13.7 C
Узбекистан
Четверг, 28 ноября, 2024

Жиззахлик машҳур драматург ва дипломат

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,070участниковПодписаться
- Advertisement -

Сарвар Азимовни 100 йиллиги

Яқиндагина атоқли давлат арбоби, 1971-1984 йилларда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши раиси бўлиб ишлаган Нормаҳонмади Жўраевич Худойбердиевнинг 95 йиллиги муносабати билан Фориш тумани марказида ўтказилган тадбирда иштирок этиб, йўл-йўлакай улкан кўтарма кранлардай баҳайбат темир симёғочларда икки, уч, ҳатто тўрт қаватли инларида бир оёқда хотиржам турган оппоқ лайлакларга кўзим тушиб, очиғи кўнглим яйради.

Лайлаклар тинчлик, фаравонлик тимсоли. Кейинги йилларда Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сирдарё туманларида лайлаклар ва туяларнинг кўпайгани ҳам эътиборимни тортди. Ўзим Жиззах вилоятида туғилиб ўсганим учунми ёки қизиқишим туфайлими, кичик Ватанимнинг азиз тупроғида туғилиб ўсган алломалар, шоиру адиблар, давлат ва санъат арбоблари, меҳнат илғорлари ҳақида материал тўплаб, баъзиларини баҳоли қудрат эълон қилиб тураман.

Масалан, Жиззахлик Имом Уструшанийнинг 1240 йилда эълон қилган, XIX асргача бу соҳада дунёда ягона асар бўлган “Болалар ҳуқуқи” китоби. Бу нурли замин бағрида ўсиб улғайиб ва халқимизга бебаҳо шеърларини туҳфа қилган Ҳамид Олимжондек бебаҳо шоиридан бир умр рози бўлиб, фахрланса арзийди. Тупроғимизда шўролар хўжайинлик қилган даврларда чорак аср мобайнида Ўзбекистонни бошқариб, уни равнақига жуда катта ҳисса қўшган, халқимиз қалби тўридан жой олган яна бир улкан шоир ва давлат арбоби Шароф Рашидов, юқорида тилга олганимиз Нормаҳонмади Худойбердиев. Бу сиймолар ҳақида ёзганларим ижодимнинг ўзагини ташкил этади.  Эндии навбат, ёзувчи Сарвар Азимовга.

Мен энди “Қонли сароб”, “Оппоқ тонг қўшиғи”, “Юлдузлар жамоли”, “Замон” драмаси сингари китоблари ва адабий-танқидий асарлари, сценарийлари билан тилга Сарвар Азимовнинг улкан давлат арбоби, синчков ва ўткир кўзли раҳбар сифатида оташин драматург Шароф Бошбековнинг қисматида улкан роль ўйнаганини ҳикоя қилиб бермоқчиман. 1983 йилнинг ёзи. Шамоллаган ўғлимни денгиз қирғоғида сайр қилдириш учун Анапа курортига борган кунларнинг бирида “Правда” газетасида Нинель Иванованинг мамлакатдаги театр фаолиятига бағишлаган мақоласида: «Кўплаб театрларда томошабинлар ўрни деярли бўш қолаётган бир даврда, ҳеч кимга номаълум Шароф Бошбековнинг Ўзбекистон Маданият вазирлигидан икки қадам наридаги “Илҳом” ва бошқа иттифокдош республикалар театрларида қўйилаётган пьесаларига чипталар олдиндан сотилиб бўлинган, улар томошабин ташрифи бўйича энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бироқ Маданият вазирлиги кўпчиликни қизиқтирмайдиган спектаклларни тиқиштириб келмоқда”, деган хулосага кўзим тушди.

Ўша газетани армияда бирга хизмат қилган дўстим Шарофжонга элтиб бердим. Қадрдоним роса суюнди. Шу ўринда айтишим мумкинки, Ш.Бошбековнинг пьесаларини ўз саҳналарида қўйган болтиқбўйиликларнинг юборган гонорарини эгасига етказиш учун уй манзилини аниқлашда ёрдам сўраб Маданият вазирлигига ёзган хатларига: “Бизда Шароф Бошбеков, йўқ”, деган жавоб юборилганига шоҳид бўлганман. Тавба, тирик, ижоди гуллаётган Шароф Бошбеков қанақасига йўқ бўлади. Бундай дейишга кайси юраги ботирлар ботинди, худо билади.

Куз кунларининг бирида Жуманиёз Жабборов ва Барот Бойқобулов каби шоирлар, шунингдек, таниқли адабиётшунос олим Пирмат Шермуҳамедов билан қатор бўлиб пахта тераётиб Шароф Бошбеков тўғрисида билганларимни айтиб бердим.

– Ёзганларини ўқиганимизда, маслаҳат қилардик, деди Пирмат ака.

