Бир пайтлар «Юксак маънавият – енгилмас куч» деб, кўп айтиларди. Биринчи президентимизнинг шундай номли китобидан иқтибослар келтирилиб, маърузалар ўқилар, матбуотда кўп чиқишлар қилинар, тадбирлар ўтказилар эди. Хозир ушбу ибора деярли айтилмаяпти, унутилди. Нима учун? Юксак маъанавият ғалаба қозониб, уни такрорлайвериш ўз долзарблигини йўқотганмикин?
Асло йўқ. Балки, бунинг акси бўлиб, маънавият енгилди десак, айни ҳақиқатга ўхшайди. Буни ижтимоий тармоқларда Маданият ва туризм вазирлиги ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйган Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг иш вақти ва дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш ҳамда маданий савиясини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган кескин танқидийфикрлар ҳам тасдиқлаб турибди (https://www.facebook.com/kunuznews/posts/pfbid0B1AcDu569dAs7qmSucrmFoJwAgW8qfdrD7xm1ngmF4MUmeseKKXn6smgJ586R1EQl; https://uznews.uz/posts/64752; https://podrobno.uz/cat/obchestvo/vlasti-reshili-okulturit-rabochikh-im-budut-vklyuchat-makomy-v-nachale-i-v-kontse-rabochego-dnya-/).
Лойиҳа шу даражада кўп ва қаттиқ, хатто ҳақоратли сўзлар билан танқид қилиндики, у одатдаги камида 14 кун ўрнига 5 кунгина муҳокама қилинди ва 12 тагина таклифлар билдирилгани ҳолда (асосан танқидий фикрлар – манба:https://regulation.gov.uz/oz/d/79388) муҳокамси якунланган лойиҳалар қаторига киритилди.
Лойиҳада корхоналарга иш куни бошланиши ва тугаши пайтида миллий куй ва қўшиқлар, шу жумладан, мақомнинг эшитилиб туриши амалиётини йўлга қўйиш, ходимларнинг кайфиятига ижобий таъсир қиладиган мусиқий альбом тайёрланиб корхоналарга тақдим этилишини тавсия қилиш; номоддий маданий мероснинг ноёб элементлари намуналаридан иборат маданий тадбирлар дастурларини тайёрлашва намойиш этилишини таъминлаш назарда тутилган эди.
Савол туғилади: бу тавсиялар ва чораларнинг нимаси ёмон? Иш жараёнида эмас, балки иш бошланиши ва охирида мусиқий фон сифатида,маданий тадбирларда асл санъат асарлари оҳанглари инсонларнинг қалбини яйратиши, руҳий хордиқ чиқариши, маънавий озиқа олиши назарда тутилганку!
Афсуслар бўлсинки, воқелик шундан иборатбўлиб қолдики, шоу-бизнесменларнинг сохта маҳсулотлари маънавий хаётимизда асл санъат мусиқий асарлари ўрнини тобора кўпроқ эгаллаб бормоқда… Уларнинг беъмани, савиясиз, бачкана, енгил-елпи мусиқасимон шовқин шаклидаги “ижод” маҳсулотлари теле- радиоканаллар, интернет, ижтимоий тармоқлар, концертлар, оммавий тадбирларлар, тўю-томошалар, кўча-кўйда, кафе-ресторанларда, барча жамоат жойларида тақдим этилиб, тарғиб, реклама қилиниб, инсонларнинг мусиқий дидинитубанлаштирмоқда, улар онгини захарламоқда,маънавиятини емирмоқда.
Маданият ва туризм вазирлиги бундай ачинарли аҳволни юқоридаги қарор билан, у қабул қилинган тақдирда, бироз тузатишни назарда тутган бўлса ажабмас. Аммо, фикримизча, ушбу вазирлик мутасаддилари муаммонинг асл сабаб-оқибатларини ҳалигача тушуниб етганлари йўқ ва шу сабабли ушбу қарор лойиҳасини ҳам анча “хом” ишлаб чиқишган. Лойиҳада вазирликнинг ва нафақат унинг, балки барча маданий-маърифий, ижтимоий ҳаётимизни тартибга солувчи, ташкил қилишга мутасадди бўлган идоралару муассасаларнинг лоқайд (пассив) фаолияти натижасида шаклланган жамоатчилигимизнинг деформациялашган, айниб қолган мусиқий диди,дунёқараши ҳисобга олинмаган.
Афсуски, жамоатчилигимизда мусиқий санъат соҳасига оддий бизнес, тадбиркорлик шаклларидан бири сифатида “бозор романтизми”га асосланган қараш устувор бўлиб қолмоқда. Хусусан, нега давлатга қарашли “Наво” реклама телеканали орқали кечаю кундуз бемаъни, одоб-ахлоқ қоидалари, миллий ва умуминсоний қадриятларга зид мусиқий асарлар тижорий асосда эфирга берилмоқда? Нега “Атрофингда шаҳзодалар кўп. Кел, ўшалар олдида мен ғарибни битта ўп” деб куйланадиган шоу-бизнес маҳсулоти ҳалигача “хит” асар бўлиб қолмоқда? Нега шоу-бизнесменларнинг ва улар жамоаларининг “Жаноб Расул”, “Беном”, “Каниза” деб таҳаллус олиши ва номланишига бефарқ бўлиб қолмоқдамиз? Буларнининг бари шоу-бизнесменларнинг маънавий қашшоқлигидан далолат эмасми?!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни юртимиз зиёлилари билан ўтган учрашувда «Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз», деб алоҳида таъкидлаган эдилар. Назаримда, давлатимиз раҳбарининг ушбу кўрсатмалари маданий-маърифий, санъат соҳалари ривожига масъул идоралару ижодкор зиёлиларимиз, оммавий ахборот воситалари вакилларию депутатларимиз томонидан ҳалигача англаб етилгани йўқ.
Хулоса шундан иборатки, давлатимиз раҳбарининг ушбу кўрсатмаларидан келиб чиқиб,маданий-маърифий, санъат соҳалари ривожига масъул идоралару ижодкор зиёлиларимиз, оммавий ахборот воситалари вакилларию депутатларимизолдида мусиқа санъати соҳасида фаолият юритиш қоидаларини белгилаш ва халқимизга маънавий озуқа — асл мусиқий санъат асарларини тақдим этиш бўйича фаол иш олиб бориш, аниқ, пухта ўйланган чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш вазифаси турибди. Муаллифнингбу борадаги таклифлари бирнеча йил олдин “Hurriyat” газетасид эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларида баён этилган эди.
Фарҳод Қурбонбоев,
иқтисод фанлари номзоди.