Ўтган йили Халқ қабулхоналари раҳбарлари этиб бевосита ҳокимларнинг ўзи тайинланган эди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида раҳбарлар фуқаролар қабули билан шахсан шуғулланган жойларда мурожаатлар сони 25–30 фоизга камайган, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60–70 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Бироқ бошқа ҳудудларда ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали сезиларли ўзгаришларга эриша олмаган. Масалан, Тошкент шаҳрида 170 мингта, Тошкент вилоятида 110 мингта мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи ечимсиз қолган. Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Мисоллардан бири: январь ойида бир фуқаро Сергелидаги мактаб ўқувчиси “Жунарик” каналига йиқилиб тушганини хабар қилиб, бузилган кўприкни тиклашни сўраган. Икки ой давомида ҳеч бир масъул бу масалага эътибор қаратмаган, мурожаатга эса расмий жавоб берилган холос. Фақатгина маълумот ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин маблағ ажратилиб, кўприк таъмирланган.
Бундай ҳолатлар мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлар аҳолининг давлатга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатди.
Қайд этилишича, Халқ қабулхоналарига тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми қуйидаги идораларга тўғри келади:
- Ички ишлар вазирлиги — 148 мингта
- Мажбурий ижро бюроси — 134 мингта
- Энергетика вазирлиги — 88 мингта
- Меҳнат вазирлиги — 60 мингта
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 56 мингта.

