўлдирилгани ҳақида хабарлар берилган. Ливаннинг МТV янгиликлар канали ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари Дауднинг «Ҳизбуллоҳ» шиалар партияси (АҚШ ушбу гуруҳни Эрон ва Яқин Шарқ манфаатларига хизмат қилувчи террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди) аъзоси бўлганини таъкидлаган.
Ливандаги манбалар Ҳабиб Дауднинг ҳаётда бор шахс эканлигини тасдиқлай олмаган. Разведка вакилларидан бири Дауднинг ал-Масрига берилган тахаллус эканини билдирган.
NYT АҚШдаги разведка вакилларига таяниб ал-Масрининг 2003 йилдан бери Эронда яшаганини аниқлаган. У 2015 йилдан буён Теҳрондаги Пасдарон туманида яшаган бўлиши мумкин.
Вашингтон маълумотларига кўра ал-Масри 1998 йилда Кения ва Танзаниядаги терактларнинг ташкиллаштирилишида иштирок этган, мазкур ҳодисалар оқибатида 244 нафар одам (жумладан, 12 нафар америкалик) ҳалок бўлган, юзлаб кишилар (4 мингдан зиёд) турли даражадаги тан жароҳатлари олганди. ФҚБ жангари ҳақида ахборот берганларга 10 миллион доллар миқдорида муокофот беришни таклифни этган. У ҳали ҳам қидирувдаги дунёнинг энг хавфли террорчилари рўйхатида турибди.
Фото: New York Times
Эрон расмийлари NYT’нинг сўровларига жавоб бермаган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг котибияти ва АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши ҳам бу борада изоҳ беришни истамаган.
Октябрь ойида «Ал-Қоида»нинг яна бир етакчиси Абу Мухсин ал-Масри йўқ қилинганди. АҚШ федерал қидирув бюроси террорчининг қидирувга берилган дунёнинг энг хавфли жангарилари рўйхатига киритган.
2020 йил февралида АҚШ Яманда «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг Арабистон яриморолидаги етакчиси Қосим ар-Римий ўлдирилганини маълум қилган.
Манба: daryo.uz