Икки — уч кундан сўнг Шарофдан олган папкаларни Пирмат акага топширдим. Кўп ўтмасдан Пирмат ака қўнғироқ қилиб тажанг овозда сўради:

– Шунча ишлардан хабардор экансиз, илгарироқ айтсангиз бўлмасмиди, азизим. Энди бирга Сарвар Азимовнинг олдига бориб келамиз.

Сарвар Азимовнинг китобларини ўқиган, пьесаларини томоша қилгандим. Аммо салом-аликдан нарига ўтмаганим учун яхши билмас эканман. Мана у киши билан икки қўллаб кўришаяпман. Чиройли юзларидан нур томиб турган, авлиёнамо, кўпни кўрган, салобатли Сарвар Олимжонович истарали одам экан. Савлати, салоҳияти, зукколиги, босиқлиги, донишмандлиги ва самимийлигига маҳлиё бўлиб, уни Бобур Мирзога менгзадим. Улуғ шоир Ҳамид Олимжон ҳамда атоқли адиб Сарвар Азимовни дунёга келтирган буюк онага хаёлан таъзим қилдим. Олдин диққат билан берган материалларимизнии ўқий бошлади. Ёзувчилар Союзи правлениеси раисининг кабинетида салкам бир соат қолиб кетдик.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Шароф қўнғироқ қилди. Оғзи қулоғида.

– Муқимий театри бош режиссёри Марат Азимовнинг энг кўҳна телефонидан гапираётган кечаги номаълум одам – бугун эса Ёзувчилар Союзининг аъзоси Шароф Бошбеков бўламан!..

Шу-шу Шароф Бошбеков ҳақида хушхабар устига хушхабар келаверди:

– Дархондан уч хонали квартира ажратилсин.

– “Пицунда” санаторийсига уч ойга ижодий командировкага юбо- рилсин.

– Асарлари театрларда қўйилсин.

– Ишга қабул қилинсин, гонорар тўлансин…

Тўғриси, Бошбековга кўрсатилган ҳурмат, мурувват, берилган имтиёзлар, сийловларнинг сони ва саноғи эсимда қолмаган. Бироқ Сарвар Азимовдек улуғ одамларнинг қилган савобли амаллари дунёни кўтариб турганига яна бир карра инондим. Қаҳрамонимизнинг ижоди юксак баҳолангани, Пирмат Шермуҳамедов ва камина эса — яхши драматург кашф этилганидан қувондик.

Драматург Шароф Бошбековнинг тақдирида омадли бурилиш ясаган инсон, атоқли ўзбек ёзувчиси, йирик давлат ва жамоат арбоби, ўз даврида Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири, Министрлар Совети раиси ўринбосари, СССРнинг Ливандаги ва Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб фаолият олиб борган тажрибали дипломат, филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Сарвар Олимжонович Азимов ўз асарлари билан ўзбек драматургияси ва театри тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.

Шароф Рашидовнинг вафотидан сўнг союзнинг баъзи адиблари кўрнамаклик қилиб уюштирган ва узоқ вақт давом этган туҳматлар зарби Сарвар Азимовни ҳам четлаб ўтмади. Лойни ювиб ташласа бўлар, бироқ, дилдаги доғ умрбод қолади… Тарафкашлар уни ҳатто ёзувчилик ва адабиётшуносликдан йироқ одам деб айблаб Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлигидан четлаштиришга эришди. Бундай азоблардан бетоб бўлиб қолган драматург, 1994 йилда 71 ёшида вафот этди. Бироқ, Сарвар Азимовнинг шу пайтгача ҳеч кимнинг қўлидан келмаган яхшиликлари туфайли ёзувчиларнинг моддий аҳволи тубдан яхшиланди, улар замонавий уй-жой ва шахсий автомашиналар, мебеллар, санаторийларда дам олиш ва ижод қилиш учун йўлланмалар билан таъминланди. Улар ҳануз Сарвар Азимовни яхши ном билан эслайдилар. Ишончим комилки, Сарвар Азимов ўз ҳаёти даврида ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган, ўзига юкланган вазифаларнинг барчасида одамларга яхшилик қилиб ном чиқарган.

Аммо биз бандалар савобнинг ичидан ҳам қийиқ қидиришимиз туфайли, устоз Сарвар Азимовнинг номи ва асарлари салкам қирқ йил ўз халқидан ажратилди.

Яқинда ул зотнинг юз йиллиги нишонланишини эшитиб ростакамига қувондим. Ўзининг истеъдодли фарзандларини бошга кўтарган халқ икки дунёда кам бўлмайди.

Мухиддин ПОЛВОН,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Яхши қўшничилик

Яхши қўшни қариндошдан ҳам яқин, нақли бежиз айтилмаган. Жанубдаги қўшнимиз Ўзбекистон жорий йили Қозоғистонга 4,7 млрд куб сув берди....

Больше похожих статей

×